Бу ҳақда Туркиядаги "Mazlumder" ташкилотининг Итанбулдаги вакили Гулдан Сўнмаз Озодликка маълум қилди.
Ўзбекистонда диний мотивлар асосида айбланган асли қўқонлик Ғозиевлар оиласи Истанбулдаги халқаро аэропортда ҳибсга олинган эди.
21 июл куни кечки пайт Қирғизистондан Туркияга учиб борган оила аэропортда қўлга олинди ва Ўзбекистонга депортация қилиниши мумкуин деган ҳавотир ўртага чиққан эди.
Воқеани Озодлик мухбиридан эшитган Туркиядаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Гулдан Сўнмаз ҳибсда қолаëтган Ғозиевлар оиласи билан боғланди.
Гулдан Сўнмазга кўра, айни пайтда "Mazlumder" ташкилоти адвокатлари Ғозиевлар оиласини ҳимояга олган. БМТ қочқинлар идораси ва Туркия миграция хизматига керакли ҳужжатларни "Mazlumder" адвокатлари расмийлаштирмоқда, деди Гулдан Сўнмаз Озодлик билан суҳбатда.
"Mazlumder" ташкилоти ЎИҲ фаоли мархум Зайниддин Асқаровни Ўзбекистонга бериб юборгани учун Туркия ҳукуматини судга бериб ютиб чиққан эди.
Туркия ҳукумати Асқаров оиласига товон тўлаш мажбуриятида қолган эди.
Айни суд ҳукми боис Ғозиевлар оиласи ҳам Ўзбекистонга қайтарилмайди, дейди Сўнмаз ҳоним.
Асли қўқонлик ва диний мотивларда айбланиб қидирувга берилгани айтилган Шавкат Ғозиев, рафиқаси ва уч фарзанди билан айни пайтда Истамбулдаги Ота Турк аэропортида ушлаб турилибди.
Шавкат Ғозиевнинг тўнғич қизи Дурдона Ғозиевага кўра, ҳибсга олиш чоғида туркиялик полициячилар бу оилага нисбатан қўполлик қилган ва куч қўллагани айтилади.
Дурдона Ғозиева, дастлаб, Туркия полицияси отаси Шавкат Ғозиевни муқаддам бу давлатга келганлик ва депортация бўлганликда гумон қилиб, ҳибсга олганини айтди.
Кейинчалик эса бу оила қидирувга берилгани айтилиб, яқин фурсат ичида уларни аввал Қирғизистон, у ердан эса Ўзбекистонга юборишга ҳозирлик кўрилаётгани маълум қилинган.
Шу ўринда қўшимча қилиш мумкин, Озодлик таҳририятига Истамбулдаги аэропортда сақланаётган Шавкат Ғозиев номидан битилган мактуб ҳам келиб тушди.
Ушбу мактубда айтилишича, Шавкат Ғозиев илк бор 1996 йилда Ўзбекистонни тарк этган акаси – Қўқон Жомеъ масжидида мударрислик қилган Акмал Ғозиев ваҳҳобийлик оқимига алоқадорликда айбланиб, қидирувга берилгани ортидан ҳибсга олинган.
Акасининг қаерда эканини билмагани боис ўзининг қийноққа солингани ва охир-оқибатда, 1999 йилнинг октябр ойида 3 йиллик қамоққа ҳукм қилинганини ёзган Ғозиев, 1 йил турмада ўтирганини ҳамда катта пора эвазига қамоқдан чиқиб, Ўзбекистонни тарк этганини билдирган.
Чимкентда 7 йил яшаган Шавкат Ғозиевга кейинчалик оиласи ҳам келиб бирлашган ва яқинда ўзбекистонлик 29 қочқин Ўзбекистонга бериб юборилганидан сўнг бу оила Туркияга кўчиб ўтишга мажбур бўлганини айтмоқда.
Қуйида Истамбул аэропортида ушлаб турилган Ғозиевлар оиласи аъзоси - 16 ёшли Дурдона Ғозиева билан суҳбатни тинглашингиз мумкин.
Туркияда ушланган Дурдона Ғозиева билан суҳбат
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди