Ўлмас Жамол: Ҳар байт сиёсатдан иборатдир

"Шоир билан суҳбат" дастурининг навбатдаги меҳмони 43 йилдан бери ижод қилиб келаётган шиор Ўлмас Жамол.
Умр бизга бир галгина, бўлур меҳмон, омонат,
Ўйнаб кулиш яшаш жоиз, шу ҳам эҳсон, омонат.

Парвардигор бандам дея, беҳуда ном бермаган,
Бандаликни бажо қил деб,берилган жон омонат.

Башар зоти барҳаëтлик, маъносини излайди,
Яратганнинг наздида бу зўр имтиҳон, омонат.

Омонатга берилмаган ҳеч нарса йўқ жаҳонда,
Тирикчилик аталгувчи даври - даврон омонат.

Нобудликдан қайғурмагил, мағрурланма бойликдан,
Ҳур замонга шукр қилгил, тўла ҳамëн омонат.

Абадият касб этишнинг иложини топди ким,
Ҳатто жаҳон шоҳи деган мартаба, шон омонат.

Инсон бўлиб яшашликдан саодат йўқ улуғроқ,
Фироқ аро боқий уйинг, мулку макон омонат.

Ўлмас сенинг шоирликдан топа олган довруғинг,
Кўзга қўйган сурмадай гап, бу ҳам ишон омонат.

Озодлик: Ўлмас ака, мана шу ғазалингиздаги охирги мисраларингиз саволимга ҳамоҳангдай туюлдида менга. Агар адашмаëтган бўлсам, 1969 йилда “Меҳр булоғи” деб номланган биринчи шеърий тўпламингиз Душанбедаги “Ирфон” нашриëтида босилиб чиққан. 1969 йилдан бери ҳисоблайдиган бўлсак, мана 43 йилдан бери адабиëтда экансиз. Мана шу 43 йилнинг ичида ўз - ўзидан сизда ижод нимаю адабиëт нима деган аниқ бир тушунчалар ҳосил бўлган ва бу нарсани сиз аниқ тушунтириб бера оласиз деб ўйлайман. Ижод нимаю адабиëт нима?

- Мен бу саволга жавобни адабиëтдан бошласам. Адабиëт адаб ўргатиш демак инсонларга. Одамни одамлик йўлига соладиган, мартабасини улуғлайдиган, уни ҳаëт камчиликларидан, нуқсонларидан асрайдиган нарса бу адабиëт. Инсон қанча барвақт адаб мулкини бойитса, хуржунини тўлдирса, шунчалик унинг ҳаëт йўли равшан бўлади. Ана шу даргоҳда хизмат қиладиган одамлар ижод билан шуғулланувчилар – шоирлар, адиблар шу йўлда шу мақсадни бажариш учун ўзлари адабли бўлишлари керак, менимча.

Одамларга айтишга муносиб сўзлари бўлса, ўша сўзларни улуғ бир эътиқод билан, ҳатто санъат билан адабиëтимизда буюк устозларимизнинг йўлларини ўрганиб, ўзлари янги гаплари айта олсалар, бу ижод, менимча, тўлақонли ижодга киради.

Озодлик: Ўзбекистондан ташқарида яшаб бутун ўзбек жамиятига машҳур бўлган шоирларни, замонамиз шоирларини бармоқ билан санаб айтсак бўлади. Масалан, Тожикистондан фақат сизни биламиз ва кенжа авлод вакилларидан Авлиëқул Эшонни биламиз. Масалан, Қирғизистондан Ўзбекистонда ҳам, Тожикистонда ҳам Муғанний тахаллуси билан ғазаллар ëзиб келган шоир Ғанижон Холматовни танишади ва носирлардан Мирзоҳид Мирзараҳимов бор. Бошқа деярли ҳеч кимни танимаймиз. Бошқа бир давлатда яшаб ўзбек шоири бўлиш, ўзбек жамиятига танилиш осонми? Сизнинг муваффақиятингизнинг сири нимада?

- Бу саволингиз жуда ажойиб савол. Энди бу ҳаëт тақозосида. Биз 12 ëшлигимизда Душанбега келиб қолганмиз. Бизнинг ихтиëримиздан ташқаридаги ҳаëт қонунияти, палахмон тошини қаëққа отса, ўша ëққа бориб тушади. Шунга ўхшаган биз урушдан кейинги даврда опамизнинг хўжайинлари Душанбега келдилару биз шунинг орқасидан келиб шу ерда жойлашиб қолдик. Эндиликда ота-она қабрлари шу ерда. Мен ўрта мактабни, миллий университетни шу ерда битирдим. Лекин она тилимни, ўзбек тилимни унутганим йўқ. Ўзбекча ижод равишини бузганим йўқ.

Жаҳонга машҳур форс-тожик адабиëтининг классикларини ўргандик, уларнинг ижод мактабидан дарс олдик. Ўзимизнинг устозларимиздан Навоийдан тортиб, бу ëғи Фурқату Муқимийгача. Тожикистондан менинг номимни айтдингиз, аммо бу ерда 100дан ортиқ қаламкашларимиз бор. Алоқаларимизнинг пасайиб кетганлиги, борди-келдининг камайганлиги учун бир-биримиздан хабаримиз йўқ.

Шахсан менинг ўзимнинг ижодимга келадиган бўлсак, ўз она тилимга, айтайлик ўзбеклигимга садоқатим рамзи. Тожик тилида ҳам ижод қиламан, баъзан ëзиб қўяману лекин бизда бир ақида борки ҳазрат Рўдакийу Ҳофизу Саъдийлар ижод қилган тилда бизга ўхшаган нотавонлар нима ҳам дея олардик? Мана шу ақида бизни худдорлик қилади. Шунинг учун ўзимизнинг тилимизда, она тилимизда ўйлайдиган, сўйлайдиган тилимизда ижод қилишга ҳаракат қилганмиз.

Озодлик: Шу ўринда шеърми, ғазалми эшитсак.

- Учинчи девон дедим. Икки девон чиққан, учинчиси наборда турибди. Тайëр терилган. Оз-моз маблағ масалалари билан боғлиқ ишлар бор. Ўшани тайëрлаб қўйганмиз. У ҳам чиқиб қолса керак. Ўшандан олиб ўқияпман.

Қуръони мажид

Тўқ яшаш дастури бир, ҳар кимга Қуръони мажид,
Ҳақ йўлидин оғма дер, муслимга Қуръони мажид.

Дур мани излаган, оятларида кашф этиб,
Хайрият дер бор экан бахтимга Қуръони мажид.

Одамийлик шевасида неки бордир мўътабар,
Айламиш тенгсиз асос таълимга Қуръони мажид.

Маърифат сўзи замирида неча маъно ниҳон¸
Барчасин талқин этар халқимга Қуръони мажид.

Аввал ота бирла она наздида фарзандларин,
Ўргатиб қўйган эрур таъзимга Қуръони мажид.

Менку ундан кўп узоқ йиллар жудо эрдим,
Вале қайта нур сочгай тўкин наслимга Қуръони мажид.

Кексайиб қолганда Ўлмас бўлди дастури амал,
Қўшди ғайрат бирла куч завқимга Қуръони мажид.

Озодлик: Мен “Шоир билан суҳбат” дастурида қатнашаëтган барча шоирларга доимо анъанавий тарзда битта саволни бераман. Бу саволга ҳар ким ҳар хил жавоб беради. Шоирлик нима ўзи ва яна ҳаëтингизни Оллоҳ таоло “ол қулим”, деб яна гўдакликдан бошлаб берса, яна шоир бўлармидингиз?

- Энди бу қисмат экан-да. Менинг хаëлимда ҳам йўқ эди шоир бўлиш. Ҳаëт мана шу йўлга бошлаб келди. Шоирлик мартабаси жуда улуғ мартаба. Уни орзу қилиб етганлар бор, етмаганлар бор. Бизда энди мана шу адабиëт йўлига, шеърият йўлига киришимизга албатта ëшликдан отамизнинг бизга қилган ўгитлари, китоб ўқиб беришлари, ҳар сўзларида шеърларни такрорлаб айтган гапларини тасдиқлатганлари асос бўлган бўлса керак. Шеъриятга ишқ пайдо бўлгани шундан.

“Шоирлик нима?” деган саволга жавоб шуки, менинг фикримча, шоирнинг бисотида фақатгина битта қуроли бор. У ҳам бўлса сўз қуроли. Ана шу сўз қуроли билан у баъзан рассом бўлиб сурат чизади, баъзан файласуф бўлиб ақидасини оламга ëяди, ана шу сўз воситасида ўзининг қалбида пайдо бўлган туйғуларни ифодалайди. Шеър йўли бу хабар йўли эмас. Бу сўроқ ва савол йўллари эмас. Шеър йўли бу қалбнинг депсинишлари, қалбнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати, стегнораммаси дейди руслар, қалб стенограммаси бўлса керак шеърият. Ана шу туйғулар оламининг гўзал, нозик, жуда ҳам қизларимизнинг соч толасидай нозик туйғуларни ифодалаш йўлидир. Бундан бошқа таъбир топа олмайман мен.

Озодлик: Мен ўтган галги “Шоир билан суҳбат” дастурида Дилором опа Исҳоқова билан гаплашдим. У киши айтаяптики: “Мен бир неча йиллардан бери шеър ëзмай қўйдим. Чунки бугунги кунда мен ëзган шеърнинг ўзбек жамиятида ҳеч кимга керак эмаслигини англагандай бўлдим”, деган маънода гапирдилар. Сизда ҳам мана шундай шубҳалар пайдо бўлмаяптими бугун? “Мана мен шеър ëзаяпман. Бу шеърим кимга керак, ўзбек жамияти учун керакми, ўзбеклар умуман ўқияптими буни”, дегандай бир шубҳалар қалбингизни тирнамайдими?

- Йўқ, шеърият бу аввало шоирнинг ўзининг қалб ифодасини ўзи айтиб ўзи тинглаш йўли. Бировлар ўқиб менинг шеъримдан фойдалансин деган, албатта, бир катта ҳаëт фалсафасида шу йўл бор. Сиз ëзган нарса китоб юзини кўрдими, эфирга йўл топдими демак у халқ мулкига айланади. Буни эшитувчилар бор, завқланувчилар бор ва завқланмасдан, эшитмасдан қўядиганлар ҳам бор. Лекин шоир халқи шеърга қалам урган, бир нарсани ëзаман деб ният қилган инсон энг аввало ўз қалб ифодасини айтиш йўлини биринчи ўринга қўяди. Уни эшитувчилар пайдо бўлиши, албатта, бу шубҳасиз агар ўша шеърият, ўша айтилган назм йўли бошқаларнинг қалбига йўл топиб кириб бора олса.

Санъат баландлиги билан, сўзнинг қудрати буюклиги билан, тириклиги билан сўз жон касб этиб, жонга кириши мумкин бўлганда, унинг ўқувчилари, тингловчилари албатта пайдо бўлади. Мен бунга ишонаман. Ҳеч қачон шубҳага берилганим йўқ мени ким ўқийди, нима учун, одамлар борми йўқми деган савол туғилган эмас.

Мен фақат шундан афсусланаманки, умуман шеърхон, қўлига китоб олиб шеър ўқувчилар сони камайиб кетди. Бу ҳаëтнинг тақозоси бўлса керак. Мана бу телевидение, бошқа-бошқа информация йўлларининг кўпайиб кетгани бўлса керак. Одамларнинг қорни нонга тўйса, кўнглида эзгуликка интилиш пайдо бўлса, у албатта китобни қўлига олади, шеърни қўлига олади, ўқийди ва ўзига керакли бўлган мулкни ажратиб ола олади. Асалари гулдан асал тергандай ўқувчилар яхши шоирларнинг шеърларини ҳеч қачон унутмайди, ташлаб қўймайди. Мен бунга ишонаман.

Асл инсонга хос хислат ибодатдан иборатдир,
Қуръони Карим, Қуръони шариф ёдин қироатдан иборатдир.

Чин одамлик йўли имон виждонга бўйсунмоқ,
Бу йўлдан топганинг неъмат диëнатдан иборатдир.

Ўқиб ўрганганинг ҳамда ҳаётдан олганиниг ибрат,
Хулоса айласанг бари итоатдан иборатдир.

Узингдан илгари ўтган улуғлар измидан чиқма,
Уларга ҳимматинг - қабрин зиёратдан иборатдир.

Кишини бардавом йўқлик неча шўхлик каби йўллар,
Ва очликдан ҳимоят бу қаноатдан иборатдир.

Яхшилик, ёмонлик акс-садоси қайтиши ҳақ гап,
Улар билсанг зарофат ҳам шарофатдан иборатдир.

Сени лирик деганларга ишора айлагил Ўлмас,
Ғазалда битганинг ҳар байт сиёсатдан иборатдир.

Озодлик: “Ғазалда битганинг ҳар байт сиёсатдан иборатдир”, деган сўнгги мисрангиз суҳбатимизнинг кейинги йўналишини белгилаб берди. Шоир ва сиёсат деган мавзуни ҳам четлаб ўтмасак. Сизга шундай савол: шоир сиёсатнинг қаерида туриши керак, ичидами, ташқарсидами, ўртасидами?

- Агар классик адабиётимиз номёндалари ҳаётига назар ташласак, улар доимо сиёсатда бўлганини англаб етамиз. Масалан, хазрат Навоий Ҳусайн Байқорога вазир бўлганлар, у киши сиёсатнинг ичида бўлганлар. Бундан ташқари сиёсатнинг ичида бўлиб, сиёсатни бошқарган, сиёсатни керакли йўлга йўналтирган шоирлар кўп бўлган.

Шоир ҳаёт қозонида қайнар экан сиёсатбардорлардан, оддий одамлардан ўзининг асарларига мавзу топади. Шоир сиёсатга аралашиб, “Мен шоирман, мен ҳамма нарсани биламан, менинг айтганимни қиласизлар”, деб жар солиши шарт эмас. Шоирнинг шеърлари унинг сиёсатга бўлган муносабатини билдиради. Шунинг учун шоир сиёсатнинг ичида юриши керак, аммо сиёсатнинг ишларига аралашиши шарт эмас. лекин сиёсатдан ташқарида туриб, шоир бўлиш мумкин эмас. Чунки давр руҳини, қалб депсинишларини шеърларида айтмаган шоир замондошларига маъқул келолмайди.

Озодлик: Айни пайтда, Ўлмас ака, сиз айтган гапларнинг аксини ҳам кузатаяпмиз. Сиёсат ичида юрган шоирларимизнинг айримлари маддоҳ бўлиб қолаяпти, айримлари мухолифатга ўтиб олаяпти. Оқибатда халқ билан ҳокимият ўртасида кўприк бўла олиш салоҳиятига эга бўлган одамнинг ўзи қолмади.

-Жамиятнинг ўзгариши даврида шоирларнинг ўзлари ҳам аро йўлда қолган. Қайси йўлдан боришини билмай қолган шоирлар жуда кўп. Лекин ҳақ йўлни, ўзининг миссияси нимадан иборат эканлигини билган шоир ҳеч қачон чалғиб кетмайди. Инсонга хизмат қиладиган ақидаларни сингдириб, ижод қилаверади.

Ҳалол бир бурда нон топмоқ йўлида меҳнатинг қутлуғ,
Ҳаловат ва хузур истаб чекилган заҳматинг қутлуғ.

Азиз фарзандларинг ризқи сенинг зиммангда билгайсан,
Уларнинг бахтини ўйлаб йўқотган муҳлатинг қутлуғ.

Бировга яхшилик айлаб, қувонмоқлик саодатдир,
Мукофотига, албатта, эшитган рахматинг қутлуғ.

Намойиш мақсади бирла саҳоватпешалик қилма,
Бировлар сезмаган хайринг, ниҳоний ҳимматинг қутлуғ.

Заковат соҳиби доно кишилар суҳбатин тинглаб,
Яшашга рағбатинг ошган шарафли фурсатинг қутлуғ.

Ўзингдан қониқиш ҳисси ололса борлиғинг қамраб,
Жаҳон жаннатга айланган шукуҳли ҳолатинг қутлуғ.

Агарки мартабанг ғоят муносиб бўлса ҳулқингга,
Сени ардоқлаган элда қозонган ҳурматинг қутлуғ.

Ёшинг етмишдан ошибдур, яна тузмоқчисан девон,
Илоҳим қўлласин Ўлмас, бағоят журъатинг қутлуғ.

Озодлик: Ўлмас ака, 70 ёшингиздаги бу журъатингиз ҳақиқатан ҳам қутлуғ бўлсин. Шу ўринда тингловчиларимизга тиклакларингизни билдириб ўтсангиз.

- Бизнинг тингловчиларимизга, жаҳондаги ўзбекларга, ўзбек тилинги билувчиларга, умуман жаъми башариятга - чунки ҳаммамиз бир Ҳудонинг бандаларимиз, бир биримизни ажратмаслигимиз керак- сидқидилдан ҳурматимни, садоқатимни билдираман. Уларниг оиласида, ҳаётида фақатгина яхшиликларга ўрин бўлсин. Шу ўринда “Чин дўстга илтижо” деган шеъримни ўқиб берай.

Менга мойил бўлса дил, жоним, жадал ёнимга кел,
Сен учун очиқ эшик, тургил-да ошёнимга кел.

Сен узоқ кетдинг умр поёнига етмоқдадир,
Қадду бастинг бир кўрай у чашми гирёнимга кел.

Ҳеч йўқ сиёсатлар тузиб қалбингни овлаш ниятим,
Кўзга кўз тушса дегаймен, бурда қоқ нонимга кел.

Йўлларингга интизору, суҳбатингга ташнаман,
Амр этиб бўлмас ва лекин ушбу фармонимга кел.

Неча муддатдан буён соғинч вужудим тилкалар,
Ҳасратим битсин тугал, чек қўй армонимга, кел.

Ишқ эмас, сен бирла бизни боғлаган меҳри азим,
Кўпчилик дўстдан жудодир, қалби вайронимга кел.

Эй азизим, Ўлмасинг қайтишга шай меҳмон эрур,
Оқибат мавжудлигин кўрсат-да, давронимга кел.