Қашқадарё вилоят Чироқчи туман марказий бозорида ҳуқуқ-тартибот идораларининг махсус отряди рейд ўтказиб, савдогарларни калтаклади.
3 октябр куни ҳуқуқ тартибот идораларининг махсус отряди Қашқадарё вилоят Чироқчи туман марказий бозорида рейд ўтказди.
Чироқчилик Саъдулла Ҳолимов оиласининг бозорда дўкони бор. Унинг Озодликка айтишича, маҳаллий ҳокимлик вакиллари 11 йилдан буён бозорни бошқа жойга кўчиришга ҳаракат қилаяпти.
Ҳолимовга кўра, 3 октябр куни бозордан кўчишга норозилик билдирган савдогарларни милиция махсус кучлари тўқмоқлар билан калтаклаган.
- 3 октябр куни милиция аралашиб, узоқдан бир группа командаларни олиб келиб дубинкалар билан уриб, солди барчани. Солиқ инспекцияси, ИИБ вакиллари, вилоятдан ҳам 15-20 та дубинкали милициялар бор, машинаси билан чақиртириб тазйиқ ўтказиб ëтибдида. Ташқарида савдо қилишига ҳам қўймай уришиб, босим қилаяптида. Одамлар чиқмайман деб тўполон қилиб жанжал қилди. Ҳаммасини кечқурун уриб, сўкиб, дўконлардаги товарларини Дамасларга мажбурий ортиб “Агар чиқсанг, анави бозорга бор. Бўлмаса уйингга олиб бориб ташла” деб чиқариб қўйди,- дейди Саъдулла Ҳолимов.
Савдогарларга кўра, уч кундирки бозор ёпиб қўйилган. Бозорнинг тўртта дарвозаси олдида бир ярим метрча чуқурлик қазиб, ичкарига кириш йўллари бутунлай беркитилган.
Савдогарлар янги бозорнинг аҳоли яшайдиган ҳудуддан анча узоқда жойлашгани ва шароитларнинг йўқлиги боис кўчишни хоҳламётганликларини айтади Ҳолимов.
- Янги жойда маҳсулотларни сақлайдиган жойлари ҳам йўқ. Очиқ майдондан бошқа ери йўқ унинг. 2002 йилларда қурилган бозорга 2008 йилда бир ҳайдаганда одамлар ëзув-чизув қилгандан кейин талабга жавоб бермайдиган ҳолатлиги аниқланиб тўхтатиб қўйишган эди. “Бу ерда сув, газ бўлмайди, 500 метр нариëқда инфекционний болница. Қишлоқ хўжаликлари маҳсулотлари сотиш мумкин эмас” деб қайтиб келган эдик 2008 йилда. Яна ўша ëққа ўтасизлар деяпти,- дейди Ҳолимов.
Озодлик мухбири Чироқчи туман марказий бозори директори Ботир Амирқулов билан боғланиб, бозорга келган махсус отряд тўғрисида сўрадик.
- Отряд келгани йўқ. Просто ўзи битта-яримта жанжал қилиб, бошқа қилмасин деб хавфсизликни таъминлаш бўйича ўзимизнинг одамлар турибди. Ҳеч қанақа отряд йўқ. Милиция ходимлари, солиқ ходимлари ўша ерда тушунтириш учун, эртага жанжал-панжал бўлмасин дейиш учун туришибди,- дейди Амирқулов.
Шунингдек, Ботир Алимқуловга кўра, Чироқчи туман марказий бозори қайта таъмирланаётгани боис савдогарлар бошқа бозорга вақтинча кўчирилади ва таъмирлаш ишлари тугагач савдогарлар яна ўз ўринларига қайтарилади.
- Бозор қайта реконструкция қилинаяпти. Ҳокимнинг қарори чиққан. Шу бўйича иккита бозор қурилган. Район марказида деҳқон бозори, қўшимча буюм бозори. Буюм бозори билан деҳқон бозори бир жойда эдида шу вақтгача. Шу иккала бозорга тадбиркорлар кўчирилаяпти, бозорни қайта реконструкция қилиш учун. Ҳоким ҳам бугун тадбиркорлар билан икки марта гаплашди. Тушунтиришаяпти. Бозорнинг қайта реконструкция қилинишига 4 ой кетадими, 5 ой кетадими, ҳозирча вақтинча ëпилади. Кейин савдогарлар қайтади. Бошқа ҳолат йўқ. Ҳеч қанақа проблема йўқ,- деди Ботир Амирқулов.
Чироқчидан олинган сўнгги маълумотга кўра, маҳаллий хокимлик савдогарларнинг норозиликлари ортидан бозорни бутунлай ёпмасликка қарор қилган.
Чироқчи туман бозорида озиқ-овқат, кийим кечак ва чорва маҳсулотлари сотилади. Бозор нафақат чироқчиликларга, балки, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Ғузор ва Қамаши туманлари аҳолисига ҳам хизмат кўрсатади.