2012 йилда Ўзбекистон пойтахтида Буюк Британиянинг Кембриж университети ҳамкорлигида “Юқори технологиялар маркази” ташкил этилади.
Ўзбекистон Миллий университети ва Буюк Британиянинг Кембриж университети ҳамкорлигида очиладиган “Юқори технологиялар маркази” Миллий университетнинг физика тадқиқот институти биносида жойлашади.
Миллий университетдан олинган маълумотга кўра, марказни ташкил қилиш тўғрисида Ўзбекистон Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон миллий ва Кембриж университетлари ўртасида меморандум имзоланган.
Ҳозирда ушбу меморандум асосида президент қабул қилган қарорни бажариш бўйича ташкилий ишлар бошлаб юборилган.
- Бу президентнинг қарори билан қилинаëтган иш. Кичкина нарса эмас, бу давлат миқëсидаги нарса. Ҳозир тайёргарлик ишлари бошланди. Очиладиган бўлса, ҳамма оммавий ахборот воситаларига берилади хабар,- деди Ўзбекистон Миллий университетидаги исми ошкор қилинмаслигини сўраган манба.
Унинг айтишича, ўқув марказида, асосан, илмий ишлар олиб бориш режалаштирилган.
- Ахборот технологиялар маркази бу. Фақат физика бўлмайди. Бу ерда биология ҳам бўлади, химия ҳам бўлади, геология бўлади. Табиат билан боғлиқ фанларнинг ҳаммаси бўлади. Илмий иш қилинади бу ерда,- деди манба.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон Олий ва Ўрта- махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Фанлар академияси “Юқори технологиялар ўқув-таржиба маркази”ини муассис сифатида ташкил этадилар.
Президент қарорига мувофиқ, ўзбек тадбиркорлари ва ишбилармонлари ушбу марказ фаолиятини ташкил қилиш учун 3,5 миллион евро миқдорида ҳомийлик ёрдами беришлари зарур бўлади.
Бу маблағ Миллий университетнинг физика тадқиқот институти биносини таъмирлаш, лаборатория ва бошқа зарур техник асбоб-ускуналар учун сарфланиши режалаштирилган.
Ўқув маркази фаолияти бошланиши учун бино 2012 йилнинг 1 июлига қадар таъмирдан ўтиши зарур.
Бироқ Ўзбекистон Миллий университетидаги манбага кўра, асосий маблағ Буюк Британиядан келмагунча марказ очилиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
- Бу энди Кембриж университети қачон маблағини берса, шунда очилади марказ,- деди манба.
Британия томонидан бу лойиҳага Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми ва Кембридж Энтерпрайз компанияси ҳамкорлик қилаётгани айтилмоқда.
Podrobno.uz сайти маълумотига кўра, Ўзбекистон 2012 йилда ушбу марказ ўқув-материал базасини тайёрлаш учун 6,7 миллиард сўм ажратади.
Марказнинг хорижлик ўқитувчиларига Кембриж университети даражасида ойлик маош тўланади ва бунинг учун Ўзбекистон давлат бюджетидан 300 минг АҚШ доллари ажратилади.
Марказ харажатлари ва хорижлик ўқитувчиларнинг ойликларини Ўзбекистон давлат бюджети томонидан молиялаштириш 2015 йилга бориб 25 фоизга қисқартилади.
Кейинчалик марказ ким томонидан молиялаштирилиши ҳақида ҳозирча бирор маълумот берилмаяпти.
Лойиҳага кўра, “Юқори технологиялар ўқув-таржиба маркази”ни 2016 йилга қадар Кембриж университети вакили бошқаради.