Метеорологлар бу йил Ўзбекистонда қишнинг совуқ келишини башорат қилаётган бўлса, расмийлар табиий газ ва электр етишмовчилиги бўлишини таъкидламоқда.
Ўзбекистонда биринчи қор ёғди
Жорий ҳафта бошидан Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида об-ҳаво кескин совиб кетиб, деярли барча ҳудудларда биринчи қор ёғди.
Ўзбекистон гидро-метеорология марказидан олинган маълумотга кўра, тоғли ҳудудлар, Хоразм ва Қорақалпоғистонда совуқ, айниқса, кучайган.
- Тўғри об-ҳаво совушига прогноз бор. Бу йил қиш сал вақтлироқ келди. Сал совуқроқ бўлади. Мана ҳозир -3, -5 даража бўлди. Бу ҳам ноябр ойида бизнинг иқлимимиз учун совуқ ҳисобланади. Республикамизнинг тоғли ҳудудлари ҳамда Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида кечаси -7, -8 даражагача совуқ. Кундузи -3, +2. Бунақа ҳаво 2006 йилда ҳам кузатилган. Бу бизларнинг иқлимимиз учун хусусиятли нарса. 2006 йилда ҳам мана шунақа ëмғирлар ëғиб қорга айланган нималари бўлган. 2008-2009 йилда бўлган бунақа ҳол. Бу бизлар учун янгилик, одатдан ташқари ҳол эмас,- деди исми сир қолишини истаган Ўзбекистон гидро-метеорология маркази ходими.
“Тезак ҳам дефицит бўлиб қолди”
Сурхондарёнинг Ангор туманида яшовчи Анвар бобо кўмир ва ўтин сотиб олишга пули йўқлигидан тезак билан уй иситаяпти.Айни пайтда ўзининг чорва моллари камлигидан Анвар бобо тезакни ғамлашга имкони йўқлигини айтиб, бир кун келиб тезак ҳам пуллик бўлишидан ҳавотир билдиради.
- Совуқда ўчоқда овқат қилаяпмиз. Газ йўқ, ўтин йўқ, кўмир йўқ.
"Совуққа мослашиш учун совуқ сувга чўмилаяпмиз"
Бухорода ҳам биринчи қор ёғиб, кунлар совиб қолди. Вилоятнинг шаҳар ва туман марказларида тибиий газ босими нисбатан пасайган бўлса-да, табиий газ билан боғлиқ жиддий муаммо кузатилмаяпти.
Бироқ қишлоқ жойларида газ ва электр энергияси етишмовчилигидан аҳоли азият чекаяпти. Аҳоли совуқдан сақланишнинг турлича йўлларни ўйлаб топишга мажбур.
Масалан, Бухоронинг Қоракўл туманидаги қишлоқлардан бирида яшовчи Ибод Ҳакимов оиласи совуққа мослашиш учун совуқ сувга мослашаяпти.
- Ҳаво совуқ. Бизда свет бўлмаса, ҳеч қаер ишламайди. Энди кимдир совуқдан яшай олмай совқотиб, кечаси билан ўтин ëқиб чиқаяпти. Бизда кўмир бор озгина. Яна совуққа чидамлилик қилиш учун бир нарса ўйлаб топдик. Оиламиз билан барчамиз совуқ сувга чўмила бошладик. Бу совуққа қарши. Шамолламаслик, иммунитет, мослашиш. Ҳеч ким шамолламайди. Нима қиламиз энди,- дейди Ибод Ҳакимов.
“Бир йилга 2 миллион сўмлик ўтин кетади”
Қорақолпоғистоннинг Нукус, Тахиатош шаҳарларида газ билан боғлиқ муаммолар йўқлигини айтишди суҳбатдошлар.
“Бироқ Тўрткўлда газ ҳам, чироқ ҳам йўқ” дейди тўрткўллик Ражаббой ака.
Озодлик: Шунча пул борми сизда?
- Нима қиламиз энди, ишлаймиз, топамиз. Бошқа иложи йўқ. Борда бор, йўқда йўқ. Иложи йўқ энди бола-чақани бир амаллаб ўтирибмиз,- дейди Ражаббой ака.
"Дардимизни депутатларга айтамиз"
Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида яшовчи Аминбой аканинг оиласида ўн битта жон бор. Оила аъзолари уйдаги 2 та хонани ўтин ёрдамида иситиб, ўша хоналарда ётишади.
"Қор ёққач, ҳаво анча совуб кетди", дея гап бошлади Аминбой ака.
- Электр ҳам ўчиб ëтибди, газ ҳам ўчиб ëтибди. Бизларнинг пешимиз бор, шунга ўт ëқиб ўтирибмиз. Ҳаммамиз иккита хонага қамаламиз. Аҳвол жуда ҳам пастда. Толларни кесиб, тайëрлаб қўйган эдик, ўшаларни ëқиб ўтирибмиз. Қишда нима бўлишини мен тасаввур қила олмаяпман. 20 ноябрдан кейин Олий Мажлис депутати келади, дейди. Шу билан учрашиб гаплашмасак, билмадим нима бўлади бу. Халққа ўзининг бойлигини бермаса, буни қандай тасаввур қилиш мумкин? Мана Россияда кўрсатиб турибди,"Газпром, нефт, газ ҳаммаси достояние народа" дейди. Халққа бериш керакми шуни. Бизда эса йўқ,- дейди Аминбой ака.
“Нимага ўзимизда газ бўлиб, газсиз ўтирибмиз?”
Сирдарёнинг Оқ олтин туманида яшовчи Валижон Абдуллаев аҳолининг совуқда ўтириши учун президент эмас, балки маҳаллий амалдорлар айбдор деб ҳисоблайди.
- Газ бермаяпти. Ҳайит арафаси кучайди газ. Икки кун жуда яхши
“Худога шукур сандал бор”
Фарғона вилоятида бошқа вилоятларга нисбатан табиий газ таъминотида жиддий етишмовчилик кузатилмайди.
Яйпанлик Йўлдошали Мамадалиевга кўра, вилоятдаги шаҳар ва туман марказларида кам бўлсада газ бор, бироқ вилоят қишлоқларида умуман газ йўқ.
- Ўзига яраша газ ҳам. Асосий сандал қилиб ўтирибмизда. Оëқдан иссиқ келгандан кейин совуқ бўлмайди. Шунисига ҳам шукур. Энди бу йил 1,5 ой аввал газ идораси ходимлари шаҳар жойларда газ бўлади, қишлоқ жойларда газ бўлмайди қоғоз тарқатиб чиқди. Фақат Яйпан шаҳри бўйича газ бўлиб турибди,- деди Йўлдошали Мамадалиев.
“Чироқ йўқлигига сабаб газ камлиги”
Жойлардаги табиий газ таъминоти идоралари, одатга кўра, газ етишмовчилиги сабабларини изоҳлашни истамадилар.
Тошкентдаги электр таъминоти идораларидан бирида маъсул лавозимда ишловчи Карим акага кўра, электр энергиясидаги танқислик бевосита табиий газ билан боғлиқ.
- Чироқ йўқлигига, асосан, ëқилғи етишмаганлиги сабаб. Газ, мазут, кўмир. Ëқилғи бўлмаса электр энергияни қаердан ишлаб чиқаради. Ўзбекистонда гидроэлектростанциялар жуда кам фоиз электроэнергия ишлаб чиқаради. 10-15 фоиз ишлаб чиқаради. Қолган 85 фоизи иссиқлик электростанцияларида ишлаб чиқарилади. Уларнинг ҳаммасига ëқилғи керак. Ўзи ëзда ҳам ëқилғи камроқ эди. Совуқ тушгандан кейин электростанцияларга берилаëтган ëқилғи янада камайди. Совуқ тушган сари қишда электр энергияси истеъмоли кўпайиб кетади. Ишлаб чиқариш етмаяпти. Агарда ҳозир ëқилғи бўлганда, бемалол чироқ бўларди. Илгари Совет пайтида Россия, Қозоғистондан кўп мазут келарди. Ҳозир кўмир заҳираларимиз кўп бўлганда, газ етарли бўлганда электростанциялар тўлиқ қувват билан ишлаганда, бунақа ўчир-ўчирлар бўлмас эди,- деди Тошкентдаги электр таъминоти идораларидан бирида маъсул лавозимда ишловчи Карим ака.
Ўзбек расмийлари башорати: бу йил газ бўлмайди
Ўтган ойда Вазирлар маҳкамаси кўрсатмасига кўра, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари расмийлари аҳолини бу йил қишда табиий газ бўлмаслигидан огоҳлантириб, кўмир ғамлашни тавсия қилдилар.
Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси топшириғига кўра, ўтган ойда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги юздан ортиқ корхона ва ташкилотлар ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари 2011-2012 йилги куз-қиш мавсумида марказий газ таъминотидан узила бошлади. Бу корхона ва ташкилотлар раҳбарларига муқобил ёқилғи турларига ўтиш таклиф қилинди.
Жорий йилнинг 26 сентябр куни БМТ Бош ассамблеясида чиқиш қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Элёр Ғаниев мамлакат аҳолисининг 82 фоизи табиий газ билан таъминланганини таъкидлади.
Табиий газ ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон дунёда саккизинчи ўринни эгаллайди.
Ҳар йили Ўзбекистонда 60 миллиард куб метр газ қазиб олинади.
Кузатувчиларга кўра, мамлакатдаги газнинг аксарияти бошқа давлатларга экспорт қилинаётгани учун маҳаллий аҳоли зангори оловдан бенасиб қолмоқда.