"Фотон" ва "Кварк" ўз жойини Вестминстерга беради

"Фотон" ва "Кварк" корхоналари биноларида энди Вестминстер Университети талабалари ўқийди.

Ҳукумат қарорига кўра, “Фотон” ва “Кварк” ташкилотлари ўз биноларини Тошкент Халқаро Вестминстер Университетига бўшатиб беради.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, “Фотон” конструкторлик бюроси ва “Кварк” илмий-ишлаб чиқариш мажмуаси “Фотон” очиқ акциядорлик жамиятига қўшилади.

Ҳозирда иккала ташкилот ҳам ўз ихтиёридаги техника ва асбоб-ускуналарини кўчиришни бошлаб юборишди.

“Фотон” конструкторлик бюросининг исми сир қолишини истаган ходими Озодликка буларни айтди:

- Сиз яхшиси бу қарорни қабул қилган Вазирлар маҳкамасига мурожаат қилинг. Биз давлатга қарашли ташкилотмиз. Биз фақат буйруқни бажарамиз. Қарорни ҳукумат қабул қилди. Буни муҳокама қилишга ҳаққимиз йўқ,- деди “Фотон” конструкторлик бюроси ходими.

“Кварк” илмий-ишлаб чиқариш мажмуасининг телефонлари алоқадан узилгани боис ушбу ташкилот вакиллари билан боғланиш имкони бўлмади.

“Фотон” очиқ акциядорлик жамиятининг ўзини таништирмаган ходими икки корхонанинг ширкатга қўшилиши ортидаги сабабларни бундай изоҳлади.

- Бизларга қўшилаëтганининг сабаби Вестминстер университетининг ҳудудини кенгайтираяптию. Бизларга улар қўшилиб кетади. Вестминстер университетига жойлари керак бўлгани учун уларни бизларга қўшиб юборишаяпти. Жой керак бўлгани биринчидан ҳозир ўқиш нималари кенгайтирилаяпти. Бизларда майдонлар бемалол. Бўш жойларимиз бор. Ўша жойларга жойлашишаяпти. Ишини давом эттираверади. Ҳеч қанақа проблема йўқ. Ҳаммаси яхши томонга қилинаяпти,- деди суҳбатдош.

Тошкент марказида жойлашган “Фотон” конструкторлик бюроси ва “Кварк” илмий-ишлаб чиқариш мажмуаси шаҳарнинг Алгоритм даҳасида жойлашган “Фотон” очиқ акциядорлик жамиятининг 2-биносига кўчирилаяпти.

- Улар ўзи бизларнинг филиал бўлган ўзининг пайтида. Бизларнинг маҳсулот, ишлаб чиқарадиган нарса. Уларнинг ҳамма потенциалини олаяпмиз экспортлари билан. Иш қандай кетаëтган бўлса, шундай давом этаверади. Фотоннинг номида чиқади. Уларнинг экспорти бор, бошқаси бор, ҳеч қанақа ўзгариш бўлмайди. Как юридический лицо чиқишган. Ҳозир энди киради, как положено ўзининг ишини давом эттириб кетаверади,- деди “Фотон” очиқ аксиядорлик жамиятининг ўзини таништирмаган ходими.

Унинг сўзларига кўра, дастлаб кўчиш ҳаражатлари ташкилотнинг эскирган жиҳозларини сотиш ҳисобидан қопланиши айтилган эди. Бироқ кейинчалик техник жиҳозларни сотмасликка қарор қилинган.

Тошкент Халқаро Вестминстер Университетининг ўзини таништирмаган ходимаси “Фотон” конструкторлик бюроси ва “Кварк” илмий-ишлаб чиқариш мажмуаси бинолари университет таркибига ўтаётганини тасдиқлади.

- Мана шу бинонинг биттасида инновацион марказ бўлади, биттасида бизларда preuniversity course бор. Ўша курслар бўлади. Университетнинг нулевой курси. Бу дегани агар болалар яхши битирса, университетга киради. Яна “Митрофанов” биносини беришдику. Ўша ерда спортивний центр билан ëпиқ бассейн бўлади,- деди университет ходимаси.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 19 августдаги 236-сонли қарорига кўра, “Фотон” ва “Кварк” бинолари ҳамда “Митрофанов” номидаги сув спорт саройи эндиликда Тошкент Халқаро Вестминстер Университетининг бир қисми ҳисобланади.

Бу бинолар бузиб ташланмайди, балки қайта таъмир қилиниши айтилмоқда.

Тошкент Халқаро Вестминстер Университети Лондон Вестминстер Университети билан ҳамкорликда 1997 йил ташкил қилинган.

Тошкентдаги ушбу университетнинг характерли томони шундаки, университет битирувчиларига диплом Лондон Вестминстер Университети томонидан берилади.

Бу диплом нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро майдонда тан олинади ва талабаларга чет элларда ишлаш ва ўқишни давом эттириш имконини беради.

Университет ходимларининг аксарияти Буюк Британия, АҚШ, Европа ва дунёнинг бошқа бир қанча давлатларидан келган мутахассислардан иборат.

Бугунги кунда Тошкент Халқаро Вестминстер Университети Ўзбекистондаги энг нуфузли олий ўқув даргоҳларидан бири ҳисобланади.