Зарифа Юсупова 10 ноябр куни Ўзбекистонга юборилганидан бери ҳибсда қолаётган эди.
10 ноябр куни Норвегиядан депортация қилинган ва Тошкент аэропортида ҳибсга олинган Зарифа Юсупова озод бўлди.
Бу ҳақда маълум қилган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилотининг матбуотга айтишича, З. Юсупова ҳибсга олинган пайти олиб қўйилган компьютери унга қайтиб берилмаган.
Айтилишича, З. Юсупова ва унинг турмуш ўртоғи Музаффар Тафар диний эътиқодлари учун Ўзбекистонда босимга учрагани боис 2009 йилда икки фарзандлари билан Норвегияга келган ва қочқинлик мақоми сўраган.
2010 йилнинг сентябрида Норвегия полицияси Юсуповлар оиласини Ўзбекистонга депортация қилиш бўйича қарор чиқарган.
Жорий йилнинг 8 ноябр куни З. Юсупова икки фарзанди билан Осло шаҳрида ҳибсга олиниб, депортация қилинди.
Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ташкилот раҳбари Надежда Отаеванинг айтишича, бу пайтда унинг эри Музаффар Тафаров Ослода бўлмаган ва депортациядан қутилиб қолган.
Сўнгги маълумотга кўра, Норвегия М. Тафаровнинг депортациясини бекор қилган.
Айни пайтда З. Юсупова матбуот ва ҳуқуқ фаоллари билан мулоқот қилишни хоҳламаяпти.
Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотига кўра, сўнгги пайтда Европа давлатларидан саккиз киши Ўзбекистонга топширилган. Улардан уч нафарига жиноий иш қўзғатилган, беш нафари эса мамлакатни тарк этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.