Тошкент вилояти Чинозл туманида истиқомат қилувчи Гулноза Йўлдошева исмли аёл маҳаллий милиция, прокуратура, суд тизими ҳамда ҳокимият амалдорларини одам савдосига алоқадорликда айблаб, Ўзбекистондаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига арз қилган.
25 яшар Гулнозанинг даъво қилишича, шу йил март ойида унинг акалари ва яна бир неча йигит собиқ милиция ходими воситачилигида Қозоғистонга яхши иш, яхши маош ҳақидаги алдов ваъдалар билан олиб кетилиб, у ерда қул қилиб ишлатилган.
- Билишимча, шу одам қарзини узиш учун Қозоғистондаги шерикларига ака-укаларимни ва яна икки одамни топшириворган. Акаларим у одам ҳукумат идораларига яқин бўлгани учун, форма кийганку деб ишониб, алданиб қолишган,- дейди Гулноза.
Қозоғистонда Эржон исмли иш берувчи қўлидан паспортини олиб қўйиб бир ой ишлатганидан сўнг Ҳайрулла Йўлдошев Ўзбекистонга апрел ойи охирида касал бўлиб қайтган ва одамфурушлар домига алданиб қолганини сўзлаб берган.
Кейинчалик Қозоғистонга қулликка олиб кетилган бошқа ўзбекистонликлар ҳам қайтарилган.
Гулнозанинг даъво қилишича, акаларининг Қозоғистонга қул қилиб олиб кетилиши билан боғлиқ холат Ўзбекистонда ҳукумат амалдорларининг ҳам одам савдосига алоқадорлигини кўрсатади.
- Чунки акаларимни қулликка бериб юборган одам бу ишларни уларни соясида қиляпти. Мен бу юзадан шикоят қилиб ҳокимият, прокуратурага мурожаат қилдим, бир неча марта мурожаат қилдим, улар бошидан бу ишни бости-бости қилишга уриняпти,- дейди у.
Лекин, Гулноза Йўлдошева ҳокимият ёки прокуратура амалдорларининг одам савдосига тўғридан-тўғри алоқадорлиги борасида жўяли асос келтира олмади.
Чиноз тумани ҳокимияти расмийлари ва прокуратура ходимларидан эса бу борада изоҳ олиш уринишларимиз бесамар бўлди.
Ўзбекистондаги Мустақил инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовга кўра, Ўзбекистонда одам савдоси қурбонлари сони йилдан-йилга ортиб бормоқда ва бунинг асосий сабаблари ишсизлик ва коррупциядир.
- Одам савдосига айрим амалдорлар ҳам аралашиб қолгани ҳақда шикоятлар авваллари ҳам бўлган. Энди бу ерда ҳуқуқ-тартибот идораларининг бу холатга кўз юмаётганини ўзи жиноят. Менимча улар ўзлари фош бўлиб қолишлари учун улар буни бости-бости қилишяпти,- дейди Сурат Икромов.
Ўзбекистон ҳукумати одам савдоси билан боғлиқ муаммолар борлигини тан олиб, 2008 йилда одам савдосига қарши халқаро конвенцияни ратификация қилган эди.
Ўзбекистон фуқароларини ҳимоялаш учун парламент томонидан “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги ва “Аҳоли миграцияси тўғрисида”ги қонунлар ҳам қабул қилинган.
Лекин, бу билан сўнгги йилларда одам савдоси қурбонлари сони камайгани йўқ.
- Мана шу раҳбарларимиз ичида ўзини амалидан фойдаланиб, ўз мансабини фуқароларини ҳимоя қишидан устун қўйишар экан жамиятимиздаги бўлаётган ва бўлиши мумкин жиноятчиликни олиб бўлмайди. Авваламбор раҳбарият ичидаги бундай кирдикорларга нисбатан қонуний чора кўрилиши шарт. Шундагина жамият ичидаги жиноятни олдини олиш ва унга қарши курашиш мумкин,- дейди Гулноза Йўлдошева.