18 январ куни Андижон вилоят судида 16 ой аввал Россиядан ўғирлаб келингани айтилаётган уч фуқаро устидан маҳкама жараёни бошланди.
Андижон маҳкамасидаги уч ўзбек суди
Андижон вилоят жиноят ишлари бўйича судида ҳакам Абдуҳаким Тўраев раислигида 35 ёшли Санжар Сатвалдиев, 28 ёшли Мамиржон Юсупов ва 50 ёшли Аҳмаджон Бекпўлатовлар иши бўйича маҳкама бошланди.Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари мустақил ташаббус гуруҳи тарқатган пресс-релизда айтилишича, айблов хулосасида уларга нисбатан Ҳизб ут-Таҳрир, Исломий жиҳод, Нурчилар, Ал-Қойда террорчилик ташкилотлари ва мухолифатдаги “Эрк” партиясига алоқадорлик айбловлари илгари сурилган.
Ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, судланувчилар Жиноят кодексининг жами олтита моддаси бўйича айбланаяпти.
- Уларнинг учаласи ҳам Жиноят кодексининг 155-моддаси (Терроризм), 161-модда (Қўпорувчилик), 242-модда (Жиноий уюшма ташкил қилиш), 244/2-модда (Диний эстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш), 223-модда ( Қонунга ҳилоф равишда хорижга чиқиш ва Ўзбекистонга кириш), 228-модда (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш), 242-модда (Жиноий уюшма ташкил қилиш) да айбланаяпти. Бу моддалар бўйича 20 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин,- дейди Суръат Икромов.
Судланаётган йигитларнинг учаласи ҳам Андижоннинг Хонобод шаҳридаги битта маҳаллада яшаганлар.
Судланувчи Санжар Сатвалдиевнинг отаси Абдураҳмон Сатвалдиев Озодлик билан суҳбатда ўғлининг тақиқланган диний ташкилотларга алоқаси йўқлигини айтади.
- Айблаш хулосаси анекдотга ўхшайдида. Ўқиб кўрсангиз, тикка турғазиб отиб юбориш керак бу моддалар билан. Диний экстремизмнинг тарихидан бошлаб ҳамма айбни қўйганда. Жиҳод иттиҳоди деган ташкилот бўлганмиш. Шунга аъзомиш. Судда СНБ берган нимани ўқиб берди. Ўғлимга савол берди. “Мана фаол бошлиқлардан биттаси экансиз Хонободда” деди. Ўғлим “Мен Хонободда яшамасам. Қирғисистонда яшасам. Менинг алоқадор эканлигимни исбот қилиб беринг” деди судга. Индай олмай қолди суд,- дейди Абдураҳмон Сатвалдиев.
Андижон вилоят жиноят ишлари бўйича суддан мазкур маҳкама жараёни хусусида бирор бир маълумот олиш имкони бўлмади.
Суднинг кейинги мажлиси 25 январ куни ўтказилиши режалаштирилган.
"Уч ўзбек 16 ой аввал Россиядан ўғирланган"
Абдураҳмон Сатвалдиевга кўра, 2010 йил 15 сентябрида ўғли Санжарбек ва у билан судланаётган икки киши Ўзбекистон махсус хизмати томонидан Москвадан ўғирлаб, Тошкентга келтирилади.- Учаласини 2010 йил 15 сентябр куни Москва шаҳрида тутиб олиб келишган. Менинг ўғлим Россия фуқароси эди. Нариги иккитаси Ўзбекистон фуқароси. Россиянинг ФСБлари буларга ëрдам берган. Ўзбекистон хавфсизлик хизматининг одамлари бориб тутиб келган. Ноқонуний ҳужжат тайëрлашиб ҳеч қаерга регистрация қилмасдан олиб келишган. Самолëтга тиқиб олиб келишган,- дейди А. Сатвалдиев.
Абдураҳмон аканинг айтишича, икки ойдан кейин ўғлини Андижон МХХсининг тергов изоляторидан дараги чиққан.
- Икки ой дараги чиқмади. Икки ой изламаган жойимиз қолмади. Икки ойдан кейин Андижон вилоят МХХсининг тергов изолятори бор. Шу ердан “Иссиқ кийим олиб келинглар” деб хабар келди,- дейди А. Сатвалдиев.
35 ёшли Санжарбек Сатвалдиев 2001 йили Андижоннинг Хонободидан Қирғизистонга кўчиб ўтиб, Қирғизистон фуқаролигини олган.
2007 йили эса оиласи билан Россияга бориб, Россия фуқаролигига ўтган.
Абдураҳмон Сатвалдиевнинг Озодликка маълум қилишича, Россияда ўғли Санжарбек Сатвалдиевнинг ўғирлаб кетилиши бўйича Россия ЖК "Одам ўғирлаш" моддаси бўйича жиноий иш очилган.
Хориждан ўзбекларни "ўғирлаш тадбири"
Ўзбекистон махсус хизматларининг қўшни давлатлардан одам ўғирлаш ҳолатлари тез-тез кузатилади.Суръат Икромовга кўра, Ўзбекистон ҳукумати бу амалиёт учун катта миқдорда маблағ сарфлайди.
- Мен ўзим ҳайратда қоламан. Мен ҳали бирор марта эшитмадим Россия хизматлари ëки ФСБси, Қозоғистон, Қирғизистон ëки собиқ СССРдаги қайсидир давлатлар махсус хизматлари Ўзбекистонга келиб кимнидир олиб чиқиб кетгани тўғрисида ҳали эшитмадим. Фақат Ўзбекистоннинг МХХси Москва бўладими, Олмаота бўладими, Бишкек бўладими ҳамма жойда ўзининг уйидай юради. Нима учун улар шунақа йўл очиб берган? Агар қонуний қилса ҳам майли. Бунақа қамоққа олишлар ўзи ноқонуний. Мана Ўзбекистон Бош прокуратураси билади, лекин ҳаммаси кўзини юмиб олган. Эшитмадим, кўрмадим деб ўтирибди. Менинг билишимча, молиялаш жуда ҳам каттада. Бу ëқлардан олиб келиш ўзича бўлмайди. Катта маблағ керак. Молиялаштириш катта бўлгани учун мана шунақа ишлар билан шуғулланиб юрибди булар,- дейди С. Икромов.
2011 йилнинг 21 декабрида Санкт-Петербургдан ўғирлаб кетилгани айтилган самарқандлик 39 ёшли Рустам Зоҳидов айни пайтда Самарқанд МХХсида ушлаб турилибди.
Страсбург судининг экстрадиция қилмаслик борасида қарори бўлишига қарамай, Россия икки ўзбек қочқини - Рустам Мўминов ва Абдуғани Камалиевни Ўзбекистонга яширин тарзда бериб юборган эди.
Ҳуқуқ фаоллари маълумотига қараганда, сўнгги уч йил ичида МДҲ мамлакатларидан Ўзбекистонга яширинча ёки ошкора экстрадиция қилинган фуқаролар сони юздан ошган.
Уларнинг деярли ҳаммаси Ўзбекистон томонидан диний ва сиёсий мотивларда айбланаётган фуқаролардир.