Қозоғистон Бош прокурори Жанаўзенда ўтган йил 16 декабрида содир бўлган тартибсизликлар чоғида полициячилар ўз ваколатларини ошириб юборганини эътироф этди.
25 январ оқшомида “Қозоғистон” телекомпанияси эфири орқали сўзлаган Бош прокурор Асхат Даулбаев Жанаўзен воқеалари чоғида “айрим ҳолларда полиция томонидан ўқотар қурол ва махсус воситаларнинг қўлланиши ўринсиз бўлган”ини, полициячиларнинг ўз ваколатларидан четга чиқиб, ноқонуний равишда қурол қўллагани одамлар ўлими ва яраланишига олиб келганини қайд этди.
Даулбаевнинг бу баёноти Жанаўзен воқеалари содир бўлган дастлабки кунларда полициячилар мутлақо қонун доирасида ҳаракат қилганини, у ерда фақат полициячиларга ҳужум қилган безорилар маҳв қилинганини таъкидлаган президент Нурсултон Назарбоев ва ички ишлар вазири Қалмуханбет Қасимов баёнотларидан кескин фарқ қилади. Бироқ қуролсиз намойишчилар ўққа тутилгани бўйича интернетга чиқиб кетган видеоёзувлар қозоқ расмийларининг Жанаўзенда ноқонуний ўққа тутиш бўлганини эътироф этишга мажбур қилди.
Қозоғистон Бош прокурори намойишчилар ўққа тутилиши учун энг биринчи айбдор сифатида ўша куни Жанаўзенда полиция отрядига раҳбарлик қилган Манғистау вилоят Ички ишлар департаменти бошлиқ ўринбосари Утегалиев номини тилга олди. У “хизмат вазифасини лозим бўлганидек бажармаганлик”да айбланади. Шунингдек, Асхат Даулбаевга кўра, “хизмат ваколатларини оширган ҳолда кишилар ўлимига сабаб бўлган қурол қўллаганлик учун Манғистау вилоят Ички ишлар департаменти экстремизмга қарши кураш бўлими бошлиғи Бағдабаев, Жанаўзен шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиқ ўринбосари Бақитқалиули, Манғистау вилоят Ички ишлар департаменти тезкор ходими Жўлдибаев жиноий жавобгарликка тортилади”.
Ўтган йилнинг 16 декабр куни Манғистау вилояти Жанаўзен шаҳрида Қозоғистон мустақиллиги куни оммавий тартибсизликлар юзага келган, натижада камида 17 киши ҳалок бўлганди. 64 киши тан жароҳати олган бу тартибсизликлар чоғида 125 объектга шикаст етказилган ва таланган. Шундан сўнг Жанаўзенда президент Назарбоев фармони билан фавқулодда ҳолат жорий қилинган бўлиб, унинг муддати 31 январ куни тугаши керак.
Қозоғистон Бош прокурори Асхат Даулбаев кечаги баёнотида фақат полициячиларни айблаш билангина чекланиб қолгани йўқ. У ўтган йилнинг 16 декабрида Жанаўзенда содир бўлган тартибсизликларни уюштирганликда фуқаролардан олти киши айбланаётганини билдирди.
Жанаўзендаги оммавий тартибсизликлар ташкилотлари сифатида саналган Сақтағанов, Жарилғасинов, Ирмуханов, Дўсмағамбетов, Уткилов ва Тулетаеваларга нисбатан, Бош прокурорга кўра, Қозоғистон Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-банди бўйича айблов эълон қилинган, уларнинг барчаси ҳибсга олинган.
Даулбаев тартибсизликларнинг 23 нафар фаол иштирокчиси ҳамда талончилик билан шуғулланган 11 нафар шахс аниқлангани ва ҳибсга олинганини, уларнинг аксарияти оммавий тартибсизликни уюштирганлиги ва унда иштирок этганлигини тасдиқлаганини қўшимча қилди.
Хусусан, улар оммавий тартибсизликларга аввалдан тайёргарлик кўрганлари, шу мақсадда гуруҳга ёш йигитларни жалб қилганлари, бу ёшлар эса ёнувчи моддали шишалар тайёрлаганлари ва қўлбола воситалар билан қуролланганларини қайд этганлар.
Расмий маълумотларга кўра, Жанаўзендаги оммавий тартибсизликларнинг бошқа ташкилотчилари ва иштирокчиларини аниқлаш ва қидириш бўйича тадбирлар давом этмоқда.
“Оммавий тартибсизлик келиб чиқиш сабабларидан бири айрим шахсларнинг ишдан бўшатилган ишчиларни норозилик намойишларини давом эттириш ва расмийларга кескин қарши туришга ундаш бўйича фаол хатти-ҳаракатлари бўлган. Улар тарқатган ташвиқот материалларида ижтимоий низо қўзғаш аломатлари борлиги экспертиза томонидан аниқланди”, дейилади кеча Қозоғистон Бош прокуратураси томонидан тарқатилган баёнотда.
Мазкур ҳодиса юзасидан Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан жиноий иш қўзғатилган.
Жанаўзен воқеаларини текшириш доирасида “Алға” партияси ва “Халиқ майдани” (Халқ жабҳаси) ҳаракатининг раҳбарлари ва фаол аъзолари Владимир Козлов, Айжангул Амирова и Серик Сапарғали, Бош прокуратура маълумотларига кўра, ижтимоий низо қўзғашга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган.