Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, бир ой ичида мамлакатда “Термитга қарши кураш маркази” ташкил қилинади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2 февралдаги “Термитга қарши кураш ишларини жадаллаштириш ва унинг зарарларини бартараф қилиш тўғрисида”ги қарорига кўра, “Термитга қарши кураш маркази” Ўзбекистон фанлар академияси Зоология институти қошида ташкил қилинади.
Зоология институти "Энтомология" бўлими мудири, профессор Оловиддин Ҳамроевнинг Озодликка билдиришича, термитлар келтираётган зарар миқдорининг кенглиги боис унга кураш кўламини кенгайтириш учун “Термитга қарши кураш маркази” ташкил қилинмоқда.
- Олдин фақат институтнинг ўзи термитларга қарши кураш чоралари бўйича, ҳам уларни амалга ошириш бўйича зарур ишларни амалга ошириб келарди. Энди ҳозир бу ишга республика санитария гигиена маркази қошидаги дезинфекция станциялари, республика ўсимликларни ҳимоя қилиш вилоят марказлари жалб қилинган. Чунки ишнинг ҳажми ниҳоятда катта, дейди Ҳамроев.
Бир ой ичида ишга тушиши режалаштирилаётган ушбу марказ турар жойлар учун ажратиладиган ер майдонлари учун назоратни ҳам ўз зиммасига олади.
Профессор Ҳамроевга кўра, эндиликда янги иморат қуришдан аввал “Термитга қарши кураш маркази”дан рухсат олиш лозим бўлади.
- Янги-янги бинолар ëки иморатлар қурилади. Лекин ҳеч ким термитлар территорияда тарқалганми тарқалмаганми буни ҳисобга олмасдан қурилган биноларни қарабсизки, ярим-бир йил ичида янгидан термитлар зарарлай бошлаши кузатилади. Бу ҳолат республикада жуда кўпчилик жойларда учрайди. Шунинг учун шу марказ асосан ўша жойларни бориб кўриб, термитлар тарқалганлигини ҳисобга олиб, ўша жойда то бартараф этилмагунга қадар қурилишга рухсат бермайди, дейди профессор.
Ҳукумат қарорига кўра, “Термитга қарши кураш маркази”га Ўзбекистон архитектура ва қурилиш қўмитаси ходимлари ҳам бириктирилган бўлиб, бундан буён уй-жой қурилиши лойиҳаси мазкур марказ томонидан тасдиқланиши шарт бўлади.
- Битта янгилик, қарорга биз архитекторни ҳам қўшдик. Чунки архитектор иморатлар қуриладиган жойда қурилишнинг схемасини бериши керак. Мана масалан, бирорта вилоятда 20-30та хонадонга жой ажратилиши мумкин. Шунда архитектор келиб, ўша жойнинг шароитини ҳисобга олиб, термитларга қарши барқарор иморатларнинг схемасини ëки ўша асосида қурилишни талаб қилади, дейди профессор Ҳамроев.
Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти маълумотига кўра, ҳозирда мамлакатдаги 30 мингдан зиёд турар-жой биноси термитдан зарарланган.
Мамлакатнинг деярли барча вилоятларида термитдан зарарланиш қайд қилинган бўлиб, энг кескин вазият Навоий вилоятида экани аниқланган.
Шунингдек, Қорақалпоғистонда 7200 хонадон, Хоразмда 700га яқин объект термитлардан зарарланган.
2004 йили Хива шаҳрида тўрт ёшли эгизак қизлар Ойша билан Фотима Сафаевалар термит қуртидан зарарланган деворнинг қулаб тушиши оқибатида ҳалок бўлган эди.
Профессор Ҳамроевга кўра, шундан кейин термитлар зарари натижасида одамлар орасида қурбонлар кузатилмаган.
Ўзбекистонда термитлар биринчи марта 1875 йили рус олимлари томонидан аниқланган.
Фақат ўтган асрнинг 50-йилларига келибгина термитлар билан шуғулланиш бошланган. Лекин 70-йиллардан бошлаб бу иш яна тўхтаб қолган.
Ўзбекистонлик олимлар 2001 йилдан бошлаб термитга қарши жиддий кураш бошлаган.
2003 йили АҚШ қишлоқ хўжалиги департаментининг термитга қарши кураш бўйича 291 минг долларлик гаранти ютиб олинган.
2006 йилдан бошлаб ушбу грантнинг иккинчи босқичига 256 минг доллар ажратилган.