Баҳодирни пахта қурбони сифатида тан олишмаяпти

Фалокатдан 6 ой ўтиб Баҳодир ҳануз тўшакда қолмоқда.

Пахтадан қайтаётиб, автоҳалокатга учраган чироқчилик 13 ёшли Баҳодир Пардаев ҳали ҳам тилга киргани йўқ, бир қўли билан бир оёғи ҳам ишламаяпти.


Суд ҳукми: Уч миллион сўм моддий зарар


Жорий йилнинг 3 март куни Қашқадарё вилоят Қарши туманлараро фуқаровий суди 24 сентябр куни пахтадан қайтаётиб, автоҳалокатга учраган 13 ёшли Баҳодир Пардаев билан боғлиқ ишни кўриб чиқди.

Суд ҳукмига кўра, Баҳодирни машинаси билан уриб юборган ҳайдовчи Бахтиёр Яхшибоевга 2 йилу 6 ойлик шартли жазо берилган.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган Баҳодирнинг амакиси Азамат Мустафаевга кўра, улар айбланувчидан 4,5 миллион сўм моддий зарар ва 10 миллион сўм маънавий зарар ундирилишини сўраб судга киритган даъво аризаси фақат қисман қондирилган.

- Баҳодирни даволаш учун шу пайтгача кетган дори-дорманларнинг жами нархи 4,5 миллион сўм бўлган эди. Суд дори-дармон учун 3 миллион сўм ундирилиши бўйича ҳукм чиқарди. Маънавий зарар борасидаги сўровимизни рад қилди,- дейди Азамат Мустафаев.


“Пахта масаласини судда кўрмаймиз”


13 ёшли Баҳодир Пардаев 24 сентябр куни пахта теримидан қайтаётиб, автоҳалокатга учраган эди.

Баҳодир ўқиган ва уни пахтага олиб чиққан 24 мактаб директори Гўзал Мустафоева Озодлик билан суҳбатда 13 ёшли болкайнинг айнан пахта даласидан қайтаётган пайти автоҳалокатга учраганини тасдиқлаган эди.

- Бу бахтсиз тасодиф. Бундай бўлишини ҳеч ким хоҳлагани йўқ. Масалан, мен ҳам хоҳлаганим йўқ. Бизларда йиғилишларда “ëрдам беринглар, ўқитувчи, ўқувчилар ҳашарчи сифатида ëрдам беринглар” дегани учун бизлар ҳашар сифатида олиб чиққан эдик. Бир кун ҳашарга деб олиб чиққан эдик биз. Шанба, якшанба куни теримчиларга ëрдамчи сифатида олиб чиққан эдик. Ҳеч ким мажбурлагани йўқ пахтага чиқинглар деб. Об-ҳаво ўзгариб кетаëтганлиги сабабли қор-ëмғирга қолмасин, йиғиштириб олайлик деб ëрдам беришга чиққан эдик. Пахта ҳаммамизнинг бойлигимизку,- деган эди 10 октябр куни мактаб директори Гўзал Мустафоева.

Баҳодирнинг амакиси АзаматМустафоевнинг айтишича, улар судга киритган давъво аризасида 13 ёшли Баҳодирни дарс пайти пахтага олиб чиққан шахсларни жавобгарликка тортишни ҳам талаб қилишган.

Бироқ суд "пахта давлат сиёсати" қабилидаги важлар билан бу хусусдаги даъвони рад қилган.

- Пахтада деган ишни олиб ташлаяпти. Бу давлат сиëсатига қарши деб олиб ташлаяпти. Президентга ëзилган, президент девонига ëзилган, Ўзбекистон Республикаси прокуратурасига ëзилган аризалар ҳаммасининг менда нусхаси бор. Ҳаммасида пахта масаласи киритилган. Лекин олиб ташлаяпти. Пахта иши билан деган ишни олиб ташлаяпти. Мактабга нисбатан 6-синф боласини мажбурлаб пахтага олиб чиққан, фуқаролар йиғинининг раиси, МТП раисини жавобгарликка тортиши керак. Лекин у тўғрисида рад жавоби келаяпти бизларга,- дейди Азамат Мустафаев.

Баҳодир олти ойдан буён тилга кирмаяпти


Пахтадан қайтаётганда автоҳалокатга учрагач, Баҳодир комага тушди ва фақат тўрт ойдан кейингина ҳушига келди. Бироқ унинг аҳволи ҳануз ўнгланмаган.

- Олти ойдан бери 13 ëшга кирган бола жойида сияди, ўрнидан тура олмайди. Гапирмаяпти. Тушуниб бўлмайдиган гапни гапиради. Ëш болаларнинг гапини гапиради. Энди тилга кираëтган болалар борку. Худди шундай болаларнинг гапини гапиради. Сув деган нарсани ув дейди, бир қўл, бир оëқ ишламайди,- дейди Баҳодирнинг амакиси.

“Баҳодирни даволатиш учун 10 та қорамол сотилди”


Баҳодирни оёққа турғазиш илинжида ота-онаси олти ойдан буён мурожаат қилмаган шифокорлар қолмади.

Болакайнинг яқинларига кўра, дори-дармон, йўл кира, шифохона учун тўловларга кетган ҳаражатлар учун уйдаги 10 та қорамол сотилган.

- 20 миллион харажат қилиб ўтирибди булар. Қарз бўлиб ëтди, ҳаммадан қарз. Автоҳалокатгача уйида 10та моли бор эди. Ҳозир келиб кўрсангиз, битта бузоғи йўқ, 20 одамдан қарз бўлиб турибди ҳозир. Ҳеч қандай ëрдам, бир ҳол-аҳвол сўраб борган одамнинг ўзи йўқ. Битта одам “Мана шу бола автоҳалокатга учради. Биз мажбурлаб пахтага чиқарган эдик. Шунинг оқибатида автоҳалокатга учраган” деб ҳол-аҳвол сўрагани йўқ. Фуқаролар йиғинидан моддий ëрдам сўраганда уни ҳам бермаяпти. Ўзбекистон республикаси президентига, Ўзбекситон президенти девонига, Ўзбекистон республикаси прокуратурасига, Олий судга, Ўзбекистон телерадиокомпаниясига жўнатганман. Ҳеч қандай бизга жавоб берадиган нима йўқ,- дейди Баҳодирнинг амакиси.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Баҳодирни пахта қурбони сифатида тан олишмаяпти