"Тожиктрансгаз" Ўзбекистондан туркман гази учун транзит йўлаги очишни сўради.
Ашхобод рози бўлди, гап Тошкентда қолди
"Тожиктрансгаз" компанияси "Ўзтрансгаз" ширкатига расмий мактуб йўллаб, Тожикистон учун туркман газини Ўзбекистон орқали транзит қилишга кўмак сўради."Тожиктрансгаз" раҳбари Сайидаҳмад Шарофиддиновга кўра, ўтган ҳафтада Ашхободда ўтказилган туркман-тожик музокараларида Туркманистон томони Тожикистонни табиий газ билан таъминлашга ҳозирлик билдирган.
- 27 март куни туркман газини Тожикистонга транзит қилиб беришга розилик сўраб, Тошкентга расмий мактуб юборилган эди. Бордию Ўзбекистон бунга розилик берса, у ҳолда биз 2012 йилда Туркманистондан 200 миллион куб метр табиий газ импорт қилиш борасида тегишли ҳужжат имзолаймиз. Лекин ҳозирча Ўзбекистондан жавоб олганимиз йўқ. Ҳар ҳолда, умид қилаяпмиз, - деди “Тожиктрансгаз” ширкати раиси Шарофиддинов.
Аммо, тожикистонлик мутахассислар фикрича, бу ишни амалга оширишда баъзи тўсиқлар мавжуд. Зеро, Туркманистондан Тожикистонга табиий газ етказиб берадиган қувурлари Ўзбекистон худудидан ўтади.
Ўтмишда ҳам Тожикистон Туркманистондан табиий газ сотиб олишга ҳаракатлар қилган, бироқ, тожик мутахассисларига кўра, бу ниятларнинг амалга ошишига Ўзбекистон тўғаноқ бўлган. Ўз навбатида, ўзбекистонлик газчилар Тошкентнинг газ транзитига оид рад жавобини қувурларнинг катта миқдордаги табиий газни транзит қилиш имконига эга эмаслиги билан изоҳлаганди.
Ўтган ҳафтада эса Ўзбекистон томони 1 апрелдан бошлаб Тожикистонга табиий газ етказиб бериш тўхтатилишига оид қарорини эълон қилди.
Тошкент изоҳи
"Ўзбекнефтгаз" компанияси Тожикистонга газ берилиши тўхтатилишини расмий изоҳлаб, жорий йилнинг 5 январида “Ўзтрансгаз” ва “Тожиктрансгаз” акциядорлик компаниялари ўртасида имзоланган шартноманинг 2.2-бандига мувофиқ, Тожикистонга 45 миллион куб метр ҳажмдаги табиий газни йилнинг фақат биринчи чорагида етказиб бериш кафолатланганини билдирди.“Иккита хўжалик юритувчи субъект ўртасида тузилган мажбуриятлар тўлиқ бажарилди ва шу муносабат билан Тожикистон Республикасига табиий газ етказиб беришнинг тўхтатилиши борасидаги буюртма фитналар ҳеч қандай асосга эга эмас”, дея қайд этилади “Ўзбекнефтгаз”нинг расмий изоҳида.
Газ можароси
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида табиий газ билан боғлиқ можаро жорий йил бошида ҳам кузатилганди.Тожик расмийлари “Ўзтрансгаз” ширкати ҳеч бир огоҳлантиришсиз ва бир ёқлама қабул қилинган қарори асосида 4 январдан эътиборан Ўзбекистондан Тожикистонга табиий газ узатишни батамом тўхтатган”и ҳақида баёнот бергандилар.
5 январ куни эса икки мамлакат расмийларининг Тошкентда ўтказилган музокараларидан кейин Ўзбекистон ўз қўшнисига табиий газ узатишни қайта бошлаганди.
Тожик расмийлари маълумотига кўра, Ўзбекистондан импорт қилинган газ, асосан, Тожикистондаги ишлаб чиқариш корхоналари, хусусан, Тожикистон алюминий заводи ва "Тожикцемент" заводлари эҳтиёжи учун ишлатилади. Мамлакат аҳолисининг аксарият қисми эса икки йилдан буён табиий газ таъминотидан узилиб қолган.
Тошкент газ бермаса ҳам ТАЛКО ишлайверади
“Агар Ўзбекистон туркман газини транзит қилиш борасидаги Тожикистон таклифини рад қилса, бу йирик корхоналар фаолияти тўхтайдими?” дея сўрадик Шарофиддиновдан.- Йўқ, бу корхоналар фаолият юритаверади, бунинг учун зарур чоралар кўрилмоқда. ТАЛКО заводи ёнилғининг муқобил манбалари билан фаолият юритишга тўла тайёрланган. Тожикцемент заводи ҳам бу йўналишда чоралар кўрмоқда, - деди Шарофиддинов.
ТАЛКО алминий ишлаб чиқариш заводи масъуллари эса заводда айнан қайси муқобил манбалардан фойдаланилишига оид саволларимизни очиқ қолдирди.
Айни пайтда таҳлилчилар Ўзбекистондан табиий газ импорти тўхтатилиши ортидан мамлакатдаги корхоналар қаторида йўловчи ташувчи транспортлар учун ҳам жиддий муаммолар туғилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Зеро, уларнинг айтишича, шаҳардаги аксарият транспорт воситалари бензин нархининг ошиб кетиши ортидан табиий газдан фойдаланади.
Бошқа томондан, тахлилчилар фикрича, бордию Ўзбекистон томони туркман табиий газини Тожикистонга етказиб беришга розилик бермаса, “Ўзбекистон Тожикистонни иқтисодий қамал қилишда давом этмоқда”, деган иддаолар исботланади. Бу эса ўзбек-тожик муносабатларига янада жиддийроқ таъсир қилади.