Бахт нима билан ўлчанади?

Инсониятни асрлардан бери ўйлантириб келаётган бу савол душанба куни БМТда ўтказилган мунозарада муҳокама қилинди.

Мунозара иштирокчилари келган хулосалар тўғрисида гапиришга ҳали эрта, лекин улар у ёки бу мамлакатни ривожланган, деб ҳисоблаш учун иқтисодий кўрсаткичларнинг ўзигина етарлими, деган масала устида бош қотирдилар.

Мунозара фаровонлик ва бахтни ўз сиёсатининг устивор йўналиши қилиб белгилаб олган Бутан Қироллиги ташаббуси билан ўтказилди.

Ҳимолай тоғларида жойлашган мўъжазгина давлат - Бутан Қироллиги ички ялпи маҳсулот ўрнига ялпи миллий бахт кўрсаткичини ўлчайди ва бу усулни дунёдаги бошқа давлатларга ҳам таклиф қилмоқда.

БМТ Бош ассамблеяси ўтган йилнинг июлида қабул қилган резолюцияда ривожланишнинг янги мезонларини ишлаб чиқиш таклиф қилинган, бу критерийлар орасида одамларнинг бахтга интилишларини ҳисобга олиш тавсия қилинган эди.

Бораëтган мубоҳасалар муносабати билан айрим ўзбекистонликлардан мамлакат иқтисодий аҳволи билан шахсий бахт тушунчаси ўртасида боғлиқлик кўрасизми, деб сўрадик.

Марғилонлик уста, 45 яшар Абдурашид бундай боғлиқлик кўрмайди.

- Ўзимнинг дунëқарашим, ўзимнинг миям билан мен ўзимнинг бахтимни топаяпман. Мамлакатнинг иқтисодиëти, сиëсий тараққиëтига менинг бахтим умуман тааллуқли эмас, дейди марғилонлик Абдурашид.

Андижонлик Садирохун ота ҳам ёши бир жойга бориб қолганига қарамай, бахт нима деган савол устида ҳамон бош қотиради.

- Бахт ўзи бормикан? Нима экан бахт? Мен ҳам шунга жавоб бергани қийналаман, дейди Садирохун ота.

Садирохун ота бахт нима деган саволга аниқ жавобни ҳануз билмагани билан, ўз бахтини мамлакат иқтисодий аҳволи билан узвий боғлиқ, деб билади. У мустақилликнинг дастлабки йилларидаги кайфиятини эслаб бундай деди.

- 20 йил олдин шу эдики, давлатимиз жуда катта ривожланаëтган эди. катта қурилишлар бўлаëтган эди. демак, яна бундан ҳам зўр иш бўлади деб мен ўзимни ўтдан чўққа уриб давлат учун хизмат қилардим ва қилганман, дейди андижонлик
Садирохун ота.

Яна Марғилонга қайтамиз. Бу шаҳарда яшовчи Хосиятхоннинг саволимизга жавоби бу бўлди.

- Мен бахтлиман. Нимага денг?

Озодлик: Нимага?

- Нимага десангиз, мен ҳазиллашмайман. Мен любой одам билан гаплаша оламан. Бир ойда менинг қўлимга 360 минг пул киради. Шу менга етади. Ортиб ҳам қолиб, қизим бор чиқарадиган, ўшанга ҳам ташлаяпман. Бунга нима дейсиз мана?

Озодлик: Мен ҳеч нарса демайман.

- Менинг танишим бор. Эшитинг энди. Менинг танишларим бор Россияда, у ëқ бу ëқда иш қилишади. Қўлида 40та узук, бўйнига тиллолар бор. Келади, фарзандларига қарамайдида, яна пул, пул дейди. Ўша одам бахтлими? Мен бахтли демайман ўша одамни. Бахтсиз дейман ўша инсонни, дейди марғилонлик Хосиятхон.

Марғилонлик Хосиятхоннинг “қўлида 40та узуги бор” танишини топа олмадик.

Саволимизни Тошкентда яшайдиган журналист Малоҳат Эшонқуловага ҳам бердик.

- Мамлакатнинг иқтисодий аҳволи қайсидир бир жиҳатдан таъсир қилади инсоннинг бахтига. Хоҳ ижобий, хоҳ салбий. Масалан¸ оиланинг тинчлиги, кўнгил хотиржамлиги ëки бахти истаймизми йўқми олдин иқтисод, кейин сиëсат деб бекорга айтишмайдида. Иқтисодга боғлиқ. Масалан¸ эр-хотин ўртасидаги муносабатда ҳам, қачон оилада тўкинлик бўлади, қачонки мамлакат барқарор бўлса, мамлакат иқтисодий юксалган бўлса, бу нарса ҳар бир оилада акс этади деб ўйлайман, деди журналист Малоҳат Эшонқулова.

Маълумки, Ўзбекистондаги жамоатчилик фикрини ўрганиш “Ижтимоий фикр” маркази ўзбекистонликлар ўзларини ҳар соҳада бахтиёр эканлиги тўғрисида ҳар йили ҳисоб бериб келади.

Айни пайтда баъзи халқаро тадқиқот марказлари ҳам “Ижтимоий фикр”никига ўхшаш натижаларни эълон қилган. Масалан, Happy Planet Index деб номланган 2009 йилги ҳисоботга кўра, ўзбекистонликлар дунёнинг энг бадавлат мамлакатида яшайдиган америкаликлардан анча бахтлироқ, деган фикрга бориш мумкин: 143 давлатни ўз ичига олган рейтингда Ўзбекистон 43, АҚШ эса 114 -ўринга қўйилган.

Демак, мамлакат иқтисодий аҳволининг шахсий бахт тушунчасига алоқаси йўқ эканда?

Бу саволни социолог олим Камолиддин Раббимовга бердик.

- Ўзбекистонда одамлар ўзини бахтли қилиб кўрсатишни хоҳлайди. Аслида ҳар доим ҳам ваизятдан тўла қониқиш мавжуд эмас. Ассоий муаммо жамиятдаги инқирознинг ижтимоий-иқтисодий мураккабликларининг борлиги эмас унинг англашиш даражаси. Масалан сиз французлардан ëки америкаликлардан “вазият қандай?” деб сўрасангиз, улар энг қониқарсиз баҳо беришади. Яъни улар вазиятдан мутлақо қониқишмайди. Чунки уларнинг онги эришган ютуғини эмас мавжуд камчиликларни кўпроқ қамраб олган. Бу менталитетга, цивилизацион характерга эга бўлган масала деб ўйлайман, деди социолог олим Камолиддин Раббимов.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Бахт нима билан ўлчанади?