Дорининг орқасидан Фанта ичворамиз

Телереклама эркаси - дорилар.

Реклама савдонинг мотори эканини яхши биласиз. Реклама телевидениенинг ҳам мотори эканлиги тўғрисида ўйлаб кўрганмисиз?


Мотор бўлгандаям бир уюр Владимир оти кучи бор мотор.

Бу моторнинг кучи шу қадар буюкки, кўрсатувлар рейтингини ўлчашга мажбур қилади: рейтинги баланд кўрсатувнинг реклама вақти қиммат, пастиники – арзон.

Бу моторнинг кучи шу қадар буюкки, у аниқ йўналишли телевидениеларни пайдо қилди. Уларни шартли равишда “Кино ТВ”, “Саёҳат ТВ”, “Овқат ТВ”, “Дин ТВ”, “Спорт ТВ”, “Бола ТВ”, “Қимор ТВ”, “Э, ўчир-е, уят, ТВ” ва ҳоказолар, деб аташ мумкин.

Бу гаплар бозор иқтисодиёти жараёни социализм паузаси билан бўлинмаган Ғарбу Шарқдаги давлатлар телевидениелари учун айтиладиган гапдир.

Социализм даврида туғилган ўзбек телевидениесининг мотори эса, ҳануз, асосан, давлатнинг пулидир.

Ҳар ҳолда “Ўзбекистон” каналининг кундузги кўрсатувлари шундай дейишимизга асос беради.

Мавзудан чекиниш

Кундузги кўрсатувлардан реклама изладик. Ҳа, ҳа, изладик. Раҳматли Ҳожибой қизиқнинг “Мазза қилиб реклама кўриб ўтирсанг, кино билан бўлворадимией!” деган гапи ЎзТВ тўғрисида, ҳар ҳолда унинг кундузги кўрсатувлари тўғрисида айтилмаганга ўхшайди.

Реклама кутиб ўтиравердик, ўтиравердик. Кўзимиз икки кўрсатув орасидаги бўш вақтни ёпадиган “Ҳар кун” деган мўъжаз лойиҳага тушди.

Доктор Замира Ҳалимова, композитор Ойдин Абдуллаевалар “Ҳар кун”нинг меҳмони бўпти.

Бу опаларнинг ютуқларидан, қувончларидан қувондик. Фақат бир нарса - опалар нутқидаги ўгит пешонамни тириштирди.

Замира опа “Ҳар куни, ҳар куни камида икки варақ китоб ўқишни тавсия қиламан”
десалар, Ойдин опа “Одам ҳар куни ўзининг келажаги порлоқ бўлиши учун ҳаракат қилиши керак ва муваффақияти сари ҳар куни илдам олға босиши керак” деб насиҳат қилдилар.

Билмадим, балки мен насиҳат эшитиш ёшидан ўтиб қолганим учун ғашим келгандир?

Шу дидактикасиз ҳам тинимсиз меҳнатлари билан муваффақиятга эришганларининг ўзи ибрат эмасми томошабинга?

Баъзида ўйлаааб қоламан – ўзбек деган миллатга асос солган энг қадимги аждодларимиз ўқитувчи ўтмаганмиканлар?

Рекламага қайтамиз

Телевидениесидаги рекламалар мазмунига қараб у ёки бу мамлакат аҳолисининг турмуш тарзи¸ унинг эҳтиёжлари тўғрисида муайян тасаввурга эга бўлиш мумкин.

Масалан, АҚШ ТВларида намойиш қилинадиган рекламалардан америкаликлар орасида семизлар нега кўплигини тушуниб олиш қийин эмас – озиқ-овқат рекламаси кўп.

Россия ТВларининг Европага мўлжалланган вариантидан бу қитъада яшовчи ўрисча гапирувчилар ҳамма ишни йиғиштириб қўйиб уззу-кун телефонда гаплашадиёв, деган фикрга бориш мумкин - телефон алоқасини таклиф қилувчи рекламалар ҳаддан зиёда.



Ўзбекистон каналининг кундузги кўрсатувлари орасида бир марта берилган реклама блогидаги 5 та рекламанинг 4 таси дорилар ҳақида бўлди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Реклама



Бояги гапдан – рекламасига қараб турмуш тарзи тўғрисида хулоса чиқариш мумкин, деган баҳсли фикрдан келиб чиқсак, ўзбекистонликлар “Фанта” ичади-ю касал бўлади, холосми?

Албатта, бундай эмасдир. Лекин нима учун бошқа товарлару хизматлар рекламаси йўқ? Ҳар ҳолда кундузги кўрсатувларда?

Қизиқ?



Бу саволларимизни ўринсизга чиқаришга аптека маҳсулотларига алоқаси бўлмаган биргина реклама – “Садо” газетаси рекламаси қодир эмас.





Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Садо газетаси



Хўш, нима учун шууунча реклама вақти бўш ётибди?

Ўзбекистон канали кўрсатувларининг рейтинги пастми ё?

Рейтинг ўлчашадими ўзи, ЎзТВда?

Балки, маҳсулоти ёки хизматини реклама қилувчиларнинг қудрати етмаётгандир реклама беришга?

Кундузги кўрсатувлар орасида бир-икки марта ўзбек ва рус тилларида берилган мана бу ижтимоий рекламага қараганда, потенциал реклама берувчилар синфи энди шакллантирилаётгандай:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Прокуратура огоҳлантиради



Яхши ният

Ҳар ҳолда шу рекламага ишонгимиз келди. Тезроқ хусусий тадбиркорлар иши юришиб кетсин, уларнинг кичик корхоналари катта заводлару фабрикаларга айлансин, улар Ўзбекистон каналини рекламага кўмиб юборсинки, рекламадан кўнглимиз айнаб, телевизорни ўчириб қўядиган даражага етайлик.

Лекин ўчириб қўйишга ҳам кучимиз етмай қолсин. Чунки рекламачининг пулини олишга ҳаракат қилар экан, кўрсатувлар муаллифлари шундай ишлашсинки, маҳсулотларининг давомини кўриш учун тишни тишга қўйиб реклама кўришга мажбур бўлайлик.

Агар шундай бўлса, давлат ҳам солиқ тўловчининг пулига телевидениени боқишдан хориж бўлади.

Ҳамма: давлат, реклама берувчи, телевидение, кўрсатувлар муаллифлари, томошабин-халқ ютади!

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Дорининг орқасидан Фанта ичворамиз