Ўзбекистон Европадан қолишмайди, даже...

Шу кунларда Евроньюс телеканали Ўзбекистон иқтисодиёти тўғрисида реклама ролиги намойиш қилмоқда. Телевизор эшиттиришининг бугунги сони мавзуини Ўзбекистон ҳукумати пулига намойиш қилинаётган ана ўша тарғибот ролиги белгилаб берди.

Асал ўрнига заҳар

- Сени бу қадар сўк ошига сурнай чаладиган анойи, деб ўйламагандим, деб таъна қилиб қолди кеча яқин ўртоғим.

- Ҳа, ўртоқ, дедим, хато қилмоқ бордир, тузатмаслик ордир – айт, айбим бўлса тузатай?

- ЎзТВ боғдан келса, сен тоғдан келасан “Телевизор” эшиттиришингда, ҳар шоирнинг ўз сози бор, ма қиласан ўзийни қийнаб, аралашма шу телевизорчиларга, барибир қулоқ солишмайди, деб уқтирмоқ бўлди ўртоғим.

- Энди, ўртоқ, бу дунёни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди, назарингда қўшоқнинг орасида бўшоқ бўлаётгандирман, лекин мен “Телевизор”ни телевизорчилар эшитсин учун эмас, томошабин эшитсин учун қиламан – нимани кўраётганини билиб кўрсин, дейман, мен сенга асал берай, деб турсам, сен менга заҳар берма, дедим дилим оғригандай бўлиб.

Оғригандай бўлиб турган дилимдан “ёғочни ўз ичидаги қурти ейди” деган гап ўтди. Лекин дилимдагини тилимга чиқармадим – дўстни аямоқ лозим, бундай пайтда гапирганинг кумуш, гапирмаганинг олтин. Гапдан – гап, чўпдан хас чиқишини биламан-да!

Дўстимнинг гапидаям бир ҳикмат бордир, дедиму бу гал ЎзТВ кўрмадим.

“Евроньюс” кўрдим

Бир неча йирик тиллардаги “Янгиликлар”ини бутун дунё кўрадиган “Евроньюс”да кейинги кунларда Ўзбекистон тўғрисида реклама ролиги намойиш қилинмоқда ва уни кўриб, бир ўзбек ўлароқ севиндим.

Ролик "Халқаро валюту жамғармасига кўра, Ўзбекистон бюджетидаги профицит ва ҳукумат қарзларини паст даражада сақлаб қолган ҳолда молиявий инқирозни эпчиллик билан енгиб ўтмоқда", деган сўзлар билан бошланади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

"Euronews"да Ўзбекистон



Севинган бир мен эмас. “Жаҳон” ҳам севинибди – Ташқи ишлар вазирлигининг ахборот агентлигини айтяпман.

“Жаҳон”нинг фикрича, роликнинг “Евроньюс”да намойиш қилиниши Ўзбекистонга “хорижий сармоядорлар ва сайёҳларнинг эътиборини жалб этишга хизмат қилади”.

Туққанинггаям ёқадиган тўғри гап бу. Бундай роликларни нафақат “Евроньюс”да, балки жаҳоннинг бошқа барча йирик телеканалларида кўп ва хўб кўрсатиш керак.

Бундай реклама учун бугун сарфланган бир сўм эртага икки сўм бўлиб қайтиб келиши мумкин.

Менга деса, хўўв Африканинг қоқ марказидаги давлатлар ТВларидаям кўрсатишсин – офтобдан жизза бўлган африкаликлар баҳору кузда Ўзбекистонга келиб салқинлаб кетишсин.

Энди бу роликдан кутиладиган самара тўғрисидаги тахминларимиз.

Сармоядорлар тўғрисида

Ўзбекистон ҳукумати ўзининг “Жаҳон” агентлиги тили билан бу ролик Ўзбекистонга “хорижий сармоядорлар ва сайёҳларнинг эътиборини жалб этишга хизмат қилади”, деганини боя айтдик.

Сармоядорларни ролик қанчалик ишонтира олиши тўғрисида бир нарса дейиш қийин. Чунки пул жигардан пайдо бўлади. Пули бор одам уни санашниям билади. Пули бор одам бир-иккита роликка ишониб, “жигар”ини жомадонга жойлаб Ўзбекистон қайдасан, деб йўлга чиқиб кетавермайди. Ҳисоб-китобини қилади, чақираётган мамлакат қонунларини, инвестицион муҳитини ўрганади.

Энди сайёҳлар тўғрисида

Бугунги кунда – Интернет Замонида анойи сайёҳ қолмади. Бугунги сайёҳ, айниқса европалик сайёҳ бўйдоқнинг кўзи билан хотин олмайдиган, даллолнинг кўзи билан мол олмайдиган одамдир – тиш кавлагичниям дабдурустдан сотиб олмайди, аввал Интернетга киради, кавлагич сотиб олганларнинг шарҳларини ўқийди, шундан кейингина бир қарорга келади.

“Евроньюс”да намойиш қилинган Ўзбекистон тўғрисидаги роликни кўрган европалик ҳам саёҳат бюросига бориш олдидан Интернетга киради.

Бугун биз ҳам шу ишни қилдик.

Қулоқдан кўз ҳақ

Мақтовдан танқид кўпроқ эканлигини кўрдик.

Мақтовлар:

“Овқатлари мазали ва арзон. Икки киши 5-6 долларга овқатланиши мумкин”.

“Такси арзон”.

“Тошкент - Самарқанд поезди тузук. Тозагина”.

“Самолётлари янги – қўрқмай учасиз”.

Танқидлар:

“Таомнинг арзони маҳаллийлар овқатланадиган ошхоналарда – жирканмайман десангиз киринг”.

“Таксига ўтирар экансиз, аввал нархини келишиб олинг, акс ҳолда икки долларлик йўл учун 50 долларингизни шилволишади”.

“Тошкентга Россиядан учар бўлсангиз, тоқатли бўлинг – пассажирларнинг 95 фоизи меҳнат муҳожирлари – “Одобнома” дарсларига биронтаси ҳам кирмаган”.

“Аэропортдан тезда чиқиб кетишни хаёлингизга ҳам келтира кўрманг. Паспорт назоратида камида бир ярим соат, багажни яна бир соат кутасиз, божгир багажингизни сканерда текшириб бўлиши учун ярим соат йўқотасиз. Ҳаяжонланманг. Аэропортдан эсон-омон чиқиб олганингизга шукур қилинг”.

“Ўзбекистонга бораркансиз, пул учун қоп оливолинг – 100 долларли битта пулни 230 та қоғозга алмаштириб беришади – ўзбекча энг йирик пул – мингталикнинг қарийб икки ярим пачкаси”.

“Киришдаям, чиқишдаям декларация тўлдиришда эҳтиёт бўлинг – ёнингиздан декларация қилинмаган бир доллар чиқиб қолсаям - ишингиз халта – божгирга “узатиб” қутуласиз”.

Сўк ошига сурнай

Хуллас, мақтовдан танқид кўп. Ааанча кўп. Биз фақат ўзникини ёмонласанг, ўзгадан меҳр кўтарилади, дебгина танқидларнинг ҳаммасини келтирмаяпмиз. Қолаверса, ҳаммасини келтиришнинг иложи ҳам йўқ.

Қиссадан ҳисса шуки, Ўзбекистон ҳукумати “кимсан фалончи” “Евроньюс” орқали меҳмон чақира бошлаган экан, мамлакатни меҳмонбоп қилишнинг чора-тадбирини зудлик билан кўриши лозимлиги кўриниб турибди.

Ахир меҳмоннинг олдига ош қўй, икки қўлини бўш қўй, дейишадику!

Акс ҳолда “Евроньюс”га ишониб келганлар уйларига мақтанганнинг уйига бор, керилганнинг тўйига бор, деб қайтишлари мумкин.

Ана унда уят бўлиб қолади.

Уят эса, ўлимдан қаттиқ.