“11 ой каламушлар билан яшадик”

Россиядаги миллионлаб ўзбек мардикорларининг аксари қийин шароитда турмуш кечиради.

Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти 12 апрел куни 29 нафар хоразмлик меҳнат муҳожири одам савдоси қурбони бўлгани тўғрисида хабар қилди.

Ташкилот раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг айтишича, хоразмлик икки шахс ўз юртдошларини Россиянинг Волгоград вилояти Волжский тумани Заканалье районидаги Погромный кишлоғига 2010 йилнинг январида олиб бориб, 10 ойдан кейин иш ҳақи бермай Ўзбекистонга қайтариб юборган.

Алданган хоразмликларнинг Озодликка айтишича, ҳуқуқ-тартибот органлари уларнинг шикоятларини кўриб чиқиб, юз берган воқеада жиноят аломатлари топилмаганини билдирган.

“Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилотидан ёрдам сўраб мурожаат қилган 29 кишидан бири Гавҳар Нуриллаевадир.

У киши ҳамюртлари билан биргаликда 10 ой давомида Погромний қишлоғида қандай шароитда яшагани тўғрисида айтиб берди.

Турар жой

- Олдинги союз даврида рабочийларнинг вагончиклари бўлардик, ана шунақа вагончиклар. Чириб кетган. Ичида думи узун сичқонлар бор эди. Россияда “криса” дейишаркан. Ана шу крисалар болалаб юрибди. Кечқурунлари ухлай олмайсиз. Пода-пода бўлиб чиқишади. Матраслари, кўрпаларига келсак, чириб кетган, эски. Ëстиқ йўқ.

Уй анжомлари

- Чой ичишга пиëла йўқ, чой дамлашга чойнак йўқ, сув олиб келиш учун челак йўқ, кир ювишга лагани йўқ, умуман мутлақо тасвирлаб бера олмаяпман.

Ўз ва ўгайлар

Озодлик: Шунақа шароитда неча ой яшадинглар?

- 10 ой яшадик.

Озодлик: Группада неча киши эдинглар?

- 205. Ўзбек одамлар 205та. Шунинг ичида 60таси ўзининг қариндошлари. Оға-иниси, опа-сингиллари, уларнинг шаропитлари мутлақо бошқача. Яхши вагончикларда яшашади. Продуктанинг ҳам яхшиларини ўзлари олиб қолади.


Бир чой қошиқ шакар

- Бизга горох билан макарон борку, ўшани сувга солиб қайнатиб беришади. Эрталаб 15-18 одам бўлса бир вагончикда, шу одамга бир чой қошиқ шакар, нон бўлди. Бошқа ҳеч нимаси йўқ.

Қаро тундан қаро тунгача

Озодлик: Бир кунда неча соат ишлардинглар?

- Ëз ойларида эрталаб соат 4дан кечқурун соат 9-10гача. Овқатимизни қоронғида ердикда. Свет йўқ.

Иш ҳақи қайтиш билетига етди холос

Озодлик: Шундай шароитда яшаб, шундай шароитда тонгдан тун қороншғигача ишлаб 11 ой давомида неча пуллик бўлдингиз?

- Бизнинг ойлик нимамиздан ҳар ойда 6000 рублдан пул бериши керак эди. Бизга иш тамом бўлгандан кейин кетар маҳалимиз келганида паспортнинг ичига фақат 8000 рубл, бу 8000 рубл бизга йўлкира экан. Ана шу 8000 рублни бериб, буларнинг ўзларининг одамлари бор экан, нима дейди, шериклари десам ҳам бўлади, бизларнинг паспортимизни бердирмай, автобус олиб келиб қўйиб, 8000 рублни бериб, автобусга миндириб бўлди деб жавоб беришди қўйди.

Бу даҳшатни “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилотидан ёрдам сўраб мурожаат қилган 29 кишидан бири Гавҳар Нуриллаевадан эшитдик.

“6 минг рублли маош ваъда қилишди”

Одам савдоси қурбонларидан яна бири Ойбек Собировдир. Ундан Россияга қандай бориб қолганлари тўғрисида сўрадик.

- 24 декабр куини Россияда далада ишлаш учун таклиф қилди.

Озодлик: Қайси йили?

- 2010 йилда. 10 январ куни бизларни Яраш исмли нотаниш шахснинг автобусига миндириб юборди. Шунда бизнинг паспортларимизни йиғиб олиб кетди. Биз Волгоград области, Волжский туманига бориб тушдик. Қарасак дала ишлари экан. Уй томонда договор қилиб гаплашган эдик. “Май ойигача ҳар ойда 6000 рублдан берамиз. Май ойидан кейин кунлик иш билан ишлайсизлар” деб ваъда берди.

Озодлик: Январ ойида борсангиз, Волгоград вилоятида қанақа дала иши бўлиши мумкин? Бир метр қорку.

- Бошида парник ишлари билан шуғулландик.

Озодлик: 6000 рубл жуда оз пул эмасми? 6000 рубл 200 доллар холос. Шунга арзийдими шунча узоққа бориб ишлаш?

- Май ойида далага чиққандан кейин уни керак бўлса, ҳафтасига топасиз йиғим-теримида. Шунга ишонтириб олиб кетдида, дейди Ойбек Собиров.

Ойбек Собировнинг ҳам, одам савдоси қурбонларидан яна бири Гавҳар Нуриллаеванинг ҳам ҳикоялари узун ва батафсил бўлди.

Вақт зиқлиги учунгина қисқа қилаяпмиз.

“Хоразмда одам савдоси билан шуғулланадиган мафия бор”

Биз 29 хоразмликнинг алдангани тўғрисида хабар тарқатган Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовга ҳам бир неча савол билан мурожаат қилдик.

Озодлик: Ҳайитбой ака, мен Ойбек Собиров ҳамда Гавҳар Нуриллаевалар билан суҳбатлашдим. Улар ўзларининг кўргиликлари тўғрисида нима учун ҳуқуқ-тартибот органларига эмас сизга мурожаат қилишди?

- Бу фуқароларимиз барча ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилиб бўлишган. Улар олдин маҳаллий участка нозирига, кейин маҳаллий прокуратурага, кейин вилоят прокуратурасига, ҳатто МХХга 2011 йил 7 декбарда мурожаат қилишган.

Озодлик: Уларнинг сиз тилга олган идораларга мурожаат қилганини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрдингизми?

- Улар менга аризалари билан мана шу ташкилотларга берган ëзишмаларининг нусхасини илова қилишган. Мен улардан ариза олган пайтда улардан паспортларини, мана шу ҳужжатларни оламан.

Озодлик: Ҳуқуқ-тартибот органларининг жавоблари қандай бўлди?

- Милиция, прокуратура, МХХ нинг берган жавоби бир-бирини такрорлайди. “Мана сизнинг хабарингиз фалончага жўнатилди, у хабар баради”. Уч-тўрт ой ўтгандан кейин шунақа бўлаяптики, “Сизнинг бнеган аризаларингизда жиноят аломатлари йўқ” деган жавобни олишаяпти.

Озодлик: Балки чиндан ҳам жиноят аломатлари йўқдир. Ойбек Собиров, Гавҳар Нуриллаева ва бошқалар Россияга олиб борган одамнинг устидан туҳмат қилишаëтгандир.

- Шахсан мен бунга ишонмайман. Чунки улар менга шумнақа нарсаларни илова қилишдики, у кишининг олдинги қилган ҳаракатлари, масалан унинг уй-жойи, олган машиналари ва ҳоказо, кейин эътибор берсангиз, мен 29 кишига ишонайми ëки битта мана бунга ишонайми?

Озодлик: Унда нима учун ҳуқуқ-тартибот органлари ўша одамнинг устидан ëзилган шикоятни ўрганиб чиқар экан жиноят аломатлари йўқ деган хулосага келади?

- Олдин булардан ариза олинади. Кейинчалик тергов-суриштирув пайтида ўша ҳолатлар бошқатдан, янгидан ўзгартирилади. Кимдир буларга диктоват қилади мана шундай ëзиш керак деб, кимдир уларга йўл-йўриқ кўрсатади. Кейин биринчи берган арзномалар ўзгартирилиб, охирида кўриндики, олдинига буларни ҳимоя қилиб туришади, бир ойдан кейин булар жиноятчига, жиноятчи эса халқпарвар бўлиб чиқади.

Озодлик: Кейинги пайтларда Ўзбекистон ҳукумати одам савдосига қарши курашни кучайтиргани тўғрисида хабарлар кўп. Сиз ўзингиз яшаб турган вилоятда одам савдосида айбланиб жавобгарликка тортилган шахслар борлиги ҳақида биласизми?

- Бу вақти-вақти билан газетада ëки телевизорда шундай бўлиб туради. Лекин шахсан мен Хоразмда ҳозирча билмайман жавобгарликка тортилганлигини. Лекин одам савдоси билан шуғулланиб юрган, бир-бири билан бирлашган одамларни биламан. Булар ҳозир катта мафияга айланиб кетган. Лекин уларни ҳеч ким қонун билан ҳал қила олмайди, дейди Ҳайитбой Ëқубов.

Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубовнинг сўнгги гапидан келиб чиқиб, чиндан ҳам шундайми, деган саволни Хоразм вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарларига беришнинг ҳозирча иложини қилолмадик.

Лекин одам савдоси қурбонлари Ойбек Собиров ва Гавҳар Нуриллаеванинг ҳамда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоялашга бел боғлаган Ҳайитбой Ёқубовнинг айтганларига ишонилса, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарларидан жўяли жавоб олишимизга кўзимиз етмайди.

Жавобни фақатгина Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, истаса, ола билади.

Хоразмлик бир неча ўн кишини “сувга олиб бориб суғормай қайтарган” икки аёлнинг исм-фамилияларини биламиз. Лекин айбсизлик презумпцияси принципидан келиб чиқиб, айтмасликка қарор қилдик.

Одамфуруш аёлларнинг исм-фамилияларини мақоламиз қаҳрамонлари аниқ билади. Уларни эса топиш осон.

Ойбек Собиров ўзини мана бундай таништирди.

- Мен Хоразм вилояти, Ҳазорасп тумани Мухомон қишлоғиданман. Исмим Ойбек Собиров. Ëшим 39да. Касбим дурадгор.

Гавҳар Нуриллаева ҳам ўзи ҳақдаги маълумотларни батафсил айтиб берди.

- Мен Гавҳаржон Нуриллаева. Хоразм вилояти, Ҳазорасп тумани, Баҳодир Матризаев маҳалласида яшайман,. Ëшим 53да. Тўртта фарзандим бор. Уй бекасиман. Маълумотим ўрта.

Бу мавзуга яна қайтамиз.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

“11 ой каламушлар билан яшадик”