Одам савдосига қарши курашаётган чинозлик ҳуқуқ фаоли қамалди

Гулнозанинг акалари Қозоғистонда қулликка тушгач, ўта оғир шароитларда меҳнат қилган.

Тошкент вилоятидаги милиция, прокуратура, суд тизими ҳамда ҳокимият амалдорларини одам савдосига алоқадорликда айблаб келаётган, чинозлик ҳуқуқ фаоли 26 ёшли Гулноза Йўлдошева 10 апрел куни ҳибсга олинган.

Ҳуқуқ фаоли товламачиликда айбланмоқда


Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи фаоли бўлган Гулноза Йўлдошева Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси, яъни товламачиликда айбланиб ҳибсга олинган.

Гулнозанинг отаси Йўлдошали Йўлдошевнинг Озодликка айтишича, қизи милиция ходимлари томонидан ҳибсга олингач, МХХ ходимлари унинг уйида тинтув ўтказган.

- 10 апрел куни Гулноза қизимни милиция ходимлари пулни подстава қилишиб, қўлга туширишиб, олиб кетишди. Уйга келсам СНБчилар обиск қилишиб турган эканлар. СНБчилар Гулнозага тегишли документларнинг ҳаммасини йиғиштиришиб кетишди. Гулнозани 10-число куни милицияхонага олиб бориб, қамаб қўйишган. 165 модданинг биринчи қисмига асосан дейишди. Шундан бери қизим билан учрашишга рухсат бермаяпти. Қизим ҳали турмушга чиқмаган. Жуда хавотир олаяпман,- деди Гулнозанинг отаси.

Синган сотка учун 100 минг сўм


Йўлдошали Йўлдошевга кўра, Гулнозани 100 минг сўмни пора сифатида олганликда айблаб ушлашган.

- Гулноза қизим автобусда келаëтганда кондуктор бола билан тортишиб қолган экан. Шунда Гулноза қизимнинг телефони ерга тушиб синган. "Телефонимнинг пулини тўлайсан", деган. У одам тўламайман деган. Уч-тўрт кундан кейин “Майли тўлайман” деб пул таклиф қилган, 100 минг сўм. У 100 минг сўмни милиция ходимлари подстава қилишиб, пора дегандай қилиб, қизимни бекордан бекорга хафа қилишиб, ҳозир милицияхонада қамаб қўйишган. Гулнозага ўрисчасига айтганда, "не за что" туҳмат қилишаяпти, дейди Йўлдошали Йўлдошев.

Яқинлари ҳимояси учун курашиб ҳуқуқ фаолига айланган қиз


Гулноза Йўлдошева ўтган йилнинг 23 декабр куни Озодликка берган интервьюсида 2011 йилнинг март ойида ўз акалари ва яна бир неча йигит собиқ милиция ходими воситачилигида Қозоғистонга яхши иш, яхши маош ҳақидаги алдов ваъдалар билан олиб кетилиб, у ерда қул қилиб ишлатилгани ҳақида гапирган эди.

Қозоғистонда Эржон исмли иш берувчи қўлидан паспортини олиб қўйиб, бир ой ишлатганидан сўнг Гулнозанинг акаси Ҳайрулла Йўлдошев Ўзбекистонга апрел ойи охирида касал бўлиб қайтган ва одамфурушлар домига тушиб, алданиб қолганини сўзлаб берган. Кейинчалик Қозоғистонга қулликка олиб кетилган бошқа ўзбекистонликлар ҳам қайтарилган.

Гулноза Йўлдошева шундан кейин ўзи мустақил равишда одамларни Қозоғистонга қул қилиб сотиш бўйича текширувлар олиб борган ва ҳуқуқ фаоллари сафига қўшилган.

23 декабр кунги интервьюсида Гулноза акаларининг Қозоғистонга қул қилиб олиб кетилиши билан боғлиқ холатда ҳукумат амалдорларининг ҳам алоқадор эканлигини даъво қилган эди.

- Чунки акаларимни қулликка бериб юборган одам бу ишларни уларнинг соясида қиляпти. Мен бу юзадан шикоят қилиб ҳокимият, прокуратурага мурожаат қилдим, бир неча марта мурожаат қилдим, улар бошидан бу ишни бости-бости қилишга уриняпти. Мана шу раҳбарларимиз ичида ўзини амалидан фойдаланиб, ўз мансабини фуқароларини ҳимоя қишидан устун қўйишар экан жамиятимиздаги бўлаётган ва бўлиши мумкин жиноятчиликнинг олдини олиб бўлмайди. Авваламбор раҳбарият ичидаги бундай кирдикорларга нисбатан қонуний чора кўрилиши шарт. Шундагина жамият ичидаги жиноятни олдини олиш ва унга қарши курашиш мумкин,- деган эди Гулноза Йўлдошева.

“Гулноза-уюштирилган жиноят қурбони”


Гулноза Йўлдошева билан боғлиқ вазиятни кузатиб келаётган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, Гулноза Йўлдошева уюштирилган жиноят қурбони бўлмоқда.

- Охирги олти ой ичида Гулноза одам савдосига қарши курашиб келаётган эди. Унинг акалари маҳалладаги бир одам орқали Қозоғистонга сотиб юборилган ва ўша ерда қул қилиб ишлатилган. Жуда қийноқларга учратиб, занжирлар билан оëқларини боғлаб ишлатган одамларни. Гулнозанинг акалари оғир аҳволда қайтиб келган. Энди шу масалада бу Гулноза иш олиб бораëтган эди. Ҳамма юқори мансабли жойларга ëзиб, шуларга мурожаат қилаëтган эди. Охирги марта президентнинг маслаҳатчиси билан учрашувда бўлган. 9 апрел куни. Ундан бир неча кун олдин Америка элчиси вакили уни таклиф қилиб, шу масалада гаплашган эди. Бундан ташқари Бош прокуратура, Олий Мажлис, Омбудсман шуларга ҳаммасига хат ëзган ва ўша ерда учрашган мулозимлари билан. Шу нарсани гапириб берган бўлган воқеани ва уларга исбот қилувчи ҳамма ҳужжатларни топширган. Уни ҳибсга олишдан мақсад қизни қўрқитиш ва ўша ерда ҳозир ҳамма нарсани ëздириб олишмоқчи, ўшанинг талаблари қўйилаяпти,- дейди Суръат Икромов.

Чиноз тумани ҳокимияти расмийлари ва прокуратураси ходимларидан мавзу юзасидан маълумот олиш имкони бўлмади.