Қоракўл бозори кўчирилмоқда

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг туман ва шаҳарларида кўплаб бозорлар кўчирилди.

"Эркин микрофон"га Бухоронинг Қоракўлидан қўнғироқ қилганлардан бири туман бозорининг қип-қизил чўлга кўчиралаётганидан норози бўлиб гапирди.

“Менга 1 000 000 000 сўм керак"

ва бу пулни менга Фалончи ҳофиз берсин. Чунки мен унинг 40 йиллик мухлисиман. Илтимос, шу гапни радиоингиздан эълон қилинг”.

“Эркин микрофон”га 20 апрел куни Россиядан туриб мурожаат қилган сурхондарёлик тингловчимиздан эшитдик бу гапни.

Тингловчига бундай илтимосни эфирга бера олмаслигимизни тушунтиришга уриниб кўрдик.

Тушунгандай бўлди.

Лекин “Эркин микрофон”га мана шундай ажабтовур илтимослар билан мурожаат қилувчилар кўп эканлигини, бундай илтимосларни қондира олмаслигимизни айтиб қўйишимиз керакка ўхшаб турибдики, шунинг учунгина айтдик бу гапни.

Қоракўл бозори кўчирилмоқда

Бу ҳақда қоракўллик Ибодулло ака Ҳайдаров хабар қилди.

- Ҳайдаров Ибодулло. Қоракўлдан, Бухоронинг Қоракўлидан.

Озодлик: Ëшингиз нечада?

- 64.

Озодлик: Ибодулла ака, нима бўлди?

- Бошқа ерда буюм бозори қуриб, бу ердаги тадбиркорларни мажбуран ҳар бир дўконга учта-тўрттадан тадбиркорни тиқиб, мажбурлаб жойлаштириб ўтирибди. Тадбиркорларнинг кўпчилиги норози бундан.

Озодлик: Қоракўлдаги бозорни ëпиб қўйдими?

- Ҳа, ëпиб қўйди. Булдозер билан пожарний машина, группа ташлади. Бир хиллари ўзлари йиқитишиб мажбуран қўрқиб, бозор атрофидаги дўконларни тўхтатди.

Озодлик: Ҳоким нима деб тушунтирди ўзининг ҳаракатини?

- У “Дўконларни йиқитасизлар. Ўрнига бошқа бир нарса қурамиз” деяпти.

Озодлик: Бозорга сизнинг нима алоқангиз бор?

- Бозорда фарзандларимнинг дўкони бор.

Озодлик: Сизга нима учун янги бозорга кўчиш ëқмаяпти?

- Энди у ердаги бозорда, ҳозир арендага берадида, кейинчалик у ерда аренда пулини оширади. Ëз ойларида масалан ичкарида 40 градус бўлса, чўлга чиқариб қўйган, 60 градусга кўтарилиб кетади. Кўп тадбиркорлар касал бўлиб келаяпти, кўплари қайтиб келаяпти.

Озодлик: Янги бозор туман марказидан қанча узоқликда?

- 5 километрлар бордир.

Озодлик: Атрофида аҳоли яшайдими?

- Атрофида аҳоли йўқ. Стратегик аҳамиятга эга бўлган подстанция бор. Иккита ғишт заводи бор. Ундан чиққан нарсаларнинг халқни заҳарламаслигига ким кафолат бера олади?

Озодлик: Туман марказидаги бозор ëпилганига қанча бўлди?

- 5 числода ëпилган экан.

Озодлик: Савдогарлар туман ҳокими билан учрашиб гаплашдими?

- Туман ҳокими ҳар кун келадида ана шу дўконларнинг олдида турган, у ëққа боришга шароити бўлмаган тадбиркорларнинг солиқ ходимлари билан, ички ишлар бошлиғи билан айланиб “мол-мулкини мусодара қилинг” деб буюраяпти, дейди Бухоронинг Қоракўлидан Ибодулло ака Ҳайдаров.

Қоракўл бозори кейинги йилларда бошқа жойга кўчирилган Ўзбекистондаги ягона бозор эмас.

Қоракўлдаги норозилик ҳам бозор кўчишидан пайдо бўлган биринчи норозилик эмас.

Балки бозорнинг кўчиши яхшиликкадир. Лекин мамлакатнинг бошқа жойларида бўлгани каби Қоракўл ҳокими ҳам ўз режасини халққа тушунтирмаган кўринади.

*****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!