Қаҳрамон кўрмаса, Паҳлавон кўрмаса, улар билан боғчаларга қатнайдиган бошқа қаҳрамон ва паҳлавонлар кўрмаса, "Ўзбекистон" телеканалининг соат 16:00 да бошланадиган “Эртаклар – яхшиликка етаклар” кўрсатувини ким кўради?
Қозончининг эрки бор, қайдан қулоқ чиқарса.
Мана шу мақол дамимизни қайтарди. Шу мақол дудамадай қайралган тилимизни лол қилди.
Лол бўпқолган тилимизни “Ўзбекистон” канали кўрсатувлар “сетка”си ёхуд томошабин тили билан соддагина қилиб айтганда, тартибининг баъзи бир тушунарсиз жиҳатларини гапириб олиш учун ишлатмоқчийдик.
Лекин на илож: қозончининг эрки бор, қайдан қулоқ чиқарса.
Маҳсулот ўзиники – қачон хоҳласа, ўшанда кўрсатади. Хоҳласа эрталаб, хоҳласа ярим тунда.
Эртак эшитиш ёшидан чиққанимдан бери эртак билан ишим йўқ эди.
Эртак айтиш ёшига етдиму “Эртаклар – яхшиликка етаклар”ни неварам билан баъзи-баъзида кўрдим.
Кўрдим, кўрдим ва бирдан “Тўхта, Тошкентда 4да бошланадими? Ахир бу пайтда қайси бола телевизор кўради”, деб ўйлаб қолдим.
Ва ўзбекистонлик оналардан сўрадим.
Улардан бири - 6 яшар Қаҳрамоннинг онаси. Тошкентда яшайдиган Қаҳрамон боғчага қатнайди. “Эртаклар – яхшиликка етаклар” кетаётган дақиқаларда у боғчадан уйига кетаётган бўлади.
Тошкентда яшайдиган 2 яшар Паҳлавон ҳам банд одам. У ҳам боғчада “ишлайди”. Маҳаллий вақт билан тушдан кейин 4 у 10 да бошланадиган “Эртаклар – яхшиликка етаклар”ни онасининг айтишича, Паҳлавон ҳам кўролмайди.
- 4.15 да болам боғчада бўлади. У кўрсатувни кўрмайди, деди Паҳлавоннинг онаси.
Вой, қизиғу?! Қаҳрамон кўрмаса, Паҳлавон кўрмаса, улар билан боғчаларга қатнайдиган бошқа қаҳрамонлар, паҳлавонлар кўрмаса “Эртаклар – яхшиликка етаклар”ни, ким кўради?
Қизиғи, бу масалада бош қотирган бир биз эмас эканмиз
“Маърифат” газетаси мухбири Шарифахон бундай деди:
- Бу ҳақда бизда роса кўп гапирилди. Ҳаттоки газеталарда чиқишлар қилинди. Билмадим, менга ҳам ғалати туюлади, лекин ўша кўрсатувни аҳëн-аҳëнда кўриб қолмасам, кўра олмайман, дейди Шарифахон.
Бўлди, бўлди, бўлди. Билмай бошлаб қўйибмиз. Тошкентнинг газеталариям ёзганакан “Эртаклар – яхшиликка етаклар”нинг вақти бевақт эканлиги тўғрисида.
Қайдан қулоқ чиқаришни ўзи ҳал қиладиган “Ўзбекистон” канали тўғрисида гапиришдан маъни чиқмаслигига кўзимиз етиб қолиб, йўналишни китоб бозори томонга ўзгартирдик.
Соат 4 да:
болалар боғчадалиги;
боғчага қатнамайдиганлари кўчадалиги;
қишлоқи болалар далада, қиру адирда қўй-мол ортидан юрганлиги;
мамлакатдаги қарийб 10 мингта мактабнинг мутлақ кўпчилигида тушдан кейинги сменада ўқиганлиги
туфайли “яхшиликка етакланмай” қолаётган болалар кечқурунлари ота-оналари сериал кўраётган пайтда эртак китоб ўқишар балки?
Бу савол жавобини излаб “Янги Аср Авлоди” нашриётининг китоб дўконига “бориб қолдик”.
- Эртаклар бор. “Ўзбек халқ эртаклари” бор. “Сеҳрли эртаклар” деган қалин китобимиз бор. “Зумрад ва Қиммат” бор, “Сеҳрли шамчироқ”, “Уч оғайни ботирлар”. Арзон кичкина-кичкина бетлилари ҳам бор. Қалин сал қимматроғи ҳам бор.
Озодлик: Сал қимматроқ деганингиз неча пул?
- 5500, 6700, 7000, 8500 сўм атрофида.
Озодлик: Кейинги йилларда болалар учун ўзбек тилида китоблар кўпайдими?
- Кўпайди, “Янги Аср Авлоди” нашриётининг китоб дўкони сотувчиси.
“Кўпайди”. Қандай ширин бу сўз!
Лекин нимага, қайси кўрсаткичга нисбатан кўпайди? Бу кўпайишнинг сифати қандай?
Билиш учун навбатдаги саволни бердик.
Озодлик: Болалар учун мўлжалланган ўзбекча китобларнинг тиражи қанча?
- Бизларда чиқаëтган китобларнинг тиражи 1000 тадан.
Озодлик: 1000 тадан холосми?
- Ҳа, 1000 тадан холос. Чунки нашриëтнинг ўзи чиқариб ўзи савдо қилади. 1000 танинг пулини йиғиб олади, яна 1000 та чиқаради. Бирданига 5000 та чиқариш мумкин, китоб нисбатан арзон бўлади, лекин 5000 та китоб бир йилда сотилса, нашриëт унгача қийналиб қолади, дейди “Янги Аср Авлоди” нашриётининг китоб дўкони сотувчиси.
Бу гапдан кейин Ўзбекистонда қарийб 30 миллион киши яшашини эслатмасам бўлмас.
Сотувчидан кейин, энди, масалага харидор кўзи билан қарайлик. Харидорки, билгич харидор, бояги суҳбатдошимиз – “Маърифат” газетаси мухбири Шарифахон.
- Кўп магазинларга кирдим. Болалар учун китоблар кўплаб чиқарилаяпти. Лекин битта нарса мени ҳам, бошқа ота-оналарни ҳам қониқтирмаса керак. Асосан деярли ҳамма китоблар рус тилидан таржима қилинган ëки рус тилининг ўзида. Иккинчиси, китоблардаги қаҳрамонлар ҳам асосан рус халқ эртакларидаги масалан “Бўғирсоқ”, “Олтин балиқча”, “Шолғом” русча тасаввур уйғотади. Рус халқининг кийимларида, умуман кўриниши русчада уларнинг. Ўзбекчаси жуда ҳам кам.
Озодлик: Ўзи умуман кўлам масаласида, тираж масаласида, номлар ранг- баранглиги масаласида кейинги йилларда ўсиш борми, йўқми? Мен фақат ўзбек тилидаги адабиëтни айтаяпман.
- Ўсиш бор, лекин рус тилидаги болалар адабиëти кўпроқ. Жуда ҳам чиройли, рангларга бой ишланган русча китоблар жуда ҳам кўп. Китоблар асосан рус тилида ва Россиядан келган.
Озодлик: Ўзбекчаси оз-а?
- Ўзбекча кам. Ўзбекчаси бор, сифати яхши, деб айтиб бўлмайди. Чунки уларнинг муқоваси юпқа, бола тезда йиртиб юборади, қоғозлари юмшоқ қоғозда, газета қоғозида, бирпасда йиртилиб кетадиган.
Озодлик: Фарзандингиз 2га кирибди. 2га кирган фарзандингизга ўзбек тилида қандайдир ëшига мос китоб кўра олдингизми?
- Русча “Почемучка” деган китоб олиб бориб бердим. Унда расмлари кўп. Лекин у 2 ëшли болагамас.
Озодлик: Лекин ўша ҳам русча-а?
- Ҳа, дейди “Маърифат” газетаси мухбири Шарифахон.
Ўзбекнинг боласи эртаксиз қолиб кетаётганини сезаяпсизми?
Қиссадан баъзи ҳиссалар
Прайм-таймни пропагандаю уй бекаларининг эрмаги – сериаллар билан банд қилган “Ўзбекистон” канали “Эртаклар – яхшиликка етаклар”ини “кўрса кўрар, кўрмаса ғовлаб кетар” қабилида бемаҳалда намойиш қилади.
Болалар адабиёти масаласи устида бош қотириши керак бўлган ҳукумат эса, қулоқ чиқариладиган қозонни қуйишниям ҳали бошламаган кўринади.
Тирикчилик ташвишини байроқ қилиб олган ота-оналар боласига китоб сотиб олиб бермаяпти.
Нашриётлар Ўзбекистон деган юрт Тўйтепанинг нарёғига ўтмайди, деб ўйлаётганга ўхшайди.
Натижада ўзбекнинг боласи – ўқийдигани, отаси китоб олиб берадигани – ўрисча китоб ўқияпти.
Масаланинг бир ижобий томони ҳам йўқ эмас: бугун “Почемучка” ўқиётган Қаҳрамону Паҳлавонлар эртага иш излаб Россияга боради.
Шунинг учун, майли, ўрисча ўрганиб тураверишсин.
Эртак кўрсатув кўрадиган, эртак китоб ўқийдиган замонга ўхшамай турибди бу замон.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди