Ўзбекистонда "аччиқ-чучук" қимматлади

Ўзбекистон билан чегараси ёпиқлиги туфайли Қирғизистоннинг жанубий вилоятларида мева-сабзавот маҳсулотлари нархи ўтган йилнинг шу давридаги нархларга қараганда 30 фоизга қимматлаб кетди, деб хабар қилди Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири. Мева-сабзавот қўшни давлатга олиб чиқилмаётган экан, демак у Ўзбекистонда арзонлаб кетиши керак. Чиндан ҳам шундайми?

Чегарадош ҳудудлар бозори нарх-навоси

Ўш шаҳридан 25 километр шимолда жойлашган, Ўзбекистоннинг Қорасув шаҳрига туташ Қирғизистоннинг Қорасув шаҳри бозорида 6 май куни 1 кило бодрингнинг ўртача нархи 55 қирғиз сўми (1 доллар 20 цент), 1 кило помидорнинг ўртача нархи 145 сўм (3 доллар) бўлди.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, бу йилги нархлар ўтган йилнинг шу давридагига қараганда, 30 фоизга қиммат ва қимматчилик сабаби чегара ёпиқлиги учун Ўзбекистондан олиб келинадиган мева-сабзавотнинг кескин камайиб кетганидир.

Ўш бозорини мева-сабзавот билан азалдан Андижон вилояти боғбон-деҳқонлари таъминлаб келган.

Aндижон марказида яшайдиган Носиржоннинг айтишича, шу кунда “Бодринг 2000-2500 сўм, помидорлар 6000 сўм”.

Демак, Андижонда бодринг билан помидор Ўшга қараганда анча арзон. Бироқ Фарғона вилоятининг Қирғизистон билан чегарадош Сўх туманида нархлар Қирғизистондагидай.

- Бир кило помидор 9-10 минг сўм, бодринг 3000 сўмгача, дейди сўхлик суҳбатдош.

Фарғона вилоятининг сал ичкарироғи – Ёзёвон тумани билан - далада ишлаётган аёллар билан ҳам боғландик. Улардан бозор нархларини сўрадик.

- Биз бозорга чиқмаймиз. Далада меҳнат қилиб уриниб ўлиб ëтибмиз. Ҳозир пахта чопаяпмиз.

Суҳбат давомида аниқланишича¸ 7 май куни Ëзëвонда бир кило бодринг 2000 сўм¸ помидор эса¸ 3000 сўм атрофида экан.


Ичкари

Самарқанднинг Ургут туман марказида яшайдиган Абдунаби нарх-наводан хабарсиз экан, суриштириб билиб берди.

- Бодринг 2000 экан. Помидор 5000 экан, дейди ургутлик Абдунаби.

Тошкент бозорларидаги нархларни иқтисодчи Миркомил Тошкандийдан сўрадик.

- Бодрингнинг энг паст нархи 1500-2000 бўлиб, энг баланд нархи 7000гача. Бир кило помидорнинг энг паст нархи 3000 бўлиб, энг баланд нархи 8000-10000га боради, дейди Миркомил Тошкандий.

Демак, Тошкентдаги нархлар Ўшдагидай.

Тошкент бозорларидаги бодринг ва помидорнинг сезиларли қисми Янгийўлдаги иссиқхоналарда етиштирилади.

Бу ердаги нархлар тўғрисида Парпи ака айтиб берди.

- Бодринг 2000 сўмгача. Помидор 6000 сўмгача. Бу Янгийўл шаҳар бозорида.
Ўзимизда етиштирадиган маҳаллий маҳсулот. Бултур бу пайтда анча арзон эди.
Помидорнинг яхшиси 3000-3500 эди. Бодринг 1000 сўмдан 2000 атрофида эди.
Қиммат бўлиши газ ўчирилдию. Теплицаларга ўчириб ташланди. Ўшанга кўп теплицалар дарахтларни кесиб, ўтин сотиб олиб ўтин билан чиқишди, дейди Парпи ака.


Қимматчилик сабаблари

Иқтисодчи Миркомил Тошкандий ҳам бу йилги нархлар ўтган йилнинг шу давридаги нархлардан анча баланд эканлигини таъкидлаб ўтди.

- Ҳозирги нархлар 2011 йилга қараганда 30-60 фоизга баланд десам бўлади.

Озодлик: Бунинг сабаби нимада?

- Баҳорнинг кеч келиши, қишнинг анча чўзилиши биринчи сабаби. Иккинчи сабаби шуки, ҳали ҳам Ўзбекистон шароитида буйруқбозлик, уни экма, буни экма дейиши, яъни қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришда планли равишда бошқариш деб ўйлайман.

Озодлик: Фарғона водийсининг Қирғизистонга чегарадош ҳудудларида Тошкентга қараганда мева-сабзавот бироз арзонроқ. Буни чегара ëпиқлиги билан, мева-сабзавотнинг Ўшга ўтказилмаëтгани билан изоҳлашаяптида. Чегара ëпиқ бўлса, бозор арзон бўлади. Мева-сабзавотнинг арзон бўлиши ўзбекистонликка фойдами зарарми?

- Бу зарар. Чунки ҳар бир деҳқон ўзига яраша чиқим қилади. Чегара ëпиқ бўлса, деҳқон ўзининг чиқимини ëполмайди. Деҳқонга зарар бўлдими, демак бу деҳқон ўз вақтида солиғини тўлай олмайди. Бозор касод бўлади. Бу зарар. Чегаралар очиқ бўлиб, экспорт қилишга имконият катта бўлса, деҳқон масалан¸ бу йил 100 тонна пиëз етиштирган бўлса, эртага ҳаракат қилади 20 тонна пиëз етиштиришга. 100 тоннани четга чиқарса, 20 тоннани ички бозорга сотади, деди иқтисодчи Миркомил Тошкандий.

Шу кунда Ўзбекистон бозорларига қулупнай билан май гилоси ҳам чиқди.
Андижонда сифатли қулупнайнинг бир килоси 2500 сўм.

Сўхда қулупнай ҳам, гилос ҳам 6 минг сўмдан сотилмоқда.