Қирғизистон жанубида юзага чиққан миллий низонинг икки йиллиги муносабати билан Ўшга борган Алмазбек Атамбаевнинг сешанба куни ўзбек жамоаси оқсоқоллари билан учрашиши кутилмоқда.
Ўш шаҳар Ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Абдурашид Хўжаевдан олинган маълумотга қараганда, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг 12 июн куни ўшлик ўзбеклар вакилларини қабул қилиши режалаштирилган.
Миллат вакиллари давлат раҳбари билан учрашувда ундан Ўш фожиасидан сўнг озодликдан маҳрум қилинган фуқароларни авф этишни сўрамоқчи.
Президент Атамбаев 2010 йил июн фожиасининг икки йиллиги билан Ўшда ўтказилаётган тадбирларда иштирок этмоқда.
Мухбиримиз миллий марказ раҳбари Абдурашид Хўжаевдан Ўшда вазият тўғрисида сўради.
Озодлик: Шаҳарда вазият барқарорми?
- Вазият яхши. Кеча соат 9да икки йиллик муносабати билан президент келиб Колокол мирани очиб берди.
Озодлик: Тинчлик қўнғироғи-а?
- Ҳа. Ундан кейин ўзбек-қирғиз аралаш жабр тортган оилаларни чақириб уларга ош берилди.
Озодлик: Кеча президент Атамбаев Ўш воқеалари давомида яқинларидан ажралганлар билан учрашибди экан. Ўзбеклар ҳам бўлдими учрашувда?
- Анча-мунча катта оқсоқоллар бўлиб кириб чиқишди. Кўп гап бўлгани йўқ. Бугун соат 10 га мўлжаллаган эдик. Бешта ўзбек оқсоқолини тайинлаб қўйган эдик. Бугун вақти бўлмай қолди. 10 да мачит очилиши бўлди. Соат 4 да Манас аэропортида катта ҳайкал очилади. Шунга бизнинг фаолларимиз билан эртага учрашадиган бўлди.
Озодлик: Демак, ўзбек жамоатчилиги вакиллари тўрт-беш киши эртага президент Атамбаев билан учрашади. Улар президент олдига қанақа масалаларни қўймоқчи?
- Биринчи масала амнистия тўғрисида.
Озодлик: Кимнинг амнистияси?
- Қамоқда ўтирган 2010 йил июн ойидаги воқеаларга тегишли болаларга амнистия бериш тўғрисида савол қўйилади. Иккинчиси¸ мактаб бўйича қўйилади. Анча-мунча ерларда ўзбек тилидаги мактабларда ўзбек тилини олиб ташлаб қирғизчани ëзиб қўйгани бор. Ўзимизнинг тилимизни ëзсин деб айтиладида. Учинчи масала китоблар, тўртинчи масала деҳқончилик. Деҳқонлар қийналиб кетди. Бензин қиммат, солярка қиммат, ҳамма ëқ қиммат, сотилаëтган маҳсулот жуда арзон. Мисол учун пахта, тамаки, шунга ўхшаган нарсалар.
Озодлик: Қолган масалалар миллиймас умумий, жанубдаги вазият.
- Миллий масалага амнистия билан кадрлар киради. Мен бўлиб қўйдим ким нимани гаплашади. Катта оқсоқоллар киради ҳаммаси.
Озодлик: Кадрлар масаласини қандай қўймоқчисизлар?
- Мисол учун ҳозир милицияларда, бошқа ерларда милицейский академияни битирганлар олинаяпти кўпроқ. Бизда академияда ўқийдиган бола йўқ.
Озодлик: Ўзбекларда демоқчимисиз ëки умуман жанубдами?
- Ўзбекларда асосан. Бизнинг болалар академларда ўқисин деяпмизда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди