Қирғизистонлик ўзбеклар Лондонда акция ўтказди

Лондондаги Қирғизистон элчихонаси олдида ўтказилган пикет.

Қирғизистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси олдида ўтказилган акция иштирокчилари Қирғизистон ҳукуматини Ўш фожиаси юзасидан халқаро комиссия чиқарган хулосаларни инобатга олиш, тавсия қилган таклифларни қабул қилишга чақирдилар.


10 июн, якшанба куни ўндан зиёд одам иштирокида ўтказилган мазкур тадбир тафсилотларини уни уюштирганлардан бири Анвар Умаров гапириб берди.

- Энг асосий шиорларимиздан бири халқаро жамиятларнинг кўпчилиги Ўш воқеасига доир ўзларининг докладларини ëзиб чиқишди. Докладларда ҳаммаси очиқ-ойдин кўрсатилди. Шунга яраша Қирғизистоннинг ҳозирги ҳукуматига маслаҳатлар берилди, программалар берилди. Лекин ўша маслаҳатларнинг, программаларнинг ҳеч бири ҳозирги кунда ҳукумат томонидан қараб чиқилгани ҳам йўқ, кўрсатилгани ҳам йўқ. Бизнинг асосий мақсадимиз айнан халқаро жамиятлардан берилган очиқ-ойдин маслаҳатларни кўриб чиқиб, ўзларининг дастурларида ишлатиш ҳамда келгусида ана шундай тушунмовчиликлар орқасидан келиб чиқадиган қонли воқеаларнинг олдини олиш мақсадида бўлди. Яна асосийларидан бири айнан ҳозир Ўш шаҳрида, Қирғисистоннинг жанубий вилоятларида ички ишлар ходимларининг айнан этник келиб чиқишига қараб қилаëтган ишлари ëки бўлмаса ўзларининг кўз қарашларини ўзгартиришларини илтимос қилиб чиққанмиз.

Озодлик: Мана сизлар ўтказган акция Қирғизистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси олдида бўлибди. Элчихона ходимлари томонидан реакция бўлдими?

- Бу нарса элчихонага олдиндан ëзма равишда билдирилган эди. Биз чиқишимиз айтилган эди. Лекин ҳеч ким чиққани йўқ ëки бўлмаса биров биз билан гаплашгани йўқ. Бу нарса якшанба куни бўлгани учун шундай бўлган бўлиши мумкин. Биз бундан ташқари милиция ходимларига, ҳукуматга ëзма равишда билдирган эдик. Ҳаммаси келишди. Менинг фикримча, бу нарса якшанба куни бўлди, шунинг учун чиқмадик, ҳеч қандай реакция олмадик дегани нотўғри бўлади. Чунки биз олдиндан ëзма равишда билдирганмиз. Шунинг учун кимдир чиқиб бу нарсага эътибор бериши керак эди. Лекин бахтга қарши ҳеч қандай эътибор олмадик, ҳеч ким билан учраша олмадик.