МТС ëпилди; Мобил алоқа сифати ёмонлашди

Мобил алоқасиз қолган миллионлаб МТС мижозига ўз хизматини таклиф қилаëтган Ucell ва Beeline бу каби фавқулодда оқимга ҳозир бўлмагани боис¸ Ўзбекистонда алоқа сифати кескин ëмонлашиб кетди.

“Томда туриб гаплашамиз”


Хоразмнинг Янгибозор туманида яшовчи Санамжон МТС мижозларидан бири эди. Ҳозирда Beeline компаниясига уланган Санамжон алоқа сифатининг ўта ëмонлашиб кетганидан шикоят қилади:

- МТС узилгандан кейин Билайн компаниясига уландим. Алоқа жуда ҳам ëмон. Гаплашиш жуда қийин. МТС яхши эди. Яқинларим билан гаплашиш учун уйнинг томига чиқиб, тепада туриб гаплашамиз, унда ҳам связ жуда ëмон. Ҳозир ҳам томда турибман. Гаплашишнинг умуман иложи йўқ. Ҳозир Билайнда Ўзбекистон ичкарисида ҳам, Россияда юрган яқинларимиз билан гаплашганда ҳам жуда қийналамиз, дейди Санамжон.

“Алоқа сифати жуда расво”


Бухоролик МТС мижози Иброҳим ака ҳозирда Ucell хизматидан фойдаланаяпти. Иброҳим ака ҳам яқинлари билан мобил орқали боғланиш қийинлашганидан зорланади:

- Ҳозир куним фақат Юселлга қолди. Эшитиш жуда муаммо. Алоқа расво бўлди. Телефон қилган пайтда баъзан биринчи гудокнинг ўзидаëқ ўчиб қолади, абонент ҳали жавоб бериб улгурмай туриб. Иккинчидан, абонентлар гаплашаëтган пайтда ҳам овоз бўлиниб умуман гапни тушуниб бўлмайдиган даражада. Умуман олганда расво. Аввал Юселлнинг алоқаси жуда бунақамас эди. Мен бир-икки марта ишлатиб кўргандим. Энди нагрузка кўпайганидан кейин аввалгидан ҳам баттар расво бўлди, дейди бухоролик Иброҳим ака.

Мобил Интернет тезлиги ҳам пасайди


Бугунги кунда Ucell ва Beeline орқали мобил Интернетдан фойдаланувчилар Интернет тезлигининг пасайиб кетганини айтмоқда.

Тошкентлик Анвар 30 июл куни 20 минг сўмга Интернет пакети сотиб олган:

- Кечадан бери асабийлашиб ўтирибман. Ярим соатда зўрға битта сайтни очади. Ucellдан фойдаланаман. Телефон алоқасидан шикоятим йўқ. Лекин Интернет тезлигидан умуман қониқмаяпман, дейди Анвар.

“Алоқа ёмон бўлса, бошқа компанияга ўтинг”


Ўзбекистон Aлоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ЎзААА)нинг ўзини таништирмаган мулозими сўнгги кунларда мобил алоқаларининг сифати ёмонлашганини тан олди.

- Бу, айниқса, абонент мобил компаниясининг база станциясидан узоқроқда бўлган ҳолатларда кўпроқ кузатилаяпти. Нагрузка кўпайгандан кейин компанияларнинг кучи етмай қолди. Ҳозирда Ucell ва Beeline ҳам база станцияларини кўпайтириш ҳаракатида, дейди мулозим.

Шунингдек, суҳбатдошимиз вазиятдан чиқиш учун абонентларга мобил компаниясини ўзгартиришни ҳам тавсия қилади.

- Перфектумга улансин, ëмон деган одам, Узмобайлга улансин мана. Узмобайл жуда зўр. Ҳам арзон, ҳам қулай. Ҳамма нарсалари бор. Ўшанга уланса бўладику. Албатта¸ сим картали компанияга уланмасдан, домашний аппаратлар бор уйига қўяман деса. Интернетга чиқаман деса Интернет тезлиги бор. Сифатли¸ зарари кам, дейди ЎЗААА мулозими.

“Домашний” телефонлар ҳам ёмон ишлаяпти


Кейинги пайтда стационар телефон тармоқларида ҳам алоқа сифати пасайгани кузатилаяпти.

Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида яшовчи айрим аҳоли вакилларининг Озодликка айтишича, МТС тўхтаганидан кейин уй телефонларининг алоқа сифати ҳам ёмонлашган.

Ўзтелеком ширкатининг ўзини таништирмаган ходими уй телефонларининг алоқаси ёмонлашгани борасида шикоятлар йўқлигини таъкидлади.

- МТСнинг ўчганлигининг маҳаллий телефонларга ҳеч қанақа таъсири йўқ. Нимагаки¸ МТСнинг ўзи биздан арендоват қилади потокларни. Вилоят, шаҳар берган потокларни. МТСнинг ўчганлигини шаҳар телефонларига таъсири йўқ. Мен шу ерда ишлаб туриб, МТС ўчгач алоқа ëмонлашди¸ деган нарсани эшитганим йўқ. Бизларга ҳеч қанақа мурожаат бўлмади, деди Ўзтелеком ширкати ходими.

Талаба ҳуқуқлари бузилганидан шикоят қилди


Тошкент шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш идорасининг ўзини ошкор қилмаган ходимига кўра, МТС фаолияти тўхтатилиши натижасида компания мижозлари ҳуқуқлари поймол қилинган.

- МТСга ўтказилган маблағлар қолиб кетди кўпиники. У нима бўлади ҳали номаълум. Ундан кейин ҳамма номер олиш учун қийналишлар бўлди. Айрим ҳолатлар бўлдики, пул олиб номер берадиган ҳолатлар бўлди. Шунда истеъмолчи ҳуқуқлари бузилди. Бир талаба бизга мурожаат қилди. Навбатга турган, ëзилган. Уч марта бориб қайтиб кетган. Кейин ҳужжатларни ҳам қайтариб олиб кетган жаҳли чиқиб. Ана шу одам мурожаат қилди. Талабалар шаҳарчасидаги исми Бахтиëр деган йигит. Биз бу аризани ўрганиб, ижобий ҳал қилдик, деди Тошкент шаҳар Истемолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш идораси ходими.

МТС мижозлари ЎзААА устидан судга мурожаат қилмоқчи


Uzmetronom.com Интернет газетасининг ёзишича, МТС мижозлари Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигини мобил компанияси фаолиятини тўхтатгани учун судга бериб¸ маҳкама орқали маънавий ва моддий жарима ундириш ҳаракатида.

Газета бу мижозлар шахси ва сонини очиқламаган. Айни пайтда газетага кўра¸ фуқаролик ишлари бўйича судлар МТС мижозларининг бу кўринишдаги даъво аризаларини қабул қилмаган.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг ўзини таништирмаган мулозими шу пайтгача МТС мижозларидан ўз идорасига нисбатан шикоят тушмаганини таъкидлади.