Наманганда институт муаллими пора учун қамалди. Тошкентда “Мерседес” пиёдани уриб нобуд қилди. Фирибгар ваъдасига учган санъаткорлар кўчада қолди. Жорий ҳафта Ўзбекистон матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.
Автобус йўловчини уриб кетди
6 август куни соат 9 да Тошкент шаҳар “12-автобус саройи” ҳайдовчиси Вали Турсунов “Мерседес-Бенц” автобусида йўловчи Фозил Ваҳобжоновни уриб юборди (“Пойтахт транспорти” газетаси, 10 август).
Воқеа “Давлатобод” кўчаси “Феруза” дўкони қаршисида рўй берган. Республика шошилинч тиббий ёрдам марказига олиб борилган пиёданинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаган. Кўкрак қафаси эзилган ва ички аъзолари лат етган Ваҳобжонов шу куни 16-00 да вафот этган.
Шунингдек, 7 август куни 10-20 ларда “2-трамвай” депоси ҳайдовчиси Мурод Камолов ҳам икки йўловчини уриб юборган, жароҳатланганлар шифохонага ётқизилган.
Вазир ўринбосари вояга етмай бола орттираётганларни танқид қилди
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Асомиддин Комилов ўсмир ёшдаги қизларнинг ҳомиладор бўлиб қолаётганини ачинарли ҳолат деб баҳолади (“Новый век”, 9 август).
“Эрта оналик туғиш пайти оғир асоратларга, ҳатто ўлимга олиб келиши мумкинлиги исботланган. Туғиш ва ҳомиладорлик пайтидаги ўлим дунё бўйича 15 ёшдан 19 ёшгача қизларни ҳаётдан олиб кетаётган асосий хатар бўлиб қолмоқда” деб ёзади вазирлик расмийси.
Профессор Комилов тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вояга етмай бола орттираётган қизларни камайтириш йўлида ҳамжиҳат курашиши лозимлигини таъкидлайди.
Таҳлилларга кўра, ўсмир ёшида ҳомиладор бўлган қизларни поликлиникада ҳисобга қўйишдан бош тортиш ҳоллари учрайди. Комилов мутасаддиларга бу каби асосиз рад этишларга барҳам беришни уқтиради.
“Биринчи хотинидан бекитиқча уйланаётганларга чора кўрилсин!”
Маҳаллий матбуот биринчи оиласидан яшириб, иккинчи марта уйланиб олаётган эркаклар кўпайиб бораётганидан хавотир билдирди (“Ҳуррият”, 8 август).
Мақолада ФҲДЁ, маҳалла вакиллари билан бирга уламо фикри ҳам келтирилган.
“Жамиятдан яширинча, гувоҳларсиз қилинган никоҳ сохта ҳисобланади. Ўзбекистон мусулмонлар идораси томонидан ФҲДЁ бўлимидан ўтмаганлар учун никоҳ ўқиш қатъиян ман этилган. Ушбу қонунларга риоя этмаслик жиноят эканини ҳар бир фуқаро англаб етиши лозим” деган Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов.
Муаллиф Ш.Ҳакимова “сохта шаръий никоҳлар орқали бир неча бор уйланиб, кейин орттирган болаларини ташлаб кетаётган кимсаларга чора кўриш вақти аллақачон етиб келди” деб хулоса қилади.
Чув тушган санъаткорлар: Шерали Жўраевдан Ҳулкар Абдуллаевага қадар
Ўзбекистонда фирибгар продюсерлар қопқонига тушаётган санъаткорлар сафи кенгайиб бормоқда (“Даракчи”, 9 август).
Шоу бизнесни ёритувчи нашрга кўра, сўнгги ойларда Шуҳрат Воҳидов, Ирода Искандарова, Шоҳруҳхон, Ойбек ва Нигора, Ҳулкар Абдуллаева, “Уммон” гуруҳи каби санъаткорлар учарлар қурбони бўлган.
Айтилишича, жорий йил 8 март куни фирибгарлардан бири Тошкент давлат циркида “Аёлни эъзозланг” концерт дастурига чипталар сотган. Номи очиқланмаган шахс “Ўзбекнаво” бирлашмасига Ички ишлар вазирлигига қарашли “Жар” спорт мажмуаси раҳбарияти номидан сохта хат ҳам тақдим қилган. Пировардида концерт ташкилотчиси минглаб одамни алдаб кетгани маълум бўлган.
30 апрел куни 32 кишидан иборат ўзбек санъаткорлари Малайзияга концертга отланган. Аммо мазкур концерт ташкилотчиси ҳам фирибгар бўлиб чиққан. 30 дан ошиқ шоу бизнесчилар концерт бера олмай, харажатларни чўнтагидан тўлаб, қуруқ қўл билан Ўзбекистонга қайтган.
Мақолада фирибгарларнинг шахси ва бошқа тафсилотлар очиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, бир неча ой олдин Америкада Шерали Жўраевнинг концертини уюштириш ваъдаси билан 50 минг доллардан ортиқ маблағ “еб кетган” продюсер Феруза Муродова фирибгарликда айбланганди. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди 2012 йил 9 мартда судланувчи Ф.Муродовага амнистия акти қўллаш ҳақида ажрим чиқарган.
“Тунаб кетилган қўйлар қайтарилмади”
Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистон фуқароларига тегишли чорва ҳайвонлари тортиб олинди (“Диёнат”, 9 август).
Наманган вилоят Чуст туман Қорақўрғон қишлоғида яшовчи фуқаролар Райиназар ва Тўхтаназар Шойназаровларнинг 30 дан ошиқ қўйи “қирғизистонлик қароқчилар” томонидан тортиб олинган. Газетанинг иддаосича, Қирғизистоннинг “Бору” (Бўри) чегара бўлинмаси вакиллари ҳам ўғрилар билан ҳамкорлик қилади.
Айни шу газета хабарига кўра, Наманган муҳандислик технология институтининг ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчиси Замира Исақова 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 2 йилга озодликдан маҳрум этилган. Айтилишича, муаллим пул ва ўта қиммат китоблар келтириш талабини бажармаган талабаларни имтиҳондан ўтказмаган.
“Ўғри хонимлар” гуруҳи қўлга олинди
Гулистон бозорида беш нафар ўғри аёл қўлга олинди (“Адолат кўзгуси” 9 август).
Боёвут туман прокурори Муҳаммаджон Бекмурзаевга кўра, “судланавериб, пихи қайрилган бу ўғрилар тўдаси” аввал ҳам айни қилмиш учун бир неча марта маҳкамага тортилган. Жиноят ишлари бўйича Боёвут туман суди Умида Каримова, Сайёра Йўлдошева ва Раҳима Ортиқовани 5 йилу 6 ойдан озодликдан маҳрум қилган.
Судланувчиларнинг чақалоғи борлиги учун ҳукм ижроси 3 йилга кечиктирилган.
Гуруҳнинг қолган аъзолари Умида Бекмуродова 2 йил ахлоқ тузатиш, Дилдора Ҳотамова 1 йил шартли жазога ҳукм қилинган.
Таъмагир солиқчига жиноий иш қўзғатилди
Фарғона вилоят Фурқат туман давлат солиқ инспекцияси бош мутахассиси Комил Маъруфов фуқаро Ж.Ҳошимовдан 100 минг сўм пора олаётганда қўлга олинди (“Инсон ва қонун”, 7 август).
Қайд этилишича, Ж.Ҳошимов “Дамас” машинасида лицензиясиз кира қилаётгани аниқланган ва солиқчи жарима ёзмаслик эвазига фуқародан пул талаб қилган.
Адлия вазирлиги нашри ёзишича, Фарғона вилоят давлат солиқ бошқармаси фаолиятида қатор камчиликлар мавжуд, ҳудуд солиқчилари боқиманда қарздорликни ундириш, хуфёна иқтисод билан шуғулланувчи субъектларни аниқлаш жабҳасида кўнгилдагидек ишламаётир.