Бугун хабар ёзяпману қулоғим Фарруҳда: тингловчилар билан гаплашаркан, "Тошкент аэропортига кимнинг номини берган бўлардингиз?" деб сўраб, уларни хит қилди. Прага аэропортига Вацлав Ҳавел номи берилганидан гула кўтарди-да!
Бир нарса дейин десам, хафа бўпқолармикан, дейман. Одамнинг кўнгли нозик. Фаррухникиям.
“Ҳой, мусулмон, бошқа гап йўқми сўрайдиган, эгаси бор-ку Тошкент аэропортининг”, деган бўлардим, агар десам.
Демадим. Айтдимку, кўнгли нозик, деб одамнинг.
“Ай Эй Кей (IAK) аэропорти” бўлади-да!
Аэропорт халқаро эмасми, масалан, Нью Йоркдан келувчилар - Жон Кеннеди аэропортидан учганлар айтишгаям қийналмайди:
“Жэй Эф Кейдан (JFK) Ай Эй Кейга учиб келдик”, деб қўяқолишади...
...дедиму, яна ўйланиб қолдим.
Ўзи бусиз ҳам Тошкент аэропорти Марказий Банкнинг сейфидай ҳимояланади.
Ҳимоя шу қадар кучлики, айтишларича, Хадрадан Тўйтепа томон парвоз қиладиган қушлар ҳам ке, балодан хазар, шу аэропортнинг устидан учмайлик, деб Бешёғочданоқ сўлга солворишармиш.
Бас, шундай экан, аэропортни Ай Эй Кей, деб атасалар, хавфсизликни таъминлаш учун умуман учоқ қабул қилишни тўхтатиб қўйишмайдими?
Тўхтатиб қўйишмаса, Ай Эй Кей аэропортининг барча ходимлари – бошлиғидан тортиб полювгичигача носранг шапкаю носранг пўрим кийса керак.
Яхши бўларди. Биронтаям йўловчи парвозга кеч қолмайди. Кеч қолдинг – резина тўқмоқ билан бир зарба, багажинг 100 граммга оғир чиқди – икки зарба ва ҳоказо...
Идеал тартиб!
Фақат Ай Эй Кей аэропортида эҳтиёт бўлиб юришга тўғри келади: устингизга қайноқ сув тўкилиб кетиши мумкин беҳосдан...
***
Тошкент аэропорти лўнда қилиб Жи Кей (GK) деб қайта номланиши ҳам мумкиндир, келажакда. Гибралтару Қибрисга ўхшаган офшор мамлакатларга Лондон ва Болтиқ бўйи давлатларга парвозларнинг кўпайиши одамни хурсанд қилади, албатта.
Швеция ва Швейцария майли-ку, аммо ҳозирча ҳатто Россияга ҳам парвозлар бекор қилинган бўлур эди.
Миллионлаб меҳнат муҳожирлари учун Россия йўналиши муҳим қолаётганлигини туфайли GK га: “Твой рейс Дубай. Давай, досвидания!” деб юборишади.
***
"Эм.Эс. аэропорти"
Вацлав Ҳавел диссидент эди.
Агар шундан келиб чиқсак, Тошкент аэропортига Муҳаммад Солиҳнинг номини беришлари мумкин, деб ҳам тахмин қилиш мумкин.
Шундай десам, бир ҳамкасбим “Йўўғээ”, деди.
-Йўғе, пўғеси йўқ. Беришлари мумкин. Фақат, бир нарса ўйлантираяпти.
-Нима?
- Муҳаммад Солиҳ – шоир одам. Исми жисмига монанд бўлиб, Эм Эс аэропорти диспетчерлариям хаёлпараст шоир бўпкетсачи?
Самолётлар шеър ёзиш билан банд диспетчерлар дастидан қўнолмай учовради, учовради, керосини етгани Анжанга, керосини кўпроғи Нукусга, керосин идиши тўлалари Истанбулга бориб қўнадими?
-Аэропорт Эм.Эс. номида бўлса, Тошкент билан Истанбул ўртасида ҳар 20 минутда битта самолёт учса керак, келин сарполарни Лалелининг ўзидан олиб келадиган бўлади ўзбеклар, ҳар шанба Эскишаҳар ҳаммомига қатнашади, деб хаёлга берилиб кетди ҳамкасбим.
Ана, айтмадимми, аэропорт Эм.Эс. бўлса, ҳамма хаёлпараст бўпкетади, деб?!
***
"А. П. аэропорти"
Нима учун Эм Эснинг аэропорт бўлишга принципда ҳаққи бору бошқа бир дип-диссидент Абдураҳим Пўлатовнинг ҳаққи бўлмасин?
...дедиму, яна ўйланиб қолдим.
Агар бу лидернинг исми аэропортга берилса, менимча, пассажирлар парвоз олдидан анкета тўлдиришга мажбур қилинади. Демократ бўлсанг, учасан. Бўлмасанг – йўқ!
Демократлар ҳам ҳар хил бўлади. Бирлик демократлар, Иккилик демократлар, Учлик демократлар... Пассажир бу танловдаям адашмаслиги лозим.
Лекин А.П.нинг номи аэропортга берилса, у - аэропорт - Прага – Тошкент парвозлари учун тақа-тақ ёпилса керак.
Чунки Прагада Озодликчилар бор. Пўлатов Озодликчиларни суявермайди.
***
"Оқ аэропорт"
Яна битта арбоб бор Тошкент аэропорти пештоқига исми ёзилишига претендовать этувчи.
Оқ Кўйлакда Ош ейишни яхши кўрадиган арбоб.
Агар орангизда кимлигини илғаганлар илғамаганлардан кўпроқ бўлса, демак, ном бўлишга арзий бошлабди бу арбоб.
Камроқ бўлса, дамини олиб турсин.
***
Балки, Улуғбек аэропорти?
Хуллас, ўйлаб-ўйлаб бошим қотди, аэропортга ном танлай олмай.
Чехлардай, Шу Кундан топа олмадим номни.
Шунинг учун номни Миллат Тарихидан изладим.
Излай-излай топгандай бўлдим.
Улуғбек аэропорти бўлиши керак. Мирзо Улуғбек аэропорти.
Юлдузларга энг яқин ўзбек эди у.
Учоқлар эса, одамларни юлдузларга яқинроқ олиб чиқади.
Ҳеч йўқ 10 чақирим яқинроққа.
Ё адашаяпманми?
Унда, Сиз нима дейсиз?