Тошкент коллежлари талабалари пахтадан қайтмоқда

Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида пахта тераётган пойтахт коллежлари талабалари 18 октябрдан бошлаб, уйларига қайта бошлади.

Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида пахта тераётган пойтахт коллежлари талабалари 18 октябрдан бошлаб, уйларига қайта бошлади.

Жиззах вилояти далаларида пахта тераётган Тошкент Алоқа коллежи талабалари 18 откябрдан бошлаб, уйга қайтарилмоқда.

Ўзини таништирмаган коллеж ходимининг айтишича, айни пайтда коллежнинг 100 талабаси ва 50 ўқитувчиси пахтада бўлиб, улар 25 октябргача уйларига қайтарилади.

- Кечадан бошладик. Ҳозир ҳамма эмас. Ҳар куни 8-9 тадан одам пахтадан қайтарилаяпти. Режамиз бўйича 25 октябргача ҳамма қайтиши керак, деди коллеж ходимаси.

Тошкент Иқтисодиёт ва бизнес коллежининг 300 талабаси Тошкент вилоятининг Тўйтепа тумани далаларида пахта тераяпти.

Исмини ошкор қилмаётганимиз коллеж ходимига кўра, талабалар 22 октябрдан бошлаб пахтадан қайтиш бўйича кўрсатма олган.

- Ҳали коллеж талабалари пахтадан қайтгани йўқ. Келаётган ҳафта, душанбадан бошлаб пахтадан қайтиш бошланади. Коллежнинг 300 талабасидан ташқари 17 ўқитувчи ҳам пахтада, деди коллеж ходими.

Лекин айни пайтда пойтахтнинг айрим коллежлари, жумладан, Қибрай касб-ҳунар коллежига пахтадан қайтиш ҳақида кўрсатма берилмаган.

- Бизникилар барчаси пахтада. Бизга пахтадан қайтиш ҳақида ҳали айтилмади. Қачон қайтишларини ҳам билмаймиз ҳозирча, деди коллежнинг исми сир қолишини сўраган ходимаси.

Ўзбекистон Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, Тошкент шаҳри коллежлари барчасига 20 октябрдан бошлаб, оммавий равишда пахтадан қайтишга рухсат берилиши кутилаяпти. Лекин суҳбатдошга кўра, ҳали вилоятлардаги коллеж талабаларининг қачон пахтадан қайтарилиши номаълум.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алъянси жорий йилда коллеж талабаларнинг пахтага жалб қилиниши бўйича мониторинг ўтказди.

Алъянс раиси Елена Урлаеванинг айтишича, мониторинг натижасида коллеж талабаларига нисбатан пахта даврида қўпол муносабатда бўлиш ҳолатлари аниқланган.

- Масалан, Тошкент Геодезия ва картография коллежининг 3-курс ўқувчиси Музаффар Абдуҳакимов пахтада қўлини синдирган. Лекин коллеж директори уни синган қўли билан пахта теришга мажбур қилган. Бола ота-онасини чақиргач, улар директорга 50 минг сўм тўлаб, касал ўғлини уйга олиб кетишган. Буни менга Музаффарнинг ота-онаси айтди. Кейин Янгийўл Тиббиёт коллежи талабаларига пахта пайти қўпол муносабатда бўлинаётгани аниқланди. Бу ерда ҳатто кам пахта терган ўқувчиларни калтаклаб, куч билан пахта теришга мажбурлашган. Тошкентнинг Ҳамза туманидаги Темирйўлчилар коллежи талабалари Тўйтепада пахта тераяпти. Коллеж талабаларининг ота-оналарининг айтишича, улар пахтада касал бўлган болаларини 150 минг сўм тўлаб, уйга олиб келишга рухсат олишаяпти. Бу каби ҳолатлар деярли барча коллежларда кузатилаяпти, деди ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева.

Бу йил коллеж талабалари орасида бир қанча пахта қурбонлари бўлгани ҳам кузатилди.

Жумладан, 30 сентябр куни Жиззах шаҳридаги Санъат коллежининг 2-курсида таҳсил олаётган 18 яшар Азиз Бахтиёров пахта тераётган пайтда юрак хуружидан далада вафот этди.

16 сентябр куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Мискин қишлоғида маҳаллий коллеж талабалари Машарип Сиддиқов ва Достон Амитовлар пахтадан қочаëтган пайтда поезд тагида қолиб ўлган эди.

Бу фақат Озодликка маълум бўлган ҳолатлар¸ холос.