Дунë бўйича энг йирик олтин қазувчи корхоналар ўнлигига кирувчи Навоий тоғ-кон-металлургия комбинатининг 6500 ишчиси жорий ойда ўз аризасига кўра ишдан бўшади.
Ишчилар оммавий ишдан кетаяпти
Навоий кон-металлургия комбинатида ишчиларнинг оммавий тарзда ишдан бўшаётгани ҳақида Озодликка комбинат ишчиларидан бири хабар қилди.
Исми очиқланмаслик шарти билан гапирган комбинат ишчисига кўра, октябр ойининг бошида НКМКнинг Учқудуқдаги Шимолий кон бошқармаси ва Зарафшондаги Марказий кон бошқармасининг жами 6500 ишчиси ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаган.
- Навоий кон-металлургия комбинатида октябр ойининг биринчи ўн кунлигида 6500 киши бир кунда ишдан бўшади. Шундан 2300 таси инженер-техник ходимлар, мутахассислар. Худди бойкотга ўхшаб, ҳаммаси бир кунда ариза ёзиб, ишдан бўшади. Асосан норозилик Санақулов комбинатга директор бўлгандан кейин ойлик бермаслиги туфайли бўлди, - дейди комбинат ишчиси.
Суҳбатдошга кўра, кейинги пайтда ойлик маошларидан чегириб қолиш, меҳнат ҳақини ўз вақтида берилмаслик ҳолатлари кўпайиши ишчиларнинг сабр косасини тўлдирган.
http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F65492495&show_artwork=true
Унинг айтишича, йил давомида жуда кўплаб малакали ишчилар ишдан бўшатилганидан кейин бошқалар ҳам хавотирга тушиб, ўзига бошқа иш излай бошлаган.
Шунингдек, суҳбатдошга кўра, ишчилар комбинат директори Санақулов бошчилигидаги раҳбариятнинг бошқарув тизимидан норози бўлишган.
Мазкур комбинат ишчилари Санақуловнинг бошқарув услубидан норозилик билдириб, Озодликка бир неча бор шикоят қилганлар.
Фаолияти сир тутиладиган ташкилотлар рўйхатида бўлмиш Навоий кон-металлургия комбинатидан маълумот олиш осон бўлмади.
Озодлик мухбири уч кун давомида қилган уринишлари натижасида комбинат масъулларидан бири билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.
Исмини ошкор қилмаётганимиз масъул шахс жорий йилда комбинатда ишчиларни бўшатиш ҳолатлари бўлганини тасдиқлади.
"Бу йил йил бошидан Вазирлар Маҳкамаси қарори бўйича оптимизация ўтказилди. Оптимизация дегани бу ишчилар сонини қисқартириш. Лекин уларнинг 85 фоизи бошқа ишга жойлаштирилди. Мен сизга қанча ишчи бўшатилгани ҳақида аниқ рақам айта олмайман. Комбинатимиз режимний ташкилот. Фақат расман мурожаат қилсангиз, рақамларни беришимиз мумкин", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда комбинат масъули.
Суҳбат давомида масъул шахс оммавий ишдан бўшаш ҳолатлари бўлаётганини инкор қилди. Лекин у биргина Учқудуқдаги Шимолий кон бошқармасига бугунги кунда 200 ишчи етишмаётганини яширмади.
Масъулга кўра, комбинатда ишчиларнинг ойлик маошлари билан боғлиқ муаммолар деярли бўлмаган.
Исмини ошкор қилмаётганимиз комбинат ишчисига кўра эса, ишдан бўшаган кишиларнинг кўпчилиги Россиядаги заводларга ишлашга кетаяпти.
- Санақулов директор бўлгач, комбинатдаги рус мутахассисларининг кўпчилиги ишдан бўшатилди. Улар ҳозир Россиядаги нуфузли заводларга ишга жойлашиб олган. Энди бу ерда ишдан бўшаганларни ҳам Россияга таклиф қилишаяпти. Мана кеча қўшним ҳам ишдан бўшаб келди. Россияга оиласи билан кўчиб кетаяпти, - деди суҳбатдош.
Комбинат раҳбарлари ҳам ишдан бўшатилди
Исми сир қолиши шарти билан гапирган комбинат ишчисига кўра, оммавий ишдан бўшаш ҳолатлари бўлгач, комбинатда текшир-текширлар бошланиб, раҳбар ходимларнинг бир қанчаси ишдан бўшатилган.
- Тошкентда вазирликда технадзор танишим бор. Телефон орқали гаплашгандик. Тасдиқлади ҳаммасини. "Вазирлар Маҳкамасидан Санақуловнинг иш фаолиятини текширишга одамлар юборилди, анализ кетаяпти", деди. Ҳозир Навоий кон-металлургия комбинатининг кадрлар бўйича бошлиғи Шарипов Шавқиддин Отақуловични вақтинчалик ишдан четлаштирилган, - деди суҳбатдош.
Ишларнинг оммавий ишдан кетиш ҳолатлари бошлангач, комбинат Бош директори Қувондиқ Санақуловнинг иккита ўринбосари - Чет эл инвестициялари бўйича ўринбосари Неъмат Рўзиев билан Ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Алишер Ҳамидов ҳам ишдан бўшатилган.
Озодлик суҳбатлашган комбинат масъулларидан бири Неъмат Рўзиев билан Алишер Ҳамидовнинг ишдан четлатилганини тасдиқлади.
Унинг айтишича, Санақуловнинг икки ўринбосарининг ишдан бўшатилиши комбинатдаги қисқартиришлар туфайли бўлмаган.
“Бу комбинатнинг ички иши. У ҳақда гапира олмайман. Айтишим мумкинки, бизда мажбурий ишдан бўшатиш фақат ўғирлик қилинган, комбинат мулкига хиёнат қилинган тақдирда бўлади. Энди бу каби ҳолатлар ҳамма жойда бўлгани каби бизда ҳам бўлаяпти”, деди комбинат масъули.
Санақулов фаолияти ҳам текширувда
НКМКдаги вазиятни мустақил равишда ўрганаётган маҳаллий журналистлардан бирининг Озодликка айтишича, шу кунларда комбинат раҳбарлари, жумладан, Қувондиқ Санақуловга нисбатан текширувлар кетаяпти.
Жорий йилнинг январ ойида ҳам бир қатор интернет нашрлари, жумладан, РИА Новости ахборот агентлиги НКМК Бош директори Қувондиқ Санақулов коррупцияда айбланиб, ҳибсга олингани ҳақида хабар қилганди.
Кейинчалик НКМК корхона Бош директори Қувондиқ Санақуловнинг ҳибсга олингани ва унга қарши жиноий иш очилгани ҳақидаги маълумотларни инкор қилди.
2008 йилда Навоий НКМКга Бош директор қилиб тайинланган 55 ёшли Қувондиқ Санақулов ўтмишда Бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган.
Айни пайтда у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосидир.
НКМКни Санақуловдан аввал бошқарган Николай Иванович Кучерскийнинг 2008 йилда Москвага қочиб кетгани ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Кейинчалик Кучерский буни рад қилди, бироқ айни пайтда унинг қаерда экани номаълум.
Комбинат фаолиятидан бевосита хабардор мутахассиснинг Озодликка айтишича¸ Кучерский кетиб¸ ўрнига Санақулов тайинланганидан сўнг Ўзбекистоннинг энг бой ва қудратли корхонаси таназзулга юз тутган.
1958 йилда Учқудуқ олтин кони ëнида ташкил қилинган мазкур комбинат гидро ишлов йўли билан қумдан олтин заррачаларини ажратиб олишга ихтисослашган.
Комбинатда¸ тахминларга кўра¸ йилига 20 тонна олтин ишлаб чиқарилади. Аммо Ўзбекистон ҳукумати бу комбинат ва унинг фаолиятига оид маълумотларни давлат сири сифатида жамоатчиликдан яшириб келади.
Комбинатнинг расмий сайтида ëзилишича¸ унда ишлаëтган 65 мингга яқин ишчи-хизматчиларнинг 58 фоизга яқини саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш билан машғул.
Ишчи-хизматчиларнинг ижтимоий таъминоти учун йилига 80 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ сарфланиши айтилган расмий сайтда комбинат қошида турли дам олиш оромгоҳлари¸ махсус тиббиëт ва спорт муассасалари ишлаб турганини қайд этилган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди