Болангизни Юридик институтга киритаман¸ деб миллионлаб пора олган фирибгар қўлида алданиб қолган оддий киракаш уч йилдан бери Ўзбекистон адлия тизимларига ўзининг айбсизлигини исботлай олмай ҳалак.
Бугунги эшиттиришимиз қаҳрамони жиззахлик 40 яшар Жаҳонгир Турсунов.
Киракаш ҳасрати
Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари маслаҳати билан Озодликка мурожаат қилган бу ҳайдовчи йигитнинг гапларидан узоқ вақт бир нарса тушунишнинг иложи бўлмади.
- Ҳақиқатни юзага чиқариш юзасидан сизларга илтимос қилиб ноқонуний бир оддийгина тилхат мени Шамсиддиновни, Ҳайдаров Азиз деган фуқарони, ҳозирги кунда даъвогар бўлиб турган фуқаронинг нимаси асосида, алдови асосида менга “Сен гувоҳсан. Сен гувоҳ бўлиб турибсан”, деди Жаҳонгир Турсунов.
Жаҳонгир Турсуновнинг эга-кесими ноаниқ бундай гаплари қанча узоққа чўзилса, шунча тушуниш қийин бўлди ва суҳбатдошимиздан саволларимизгагина жавоб беришини, ортиқча гап қўшмасликни илтимос қилдик.
Озодлик: Қачондан бери суд сизни чақираяпти мажлисга?
- Мен судларнинг орқасидан, ноқонуний булар менинг устимдан суд қилиб, мени чақирмасдан туриб суд қилиб, менинг бўйнимга груз илиб қўяяпти пул билан. Туҳмат пуллари.
Озодлик: Сизни қачондан бери судга чақираяпти?
- 2010 йилдан бери чақираяпти. Судда иштирок этаяпман. Суд 100 фоиз мен томонга ҳал бўлганда судялар 180 градусга ўзгариб уларга ҳал қилиб бераяпти.
Озодлик: Судда сиз айбланувчи сифатида иштирок этаяпсизми ëки гувоҳ сифатида иштирок этаяпсизми?
- Айбланувчи сифатида.
Озодлик: Сизга, агар моддани билсангиз, қайси модда бўйича айб қўйилган? Нима деган айб қўйилган?
- Мени қарздор сифатида чақиришаяпти. Фуқаролик бўйича кетаяпти суд.
Озодлик: Сизнинг устингиздан ким арз қилган судга?
- Ҳайдаров Азиз.
Озодлик: Нима деб арз қилган?
- Мен фирибгарларнинг ëлғонига учиб, гувоҳ бўлиб туриб шу пулларни мен фалончага берганлигим, Сирожиддин Шамсиддиновга берганлигимга гувоҳсан¸ деб менга ëлғон тилхат ëздириб қўйган. Ўшанга асосан мендан пул ундириш юзасидан мени судга чақиришаяпти, дейди Жаҳонгир.
http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F68007207&show_artwork=true
Ишнинг моҳиятини тушунмаганимиз учун балки саволларимиз ҳам беўхшовроқ бўлгандир. Бироқ барибир масала моҳиятини очиб беролмаган бу савол-жавобни қаҳрамонимизнинг нақадар содда эканлигини ҳис қилишингиз учун келтирдик.
Бу йигит, маълум бўлишича, мана 3 йилдирки, фирибгарликда айбланмоқда.
Мана уч йилдирки, у Азиз Ҳайдаров деган фуқародан қарийб 31 миллион сўм олиб¸ қайтариб бермаганликда айбланаяпти.
Оқловчи билан Қораловчининг фикри деярли бир жойдан чиққан
Турсуновнинг фирибгарлик қилмаганига унинг адвокати ҳам 100 фоиз ишонишини айтади.
Эшиттиришимизда иштирок этишни истамаган адвокат “Жаҳонгир Турсунов 100 фоиз айбсиз”, деди.
Боз устига ва энг қизиғи Турсунов иши юзасидан дастлабки инстанция суди чиқарган ажрим устидан Жиззах шаҳар прокуратураси 2011 йилнинг 18 апрелида кассация протести ҳам келтирганки, бу ҳужжат вазни адвокат фикридан вазминроқдир.
Лекин шунга қарамай, Жаҳонгир Турсуновнинг югур-югури ҳануз якунига етгани йўқ.
Айтилишича, у Олий судга беш марта мурожаат қилди.
Хўш, нима бўлган эди?
Бу савол жавобини қаҳрамонимизнинг ўзи равон ҳикоя қилиб беролмагани учун унинг ишини ўрганган жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Зиёдулло Раззоқов айтиб берди.
Озодлик: Қачонги воқеа бу?
- Бу 2008-йилнинг 1-ноябр ҳолатидаги бўлиб ўтган воқеа.
Озодлик: Пул ўшанда берилган.
- Шундай.
Озодлик: Пул эвазига Шамсиддинов Сирожиддин нима қилиб бериши керак эди?
- У пул эвазига Ҳайдаров Азизнинг фарзандини юридический институтга киргизиши керак эди.
Озодлик: Тошкентдагига-а?
- Ҳа.
Озодлик: У киргиза олмади.
- Шундай.
Озодлик: 2008 йилда ўқув йили бошланганида маълум бўлдики, Сирожиддин Шамсиддинов Азиз Ҳайдаровнинг боласини ўқишга кирита олмади. Шундан кейин нима бўлди?
- Шундан кейин Азиз Ҳайдаровлар ўша Сирожиддин Шамсиддинов у одамларнинг фарзандларини Юридический институтга кирита олмасдан алдов йўли билан бир қанча одамлардан пул ундириб келаëтганлигидан хабар топади. Ана эндиликда улар шундай йўл топадики, ўша Шамсиддинов Сирожиддин айтадики, бунга муқаддам киракашлик ишларида ëрдам бериб келаëтган Жаҳонгир Турсуновга айтадики, “Сен мана шу қоғозга”, Азизлар буни алдайди энди, Азиз Ҳайдаровлар, “Биз ушбу пулни Сирожиддин Шамсиддиновдан оламиз. Сен фақат киракашлик вазифасини бажаргансан. Сен ҳеч қанақа рол ўйнамайсан” дейди-да бундан ҳам тилхат ëздириб олади. Тилхат ëздириб олаëтган пайтида бир нечта гувоҳлар ҳам ўша жойда бўлади. Уч киши.
Озодлик: Аслида Жаҳонгир Турсунов Азиз Ҳайдаровдан 30 миллион 180 мингни олмаган.
- Олмаган.
Озодлик: Пулни олмаса, нима учун тилхат ëзиб беради? Жинними у?
- Энди бу ерда бўлаëтган энг чалкаш, англашилмовчилик жойи ана шунда бўлиб келаяпти. Лекин ўша ерда гувоҳлар буни исботлаб бераяпти. Суднинг тергов жараëнида гувоҳлар “Йўқ, бу олмаган эди. Буни алдади. Аслида олган одам бошқа” деяпти. Шундан кейин бунга прокурор одилона ҳақиқатни аниқлаб бўлгандан кейин ноқонуний чиқарилган қарорга протест киритаяпти, дейди Зиëдулло Раззоқов.
Протестда, жумладан, бундай дейилган:
“Суднинг ҳал қилув қарори қуйидагиларга кўра ўзгартирилмоғи лозим¸ деб ҳисоблайман. Биринчи босқич суди ишни кўришда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик- процессуал кодексининг 15-моддаси талабларини бажармай, ишнинг ҳақиқий ҳолатини тарафларнинг ҳуқуқий ва мажбуриятларини ҳар тарафлама тўлиқ ва холисона аниқлаш учун қонунга асосланган ҳолда тегишли чораларни кўрмаган. Суд асосий қарзни ундириш тўғрисидаги даъво талабини ҳал қилишда 2008 йил 1 ноябрдаги Жаҳонгир Турсунов томонидан ëзилган тилхатни асос қилиб олган. Бироқ суд даъвони ҳар томонлама холисона ҳал қилиш учун жавобгарнинг важларини текширмаган ва ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқламаган”, дейилади Жиззах шаҳар прокуратурасининг 2011 йилнинг 18 апрел кунги кассация протестида.
Лекин, шунга қарамай, Жаҳонгир Турсуновнинг кўргиликлари ҳануз тугагани йўқ.
Судлов хроникаси
Жаҳонгир Турсуновнинг кўргиликлари хроникаси мана бундай:
- 2009-йилнинг май ойида Жиззах шаҳар туманлараро фуқаролик судининг судяси Юсуф Камолов томонидан хусусий ажрим чиқарилади. Ушбу қарордан норози бўлиб аппеляция шикояти ëзилади. Иккинчи суд босқичини 2010 йил 18-май куни Жиззах туманлараро фуқаролик судининг раиси Бадриддин Каримов кўриб чиқади. Протестни киритгандан кейин ўша протестни илова қилган ҳолда 2011 йил 4-август куни Жиззах вилоят фуқаролик судида судя бўлиб ишлаган Назаров раислигида кўриб чиқилади.
Озодлик: Бу судда қанақа қарор чиқади?
- Ҳаммасида бир хил. Чунки ҳаммаси биринчи босқич судини қўллаб-қувватлаб келади.
Озодлик: Демак, вилоят суди прокурор протестини инобатга олмайди-а?
- Аввалига иш бошланган пайти прокурорнинг протестини улар қўллаб-қувватлайди. Кейинига охирига борган пайти прокурорнинг протестини қайтариб олишни талаб қиладида, биринчи ва иккинчи суд протестида кўрилган қарорни ўз кучида қолдиришни лозим топади. Ана ундан кейин мана энди Олий судга ëзиб, даъзо аризасини қабул қилишни лозим топмаяпти катта миқдорда давлат божи қўйгандан кейин. Шу билан ҳозиргача давом этиб келаяпти. Олий судга 5 марта мурожаат қилинаяптида ва охирги 12-ноябр куни Олий суд қабулига кирди.
Озодлик: Ким кирди?
- Жаҳонгир Турсуновнинг ўзлари кираяпти ҳимоячиси Мелибоева билан биргаликда.
Озодлик: У ерда қанақа жавоб бўлди?
- У ерда жавоб шундай бўлаяптики, “Шу пайтгача беш марта сизнинг даъво аризангизни қабул қилмаган бўлсам, бундан кейин ҳам 5 марта бўлса ҳам қабул қилмасдан Жиззах вилоятига қайтараман. Сабаби шуки, қабул қилинган қарорда кўрсатилган давлат божини 100 фоиз тўлайсиз, ундан кейин биз сизнинг даъво аризангизни қабул қиламиз” дейди. У “Мен кам таъминланган бўлсам, кам таъминланганим бўйича барча ҳужжатларни тақдим қилган бўлсам, сиз менга сал енгиллик бермайсизми” дегандан кейин “Майли, сиз 30 фоиз давлат божини тўланг. Ўшандан кейин мен сизнинг даъво аризангизни қабул қиламан” деб жавоб бераяпти, дейди Зиëдулло Раззоқов.
Жиззахлик Зиёдулло Раззоқов 40 яшар киракаш йигит Жаҳонгир Турсуновнинг судлов хроникаси билан таништирди.
Бу кўргиликлар, эшитганингиздай, ҳали якунига етгани йўқ.
Турсунов пул йиғса, Олий суд кассасига тўласа, ана ундан кейин иши кўриб чиқилиши мумкин.
Олий суд балки адолат қилар?
Балки қилмас?
Қонуннинг нимаси бузилган?
Зиёдулло Раззоқовнинг фикрича,
- Жаҳонгир Турсуновнинг иш жараëнида кўрилган судлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 15-моддасини қўпол даражада бузган деб биламан. Чунки ишни бир томонлама эмас тўлиқ холис икки томонлама кўрилиши шарт эди. Ўшандагина адолат қарор топилар эди. Бу даражада фуқаро Олий судгача чиқмаган бўларди. Олий судга 5 маротабалаб даъво аризаси билан кириб, ҳаттоки унинг қабулигача бормаган бўларди, дейди Зиëдулло Раззоқов.
Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Зиёдулло Раззоқов – ҳаваскор ҳуқуқшунос.
Шунинг учун ҳам унинг Жаҳонгир Турсунов иши юзасидан шарҳларини ва айниқса сўнгги хулосасини мутлақ ҳақиқат, демоқчи эмасмиз.
Мутлақ ҳақиқатни (албатта, мамлакат қонунларига асосланган ҳақиқатни) Олий суд ва Бош прокуратура билади.
Фақат уни, ўша ҳақиқатни қарор топтириш қолди.
Бунинг учун бир нарса – тирикчилигини киракашлик билан зўрға ўтказиб турган, фикрини битта равон жумлага жойлашни билмайдиган содда йигит Жаҳонгир Турсуновнинг тақдирига қизиқиб ва қайишиб қўйиш етишмаяпти холос.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди