"Ўздунробита"ни бир зумда қайта тиклашлари мумкин

"МТС-Ўзбекистон"нинг Самарқанддаги ёпиб қўйилган бўлими.


МТС ширкати вакили "Ўздунробита" фаолиятини қайта тиклаш учун унинг ускуналари синовдан ўтказилгани тўғрисидаги хабарларни инкор этди. Мутахассислар фикрича, ширкат ишини тиклаш техник жиҳатдан оғир иш эмас.

-МТС ўзининг Ўзбекистондаги ускуналарини синовдан ўтказгани тўғрисидаги хабарлар миш-мишлар даражасидаги гапдир, деб баёнот Россиянинг МТС ширкати матбуот хизмати Озодлик радиосига.

Ускуналар техник синовдан 14-15 ноябр кунлари ўтказилгани тўғрисидаги хабар 19 ноябр куни пайдо бўлди.

Бу ҳақда ёзар экан, “Ўзметроном” сайти “Ўздунробита” Ўзбекистондаги фаолиятини тез орада қайта тиклаяжагини тахмин қилди.

Мобил алоқаси бўйича мутахассис фикрича, ўз фаолиятини қайта тиклаш компания учун техник жиҳатдан оғир иш эмас.

“Ўздунробита” ўзининг Ўзбекистондаги ускуналарини 14-15 ноябр кунлари синовдан ўтказгани тўғрисидаги хабар юзасидан Озодлик саволларига жавоб берар экан, МТС ширкати матбуот котиби Валерия Кузьменко "ускуналаримиз ўчириб қўйилгани учун синов ўтказишнинг техник имконияти йўқ", деди.

http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F68133328&show_artwork=true

МТС ширкати Ўзбекистондаги ўз фаолиятини 2013 йилнинг 1 январидан қайта тиклаши мумкинлиги тўғрисида матбуотда пайдо бўлган тахминлар юзасидан берилган саволга жавобан Валерия Кузьменко "Мен бу масалани шарҳлашга тайёр эмасман. Биз шу кундаги масалаларни ҳал қилиш билан бандмиз", деган гап билан чекланди.

Анойининг саволлари

Агар “Ўздунробита” Ўзбекистондаги фаолиятини қайта тикламоқчи бўлса, бу иш қанчага чўзилиши мумкин?

Ширкат ўзининг ҳар бир минорасини қайта созлаб чиқиши керакми?
Ўзи нечта минора-антеннаси бор ширкатнинг Ўзбекистонда?

Биз “мобил алоқаси” деганда қўлидаги телефонинигина тушунадиган анойи одамнинг эшитганингизга ўхшаш саволларини россиялик мутахассис Максим Хохловга бердик.

Миноралар сони аҳоли зичлигига боғлиқ

Хохлов гапни мобил алоқанинг “алифбо”сидан бошлаб, уяли алоқани ўрнатиш учун антенна-миноралар керак бўлишини тушунтирди.

-Аҳоли зичроқ яшаган жойларда кўпроқ, сийрак жойларда озроқ минора ўрнатилади. Мобил алоқа минораси ўрнатилар экан, телефондан бир вақтнинг ўзида фойдаланувчилар тахминий сонидан келиб чиқилади. Назарий жиҳатдан, кимсасиз даштда ўрнатилган битта минора радиуси 50 км бўлган ҳудудни қамраб олиши мумкин. Лекин, Москва ёки Санкт-Петербургга ўхшаш шаҳарларда миноралар ораси ҳатто 100 метргина бўлиши мумкин, деди мутахассис.

Ўчириб қўйиш осон...

Максим Хохловнинг айтишича, мамлакат бўйлаб ўрнатилган миноралар ширкатнинг бош серверига уланган бўлади ва улар "жуда осон ўчириб қўйилади. Бунинг учун минораларга бориб, ҳар бирининг мурватини бурашнинг ҳожати йўқ".

...бинобарин, ёқиш ҳам осон

-Ўта жўн тушунишни истасангиз, ҳа, шундай. Алоқани таъминлайдиган ускуналар битта тугмани босиш билан ишга туширилади. Агар эътибор берган бўлсангиз, қандайдир йирик тадбирлар, масалан саммитлар бўлганида муайян ҳудудларда телефонлар ўчириб қўйилади. Бу жуда осон, деди мутахассис.

Эгаси ўзгарган бўлса, қийинроқ

Мобил алоқаси мутахассиси Максим Хохлов ўчириб қўйилган ускуналарни қайта ёқиш, агар улар бошқа оператор тасарруфига ўтиб кетган бўлса, узоқ вақт олади, деди:

-Ускуналар бошқа оператор ихтиёрига ўтиб, кодлари, телефон номерлари ўзгариб кетган, бўлса, иш албатта, чўзилади.

Эгаси ўзгармаган

МТС ширкати матбуот котиби Валерия Кузьменконинг айтишича, “Ўздунробита” ускуналаридан шу кунда ҳеч ким фойдаланмаяпти. Ҳар ҳолда “бизда бундай информация йўқ”, деди Валерия Кузьменко.

Масала тарихи

8 ноябр куни Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича суди апелляция ҳайъати МТС нинг Ўзбекистондаги барча активларини давлат тасарруфига ўтказиш тўғрисида қуйи инстанция чиқарган қарорни бекор қилди.

Айни пайтда суд МТС давлат бюджетига 600 миллион АҚШ доллари ўтказиши лозим, деган қарорни чиқарди.

Бундан ташқари “Ўздунробита”нинг тўрт нафар ходимини шартли қамоқ жазосига ҳукм қилиш қарори ҳам кучда қолдирилди.

Ўзбекистон Олий хўжалик судида эса ширкатнинг лицензиядан маҳрум қилингани юзасидан аппеляция аризаси яқин кунлар ичида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги 17 июл куни “Ўздунробита” мобил оператори фаолиятини вақтинча тўхтатган, 31 июл куни эса Тошкент шаҳар хўжалик ишлари бўйича суди “МТС-Ўзбекистон” бренди остида ишлаган “Ўздунробита”ни лицензияларидан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарган эди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

"Ўздунробита"ни бир зумда қайта тиклашлари мумкин