Ўзбекистонда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёр бўлди.
Мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати 23 ноябр куни тарқатган бу хабарни Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова тасдиқлар экан, қонун лойиҳаси парламентнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилмаганини маълум қилди.
Вазирлик матбуот хизматига кўра, янги қонун лойиҳаси тегишли вазирликлар ва идоралар муҳокамасидан ўтказилиб, Вазирлик Маҳкамаси ҳукмига ҳавола этилган.
Милиция тўғрисидаги қонуннинг зарур эканлиги тўғрисида жамоатчиликнинг фаол қатлами вакиллари Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён айтиб келади.
Озодлик радиоси жорий йил бошида “Ўзбекистонда нега милиция тўғрисида қонун йўқ?” мавзуида тайёрлаган эшиттиришда иштирок этган сенатор Светлана Ортиқова “20 йил давомида нима учун милиция тўғрисида қонун қабул қилинмади?” деган саволга жавобан бундай деган эди.
- Демак, давлат ва жамиятга ҳали унақа қонун керак эмас. Қонун қачон қабул қилинади ëки қачон ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади? Жамият ва давлатга бу қонун керак, қанақадир жамиятдаги муносабатларни тартибга солиш керак. Яна бир бор қайтараяпман, қонунчилик ташаббусига эга бўлган субъект шунақа хулосага келса, демак шундай қонун лойиҳасини ишлаб чиқади. 20 йил ичида шу қонун қабул қилинмадими, демак жамият ва давлатга ҳозирча шундай қонун керак эмас, деган эди Светлана Ортиқова.
Сенатор Ортиқова бу фикрни Озодликка 2012 йилнинг 13 январида билдирган эди.
Орадан 10 ой ўтиб қонун лойиҳаси тайёр бўлган экан, демак, унга Ортиқова айтган зарурат сезилиб қолибди.
Аслида эса бундай зарурат, кузатувчилар фикрича, доимо мавжуд эди ва бу бир чети ички ишлар органларига тааллуқли ҳар бир воқеа-ҳодисада сезилади.
Милиция ходимларининг ўзлари билан бўладиган суҳбатлардан ички ишлар органлари тўғрисидаги
қонун милиция ходимиНИ ҳимоя қилиш учун зарур
эканлигига амин бўласиз.
Давлат автомобил назорати хизматининг яқинда Озодлик билан Фарғонадан боғланган бир ходими исмини айтмаслигимиз шарти билан ойлик маошларининг 5 дан 1 қисмигина қўлларига тегиши тўғрисида ҳикоя қилиб берди.
- Хаëлимда мен 2012 йилда умуман ойлик олмадим. Мен ойликка қўл қўйдим, лекин ойлик берилмайди. Ойлик кетади кетадиган жойига ëки қанақадир проблемаларга. Мана оддийгина¸ менга поошрение чиқди. Яхши ишлаганимгами¸ нимага бўлса¸ менга 50 минг сўм рағбатнома берилди. Рағбатномага қўл қўйдим. Лекин пули менга берилмади. Нима учун берилмадики, мен қўлимда ишлатиб турган радарнинг бир йиллик яроқлиги сертификати учун 50 минг сарфланишига олиб қолинганмиш. Мана шунақа ҳолатлар билан пул қўлга тегмайди, дейди Давлат автомобил назорати хизматининг яқинда Озодлик билан Фарғонадан боғланган бир ходими.
Автомобил назорати ходимининг суҳбат давомида айтишича, у ҳар ойда 650 – 700 минг сўм маошга қўл қўяди. Бироқ қўлга:
- 100-150 минг тегиши мумкин, холос. Бўлмаса 70-80 минг ҳам тегади. Ëки умуман тегмайди - сиз қарз бўлиб чиқиб кетиб қолади, дейди Давлат автомобил назорати хизматининг Фарғонадан боғланган бир ходими.
Ушлаб қолинадиган пулнинг асосий қисми, милиция ходимининг айтишича, жарима квитанциялари кўринишида берилади.
Маоши ўрнига олган квитанцияларини автоҳаракат нозири қоида бузадиган ҳайдовчиларга жарима солиш билан пулга айлантиради ва чўнтагига солади.
Қонун милиция ходимиДАН фуқароларни ҳимоя қилиш учун зарур
Шуниси қизиқки, бундай зарурат мавжуд эканлигини Ўзбекистон расмийларининг ўзлари ҳам тан олади.
Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотларга таяниб, 23 ноябр куни эълон қилинган хабарларда қонун лойиҳаси вазирликда ўтказилган давра суҳбатида муҳокама қилингани, унда иштирок этганлар ҳанузгача милиция ходимлари томонидан “жисмоний куч, ўқ отар қуроллар ва махсус воситалар қўлланиши шартлари ва тартиби қонун билан белгилаб қўйилмагани, бу ҳолат эса, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қилиши, турли қонунбузарликларга ва ваколатларни суиистеъмол қилишга олиб келиши мумкинлигини” таъкидлаб ўтганлар.
Маълумки, Жазони ўташ муассасаларида қийноқ қўлланишига барҳам бермаётгани учун Ўзбекистон бир неча йилдан бери халқаро танқид объекти бўлиб келади.
Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи матбуот маркази жорий йил июнида мамлакат қамоқхоналаридан бир йилда камида 200 маҳбус жасади чиқиши тўғрисида хабар қилган эди.
Марказ қийноқ қурбонлари ҳисоб-китобини қилар экан, уларнинг яқинлари билан ўтказилган суҳбатлар, ёзма аризалар ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг хабарларига таянган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, милиция ходимларининг зўравонлиги сабабларидан бири уларга оид қонуннинг мавжуд эмаслигидадир.
Шу пайтгача Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги органлари фаолияти бир қатор қонуности ҳужжатлари ва турли йўриқномалар билан бошқарилиб келади.