Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг маълум қилишича, жорий йил бошидан бери 20 нафар солиқ инспекцияси ходими турли кўринишда тан жароҳати олган.
Жорий йилнинг феврал ойида Жиззахнинг Самарқанд билан чегарасидаги “Пайшанба” бозори ҳудудида Ғаллаорол Солиқ инспекцияси ходими А. Очилов бозорчи аёллар томонидан дўппосланди.
Бу ҳақда Озодликка айтган Жиззах вилоят Солиқ бошқармасининг навбатчи ходимига кўра, мазкур воқеа Ғаллаорол Солиқ инспекциясининг тўрт нафар ходими “Пайшанба” бозорида ноқонуний равишда савдо билан шуғулланаётган савдогарларни аниқлаш бўйича махсус рейд ўтказган пайти содир бўлган.
Унинг айтишича, “Пайшанба” бозорида ноқонуний равишда тиббий дори-дормонлар олди-сотдиси билан шуғулланиб келган она-бола Бердиқуловалар солиқчи А. Очиловни дўппослаши натижасида унинг юзи ва боши жароҳатланган.
Суҳбатдош айбдорлар иши Ғаллаорол туман жиноий ишлар судига оширилганини айтиб, воқеанинг бошқа тафсилотларидан бехабарлигини таъкидлади.
Ғаллаорол туман жиноий ишлар судининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, она-бола Бердиқуловалар “ҳукумат вакилини ҳақорат қилганлик ва унга қаршилик кўрсатганлик”да айбдор деб топилган ва бу борада суд ҳукми ҳам чиққан.
Суд ходими маҳкаманинг бошқа тафсилотларини очиқламади.
Мазкур воқеа ҳақида Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматига таяниб хабар тарқатган 12news.uz сайти хабарига кўра, А. Очиловни дўппослаган А. Бердиқулова 3,6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Унинг қизи З. Бердиқулова эса энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдорида жаримага тортилган.
Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, жорий йилда Ғаллаоролдагига ўхшаш жами 18 та ҳолатда солиқ хизмати ходимлари фуқаролар томонидан дўппосланган.
Солиқ қўмитаси хабарига кўра, 18 та ҳолатда жами 20 нафар солиқ хизмати ходими турли кўринишда тан жароҳати олган ва ушбу воқеалар бўйича 14 та жиноий иш қўзғатилган.
Ўзбекистонда солиқ ходимлари билан бозорчи савдогарлар орасида келишмовчиликлар кузатиб турилади.
Бундан бир-неча йил аввал Хоразмнинг Ҳазорасп туман марказий бозоридаги савдогар аёл солиқ ходимининг таъмагирлик қилгани учун у билан жанжаллашиш оқибатида ўзига ўт қўйиб юборилгани хабар қилинган эди.
Uzmetronom.com сайти маълумотига кўра, жорий йилда таъмагирлик ва порахўрлик каби айбловлар билан жами 40 нафар солиқ хизмати ходими жиноий жавобарликка тортилган.
Жумладан, жорий йилнинг октябр ойида Миробод тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Абдуваҳҳоб Хўжабоев, унинг ўринбосари Сирожиддин Холиёров, шўъба бошлиқлари Бахтиёр Шомаҳмудов, Хайрулла Исмоилов ва Орифжон Алтиевларни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси (Пора олиш) асосида 7 йилдан 9 йилга қадар муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Фарғона вилоят Фурқат туман давлат солиқ инспекцияси бош мутахассиси Комил Маъруфов фуқаро Ж. Ҳошимовдан 100 минг сўм пора олаётганда қўлга олинган.