Тошкент хориж сармоядорлари учун имтиëзларни кўпайтирди

Ўзбекистон Молия вазирлиги¸ Давлат Солиқ қўмитаси ва Иқтисодиëт вазирлигининг 2312-1 сонли қарори билан бевосита хусусий хориж сармоясини жалб қилувчи корхоналар учун берилган солиқ имтиëзлари тартибига оид Низомга ўзгартишлар киритилди.

Расмий нашрларнинг ëзишича¸ бу ўзгартишларга кўра¸ бундай имтиëзлар тааллуқли бўлган иқтисод соҳалари сони саккизтадан йигирматага еткизилган ва бу рўйхатга қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш¸ муқобил энергия манбалари асосида ишловчи электр станциялари қурилиши ва нефт-кимë саноати ҳам киритилган.

Янги ўзгартишларга кўра¸ солиқ имтиëзлари қўлланиладиган шарт-шароитлар ҳам кенгайтирилган ва эндиликда Тошкент шаҳри ва вилоятидан ташқари барча вилоят ҳудудларида жойлашган корхоналар ҳам мазкур имтиëзларга эга бўлиши мумкин.
Ҳозирга қадар амалда бўлган Низомда хориж сармоясининг корхона низом капиталидаги улуши 50 фоиз бўлиши кўзда тутилган бўлса¸ янги ўзгартишлар бу улушни 33 фоизга туширган.

Мазкур ўзгартишлар 2012 йилнинг 14 декабридан бошлаб кучга киради.

Тошкент ҳукуматининг хусусий хориж сармоясига берилган имтиëзларни кўпайтириш қарори хориж сармоядорлари қатор йирик жанжаллардан сўнг Ўзбекистон иқтисодига капитал ëтқизишга чўчиб қолган муҳитда қабул қилинди.

Айни кунларда Ўзбекистон иқтисодига қарийб ярим миллиард доллар сармоя ëтқизган Британиянинг Oxus Gold, шунингдек Россиянинг МТС¸ Ҳиндистоннинг Spentex Industries Ltd. ¸ Жанубий Кореянинг Kabool textiles¸ Исроилнинг Metal-Tech каби йирик халқаро ширкатлар Тошкент ҳукумати билан юзага чиққан муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Халқаро Арбитраж судига мурожаат қилган ëки мурожаат қилишга ҳозирланмоқда.

Бу инвесторлар¸ қолаверса туркиялик хусусий сармоядорларга қарашли қатор ширкатлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан солиқ билан боғлиқ молиявий жиноятларда айбланиб¸ ўзбек маҳкамаси қарори билан мамлакатдаги мол-мулкидан мосуво қилинган.