25 декабр куни Санкт-Петербургнинг Приморский туманидаги бозорлардан бирида чиққан ёнғинда куйиб ўлган уч мардикор Ўзбекистон фуқароси экани аниқланди. Полиция нобуд бўлган мардикорлар орасида вояга етмаган бола бўлганини хабар қилди.
Санкт-Петербургнинг Приморск туманида 2012 йилнинг 25 декабр куни уч нафар Ўзбекистон фуқаросининг ёнғинда куйиб ўлиши юзасидан шаҳар Тергов қўмитаси олиб борган текширув якунлари эълон қилинди.
Приморский тумани Богатирский проспекти томонидаги Коломяжский бозорида ўша куни кечаси соат 2:30 ларда чиққан ёнғинда бозор ҳудудида жойлашган 6 га 12 метр ҳажмидаги ёғоч бино куйиб кул бўлди.
Ҳодиса жойига етиб келган ўт ўчирувчилар ярим соатда оловни ўчирди ва эрталабга яқин кул бўлган уйчанинг хоналаридан бирида уч жасадни аниқлади, дея маълум қили Озодликка Санкт-Петербург Бош тергов қўмитаси ахборот бўлими ходими Антон Андреев.
- Приморский туманидаги сабзавот базасида аниқланганларнинг уччаласи ҳам ўзбеклар, яъни Ўзбекистон фуқаролари экан. Тергов материалларига кўра, ёнғин оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш оқибатида содир бўлган. Шу сабабдан, ҳеч ким жавобгарликка тортилмади, деди Антон Андреев.
Тергов қўмитаси вакилининг айтишича, омбор биноларини ижарага бериш билан шуғулланадиган “Приморская база” ЁАЖи ҳудудида 25 декабрда содир бўлган ёнғинда куйиб кул бўлган шахсларни кимлигини аниқлаш аввалига терговчиларга қийин бўлган.
Тергов қўмитаси расмийси нобуд бўлган мардикорлар исми-шарифини ошкор этиб, улардан бири вояга етмаганини ҳам қўшимча қилди. Булар 1990 йилда туғилган Ғайрат Сувонов, 1982 йилда туғилган Шуҳрат Суюнов ва 1995 йилда туғилган Достон С. лардир.
Тергов натижаларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари тутундан заҳарланиб ўлган.
Маҳаллий полиция бўлимида ўлган ўзбекистонликлар шу бозорда турли “қора” ишлар билан шуғулланиб, кун кечирганини маълум қилишди.
Озодлик ўтган йилнинг декабр бошларида Калининградда қурилаётган уйлардан бирида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бўлган икки эркак ва бир аёл бензин генераторидан чиққан тутундан заҳарланиб ўлгани, 2012 йилнинг ноябрида Москванинг Одинцово туманида чиққан ёнғин оқибатида 3 нафар меҳнат муҳожири нобуд бўлгани, улардан икки нафари Ўзбекистон фуқароси эканини хабар берган эди.
Шунингдек, 2012 йилнинг августида Иркутскдаги хусусий уйлардан бирида чиққан ёнғин оқибатида уч нафар Ўзбекистон фуқароси нобуд бўлгани, яна бири жароҳатлар билан маҳаллий шифохонага олиб кетилган; 3 апрелда тонгги соат 5 ларда Качалово бозорига тегишли омборлардан бирида чиққан ёнғин оқибатида сурхондарёлик 17 юк ташувчи йигит ҳалок бўлгани; Санкт-Петербург шаҳридаги коммунал квартиралардан бирида чиққан ёнғин оқибатида Ўзбекистон икки фуқароси ва Тожикистон фуқароси деб тахмин қилинаётган икки бола нобуд бўлгани; Нижний Новгород шаҳрининг Приокский туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида тўрт ўзбекистонлик ҳалок бўлгани ва бошқа шу каби нохуш ҳодисалар тўғрисида олдин ҳам хабар берилган.
Айни пайтда, Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳалок бўлаётгани муаммоси Ўзбекистон ҳукуматининг 2012 йил якунларига бағишланган мажлисида кўтарилди. 18 январ кунги мажлисда нутқ сўзлаган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов илк бор хориждаги ўзбек мардикорлари масаласига тўхталиб, Россия телеканали хабаридан Москвада фаррошлик қилган ўзбек йигитининг ўлдирилгани тўғрисида эшитганини таъкидлади.
Хабар агентликлари президентнинг, исми келтирилмаган бу йигит тақдирига ачиниб, "нима қиларди, у ерга бориб", деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.
Узметроном нашри келтирган иқтибосга кўра, Ислом Каримов ёшларнинг ташқарига иш излаб кетаётганида Ўзбекистон ички ишлар вазирини айблаган ва "Москвада фаррошлик қилиб топадиганини, уйида топа олмасмиди", дея таассуф билдирган. У шунингдек, ўзбекистонликларнинг "фақат фаррошлик билан шуғулланиши миллат учун шармандалик" дея ёзғирган.