Қирғизистонда Умумреспублика тестларини ўзбек тилида топшириш бекор қилинди


Қирғизистондаги ўзбек мактаблари битирувчилари бу йилдан бошлаб Умумреспублика тестларини ўз она тилида топшира олмайди. Олий ўқув юртларига кириш имтиҳони вазифасини бажарувчи бу тестларни ўзбек ёшлари бундан буён ё давлат тилида, ёки расмий тилда топширади.

Умумреспублика тестларининг ўзбекча версиясини бекор қилиш масаласи бир қатор жамоат ташкилотларининг талаби билан мамлакат парламенти ва ҳукуматида қарийб бир йил давомида муҳокама қилинди.

Шундай бўлса-да, сўнгги қарор ўзбек мактаблари битирувчилари учун кутилмаган бўлди, дейиш мумкин.

Чунки Таълим вазири ўзбекча тестларни сақлаб қолиш тарафдори эканлигини билдирган, мамлакат президенти матбуот котиби эса, президент Атамбаевнинг ҳам шундай позицияда эканлиги тўғрисида баёнот берган эди.

Масала юзасидан қарор қабул қилиш қийин кечганини бир кунда эълон қилинган икки хабарнинг бири иккинчисини инкор этгани ҳам кўрсатади.

Масалан, “Вечерний Бишкек” газетаси 31 январ куни тестларининг ўзбекча версияси бекор қилингани тўғрисида ёзди.

Бироқ, Kloop.kg сайтининг шу мавзудаги 31 январ кунги материалида мана бу гаплар бор эди:

“Таълим вазирлиги матбуот котиби Керез Жукеева Умумреспублика тестларининг ўзбекча версияси бекор қилиниши эҳтимолларини соқит қилди. <…> Ўтган йили таълим вазири Канат Сидиқов Умумреспублика тестларининг ўзбекча версиясини бекор қилиш – инсон ҳуқуқларини бузишдир, деган эди.

“Бизда ўзбек тилида ўқийдиган ўқувчилар бор, Конституцияда эса, барча миллатлар вакиллари ўз тилида таълим олишга ҳақли, деб ёзиб қўйилган. Акс ҳолда бу инсон ҳуқуқларининг топталиши бўлади, деган эди у парламент мажлисларидан бирида”, деб эслади тилга олинган нашр 31 январ кунги материалида.

Бироқ 1 феврал куни ўзбекча тестларни бекор қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилингани маълум бўлди ва Таълим вазирлигининг исмини айтмаслигимизни сўраган масъул ходими Озодлик саволларига жавоб берар экан, хабарни тасдиқлади:

- Ҳа, чиндан ҳам шундай. Умумреспублика тестлари давлат тили ва расмий тилдагина ўтказилади, деди вазирликнинг айнан шу масала билан шуғулланадиган мутахассиси.

Бундан 11 йил муқаддам – 2002 йили жорий этилган ва ўшандан бери қирғиз, рус ва ўзбек тилларида ўтказилиб келаётган тестлар тўғрисида айтиб беришни Ўш вилояти Қорасув туманидаги Тўйчи Алтибаев номидаги мактаб илмий бўлим мудири Мирзаҳамид Нажибуллохуновдан илтимос қилдик.

- Бу мактабни битирув имтиҳонлари эмас. Бу олий ўқув юртларига киришлик учун бутун республика бўйича ўқувчининг билимини баҳолаш тести.

Озодлик: Қачон ўтказилади у?

- Майнинг охирларида ўқув процесси тугагандан кейин ўтказилади.

Озодлик: Битирувчиларнинг ҳаммаси ëппасига топширадими ëки хоҳлаган топширадими?

- Олий ўқув юртига кираман деганларнинг ҳаммаси топшириши шарт. Махсус ўқув жойларига, училишеларга, техникумларга кираман деса, улар у ерда тест топширмайди, деди илмий бўлим мудири Мирзаҳамид Нажибуллохунов.

Қирғиз Республикаси Tаълим вазирлиги вакили ўзбекча тестларнинг бекор қилиниши сабабларига тўхталар экан:

- Ҳар йили Умумреспублика тестларини ўзбек тилида топширадиганлар 1000 – 1500 нафар атрофидагина бўлади, бу эса, абитуриентлар умумий сонининг 10 фоизга етмаган қисмини ташкил қилади, деди.

Бироқ “Вечерний Бишкек” газетасининг 31 январ куни Маориф ва ўқитиш усулларини баҳолаш маркази (русча қисқартмаси - ЦООМО) дан олинган маълумотларга таяниб хабар қилишича, 2011 йили 2125 абитуриент тестларни ўзбек тилида топширган.

Илмий бўлим мудири Мирзаҳамид Нажибуллохуновнинг айтишича, у ишлайдиган Тўйчи Алтибаев номидаги мактабни 2012 йили 24 ўқувчи битирган:

- Ўшандан 11 таси топширган ОРТ тестини. Иккита ўқувчимиз ОРТ тести орқали бюджет ўқишига яъни давлат стипендия тўлаб ўқийдиган ўқув юртларига кирди. Қолганлари контракт ҳисобидан ўқишаяпти, дейди илмий бўлим мудири Мирзаҳамид Нажибуллохунов.

Ўтган йилги битирувчиларининг қарийб ярми (24 нафардан 11 нафари) тест топшириб олий ўқув юртларига кирган Тўйчи Алтибаев номидаги мактаб 2010 йил, июн фожеасигача Лев Толстой номидаги мактаб эди.

Ўш шаҳри четидаги Шарқ қишлоғида жойлашган бу мактаб июн воқеалари давомида ёндириб юборилган ва унинг янги биноси ўтган йили фойдаланишга топширилган.

Ўзбек ва қирғиз тиллари бир оила тилларидир. Шунинг учун, балки, ўзбек тилидаги тестларнинг бекор қилиниши катта муаммо эмасдир?

Бу саволни Ўш давлат университети доценти Равшанбек Турсуновга бердик:

- Менинг фикрим шунақаки, ҳозир бунга ўқувчилар тайëр эмас. Чунки Умумреспублика тестини ўз она тилида топшириш ҳам жуда мураккаб. Унга фикрлаш керак, мулоҳаза юритиш керак. Бу узоқ тайëргарликдан кейин бир неча йиллардан кейин шундай ҳолатга ўтилса, билмадим. Чунки ҳозир ўзбек тилида ўқиб туриб рус тилида ëки қирғиз тилида топшириш анча мураккаб менинг фикримча.

Озодлик: Ўзи умуман ўзбек жамоатчилиги, бўпти кўпчилик билмасин, сизга ўхшаган домлалар, зиëлилар биладими бу янгиликни? Хабари борми? Менимча, хабари йўққа ўхшайдида. Кўпчилик билан гаплашсам мендан эшитаяпти.

- Чунки яқиндагина газетада Маориф министрининг “Тестлар уч тилда қолади ҳозирча. Бунга кейинчалик вақти-вақти билан ўтилади” деган фикри чиққан эди. Шуни ўқиган эдик. Шунга унча эътибор берилмаган бўлса керакда шу мақолани ўқиганликлари учун. "Олам" газетасида чиққан эди бир ой олдинги сонида.

Озодлик: Сизнинг назарингизда вазиятдан қандай чиқилади?

- Мен боя фикримни айтдимку. Вазиятдан чиқишнинг қандай йўли бўлиши мумкин? Ҳеч қанақа йўли йўқ. Ҳозирча аввалгиси бўйича қолиб тургани маъқул менинг фикримча, дейди Ўш давлат университети доценти Равшанбек Турсунов.

Қирғиз Республикаси Ўзбек миллий-маданий маркази президенти Бахтиёр Фаттоҳов билан ҳам боғландик.

У ўзбекча тестларни бекор қилиш тўғрисидаги қарор бекор қилиниши керак, чунки ўзбек мактаблари бунга ҳали тайёр эмас, деган фикрни билдирди:

- Хабарингиз бўлса, ярим йил бурун бу масала кўтарилган эди. Биз жуда қаттиқ қарши фикр айтгандик. Бу нарса бугунги кунда ўзбек ëшларининг ҳуқуқини 100 фоиз ҳимоя қилмайди. Бугунги кундаги ëшларга тенг рақобатга яраша шароит яратмайди. Бизнинг фикримизни министр ҳам бир конференцияда қўллаган эди. Мен бу нарсани яқин орада у киши билан учрашиб, нима сабабдан бу нарса қабул қилинди деб, фикрини билмоқчиманда. Менинг фикрим, қаршиман. Бунга тайëргарлик даври керак. 4-5 йилдан кам бўлмаган давр керак ўзбек болаларини қирғиз тилдаги ОРТга тайëрлаш учун.

Озодлик: Бу масаладан тўғриси менинг ҳам хабарим бор эди. Бир-иккита мақолалар ўқиганман.

- Мен жуда катта интервю берганман бу нарса нотўғри деб.

Озодлик: Вазирлик вакиллари ўзлари ҳам бунақа планлари ...

- Бир конференцияда министр мен фикримни ўқиганимда бизнинг фикримизни қўллаган эди. Нима учун бу нарса қбаул қилинганини Бишкекка борганимда учрашиб ҳал қилмоқчиман. Кеча Ўшда шу масала атрофида кўпчилик менга қайрилдида бунақа бўлмайди Бахтиëр ака деб. Менинг фикрим буни қайтадан кўриб чиқиш керак, дейди Қирғиз Республикаси Ўзбек миллий-маданий маркази президенти Бахтиёр Фаттоҳов.

Ўзбекча тестларнинг бекор қилиниши арафасида маҳаллий матбуотда эълон қилинган хабарларда таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулованинг “Умумреспублика тестлари ўзбекча версиясининг бекор қилиниши ўзбек тилида сўзлашувчи ўқувчилар таълим олиш ҳуқуқининг қўпол равишда бузилишидир”, деган фикри келтирилган эди.

КирТАГ агентлигининг 2012 йил 22 июн кунги хабарида эса, Қирғиз Республикаси президенти матбуот котиби Қадир Токтогуловнинг мана бу баёноти келтирилган эди:

“Президент Алмазбек Атамбаев Таълим вазирлигининг Умумреспублика тестларининг ўзбекча версиясини сақлаб қолиш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлайди”.

Орадан 6 ой ўтгач, вазирлик президент қўллаган қарорини ўзгартирди.