Аëл бўлиш осонми¸ ўзбек аëли?


Аëлларга ҳақ олиб бериш иддаоси билан майдонга чиққан Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Озодлик мухбири ўзбек жамиятининг турли қатлам ва турли авлодига мансуб хотин-қизларга шундай савол билан мурожаат қилди.

***********************************************************

Бугун ўзбек жамияти портретига чизгилар битмоқчимиз.

Жамиятнинг бир қисми портретига, унинг бир пайтнинг ўзида ҳам кучли, ҳам заиф бўлаги – ўзбек хотин-қизлари портретига чизгилар битмоқчимиз.

Қаҳрамонларимизни атайлаб танламадик. Дастур 8 март байрами арафасида бирин-кетин ўтказганимиз тўрт суҳбат маҳсулидир.

http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F82319014&show_artwork=true

Қаҳрамонларимиз билан танишинг.

64 га кирган пенсионер онахон Мисиргул опа.

- Мен кўчада ободончиликда ишлаганман. 1967 йилда ишлаганман. 1999 йилда пенсияга чиқдим.

Ўзбекистон халқ артисти, барча Замонлар ва барча Маконлар Кумуши Гулчеҳра Жамилова.

- Аëлларимиз ҳамиша гўзал бўлишсин. Бу фақатгина ўз ўзидан гўзал бўла олмайди. Мен истардимки, эркакларимиз ҳамиша уларга эътиборли бўлсин.

Алдовга учиб Дубайга борган ва охир-оқибат уйсиз қолган Инобатхон.

- Қиммат уйлар. Ҳозир қаерга боришимни билмаяпман. Билмасам энди. Каллам гаранг бўлиб ëтибди.

Ва ниҳоят, Рязань Давлат медицина институти талабаси, андижонлик Ойхон.

- Ишлаб ўқийман. Ўзим медсестраман. Тошкентда Баровский медицина коллежини битирганман.

Жамият ва қонуннинг яна бир меҳмони истеъдодли ўзбек шоираси Мунаввара Ойматова.

Бугун фақат оналарга бағишланган шеърлар ўқиладиган кун.

Қоши қалдирғочим, сочи сунбулим,
Ҳасрат водийсида юзи сўлғиним,
Мени соғинмади шавқатсиз кунлар,
Фақат сиз интиқсиз йўлимга гулим.

Эшигим чертмаган бахтдан нолимай,
Тунларга ўзимни этаман нифар,
Қуëши йўқ жаҳон менга бўлса ҳам,
Бунча фидойимсиз, бунча интизор.

Сиз танишиб олган қаҳрамонларимиз билан суҳбатларимиз асосан аёл бўлиш қийин эмасми, деган савол атрофида бўлди.

Биринчи бўлиб бу саволни бир умр кўча супуриб, кўчат эккан пенсионер онахон Мисиргул опага бердик.

- Бу йил 64га тўламан. Невара боқаман. 1999 йилда пенсияга чиқдим.

Озодлик: Нечта фарзандингиз бор?

- Бешта фарзандим бор. Учта ўғил, иккита қиз. Катта ўғлим КамАЗ ҳайдайди. Бошқалари боғбон бўлиб ишлашади.

Озодлик: Эрталабдан кечгача нима иш қиласиз? Мана эрталаб турдингиз.

- Неварам ўқишга кетади. Келиним уйда. Майда-чуйда аëллар қиладиган иш билан шуғулланамиз. Келиним супуради, мен уларга озгина ëрдам бераман. Овқат қилса, картошкасини артиб дегандай. Қўлимдан келганчада.

Озодлик: Сизнинг назарингизда аëл бўлиш осонми, эркак бўлиш осонми?

- Энди аëл бўлгандан кейин аëл бўлган яхшида. Аëл бўлиб туғилгандан кейин аëл вазифасини қилишда. Эркакларга ҳам осон эмас. Аëлми, аëллигини қилиши керак. Уйини супуриб, пол ювиб, болаларга қараш аëлларнинг вазифасию.

Озодлик: Кимнинг вазифаси осонроқ дейманда. Аëлнинг вазифасими эркакнинг вазифасими?

- Энди, менимча, ҳамманики ўзининг нимасига қараб осон бўлса керакда. Мен учун аëлларники осон. Ўзим ўйлаганчада. Эркаклар ҳам меҳнат қилади, оиламни боқаман дейди, улар ҳам кўчада ишлаб келади. Улар келгунча ош-овқат тайëрлаб қўйиш, чой дамлаб бериш вақтида.

Озодлик: Поччамиз бормилар?

- Йўқ. 10 йилдан ошди.

Озодлик: Кейин турмуш қилмадингизми?

- Йўқ, йўқ, дейди Мисиргул опа.

Бир умр жисмоний меҳнат билан шуғулланган, шу кунда ҳам “келини супра очса, унга ёрдамлашадиган” Мисиргул опадан раҳматли онамнинг тафти келди.

Кўнглимдаги сабаби мавҳум безовталик қаёққадир ғойиб бўлди.

Кафтимга боқаман, фоллар очаман,
Йўллар олиб кетар, сиздан узоққа,
Ненидир илиниб менга асрайсиз,
Асрайсиз соғинчни мудом узоқда.

Ўзбек аёли портретини ким чизмасин, у портрет Кумушни эслатувчи чизгиларсиз мукаммал бўлмаслиги аниқ.

Ўзбекистон халқ артисти, барча Замонлар ва барча Маконлар Кумуши Гулчеҳра Жамилова саволларимизга лутфан жавоб берди.

Гулчеҳра опанинг фикрича, аёл бўлиш қийин эмас, ҳамма гап унинг ўз вақтини қандай ташкил қила билишида.

- Агарда аëл кишининг ўзи чаққон бўлса, режа билан иш тутса, у ҳамма нарсага улгуради. Енгиллаб қолдими, енгиллаб қолмадими, келин олдими, келин олмадими, унинг ўзига боғлиқ. Ўзи чаққон бўлиб, ғайратли инсон бўсла, шарт эмас бировнинг ëрдамига қараб ўтириш. Ўзи туриб қилиб кетаверади. Мен шунақа тоифаданман.

Озодлик: Кулгилироқ савол. Аëлга қийинроқми эркакками?

- Одамзоднинг ўзига боғлиқ эркак бўлишингиздан, аëл бўлишингиздан. Мисол мана раҳматли отам ҳеч қачон қараб ўтирмаганлар. Бу эркакнинг иши, бу аëлнинг иши деб ажратилмаган бизнинг оилада. Ким келса, ким бўш бўлса, ўзи қилиб кетаверган ўша нарсани. Мисол ойим раҳматли агар ишда ушланиб қоладиган бўлсалар, дадам вақтлироқ келган бўлсалар, ўтирмас эдилар ойим келишларини пойлаб. Ўзлари уннаб кетаверардилар. Биз мана шунга ўрганганмиз. Бизнинг оилада ҳам худди шунақа бўлган. Энди ҳозир бугунги кунда мен уларга қараб ўтирмайман. Бир кун олдин бўлса ҳам, кечаси бўлса ҳам эртанги овқатимни тайëр қилиб қўяман. Хуллас шахсан ўзимнинг уйимда доим дежурний овқат тайëр туради. Унақа овқатсиз нимам бўлмаган ҳеч қачон.

Озодлик: Қизига совчи кутаëтган онадек денг.

- Энди бўлиши мумкин шунақа десангиз ҳам. Лекин азал азалдан бизларнинг уйда доим овқат бўлган, дейди Гулчеҳра опа Жамилова.

Яна бир ўзбек аёли Инобатхоннинг эса, Гулчеҳра опа айтаётган “дежурний овқат”ни тайёрлаб қўядиган уйининг ўзи йўқ.

Унинг кўргиликларини эшитишдан олдин, сўз навбати яна шоирага.

Иссиқ нон нафасин соғингандира,
Қаймоқлар асрайсиз бу бебош қизга,
Менчи ташвишлардан холи онимни,
Тополмай дардимни тўкаман сизга.

Тошкентлик Инобатхон бировга алданиб шоира Мунаввара айтаётган “бебош қиз”га айланиб қолганини ўзи ҳам билмай қолди.

Бундан 3 йил олдин хом-хатала режалар билан уйини сотдию қора кунлари бошланди.

- Мени Муҳаббат деган қиз алдаб Арабистонга чақирди. Сурхондарëлик аëл киши. Ўша ерда яшайди. Синглиси иккаласи фоҳишахона очган экан у ерда. Мен бордим у ерга. Кейин мени битта арабникига олиб бориб қўйишди. Учта қизи, битта ўғли бор эди. Уникида турдим. Мени алдаб 2000 долларимни олди. Улар мени ўша ерга ташладида кетди. Кейин унинг уйида бир ой туриб, 10-март куни у ëқдан учиб келдим. Учиб келганимдан кейин уй ахтардим. Қўлимда 17 минг 300 долларим бор эди. Роса уй ахтардим. Уй тополмадим. Юрдим, юрдим. Уй ахтараман тополмайман. Умуман пулим етмаяпти. Кейин чиқдимда Туркияга кетдим. Биттаси “Инобат опа, сен ўзингни шамоллатиб келгин яна бир” деди. Хитойга борсаммикан, Россияга кетсаммикан, деб турган эдим, Туркия таклиф бўлиб қолди. Туркияга бир ўзим бордим. Шишиб кетдим ҳавосига. Яна қайтиб келдим. Мана ҳозиргача уй ахтараман.

Озодлик: Нима иш қилдингиз Арабистонда?

- Нима қилардим. Ҳеч нима иш. Просто мен бордим. Алданиб, қўлимда фақат билетим бор эди, шу билан қайтиб келдим.

Озодлик: Ўзи нима мақсадда борган эдингиз?

- У менга телефон қилиб, “Инобат опа, агар уйни сотган бўлсангиз, келинг ишлашга бу ëққа” деди. “Нима иш қиламан?” десам, “Массаж қиласиз. Ëки бўлмаса болницалар бор. Ҳиндистонликлар ишлайди. Ўша ерда гиëҳлар бор, кўрасиз. Ëки бўлмаса пол ювасиз. Ëки овқат ташийсиз” деди. Мени алдаб чақирдида. Учиб борган кунимнинг эртасига қўлимдан пулимни олиб қўйдида, битта квартирага олиб бориб ташлади. Ëтдим, едим-ичдим ўша квартирада.

Озодлик: Фарзандларинги, поччам борми?

- Йўқ. Менинг хўжайиним ўлиб кетган. Мен битта қизим билан қолиб кетганман. Қизимни эрга берганман. Учта неварам бор, куëвим бор. У ëқдан келдиму уй ахтардим. Бўлмади яна Туркияга кетдим. Бордим, дам олиб келдим. Ҳозиргача уй ахтараяпман. Шу кеча кундузда биттаси “Инобат опа, Москвада бор ҳеч бўлмаса. Ëки бўлмаса Олмаотага кет” деяпти. Қаерга кетишимни билмаяпман. Тўғриси мен қийналиб турибман.

Озодлик: Уйингизни сотаëтганингизда “Қўй Инобат, бу ишни қилма. Уйсиз қоласан” дейдиган бир яқинингиз бўлмадими?

- Йўқ. (хўрлиги келиб) Ҳеч кимим бўлмади. Қийналиб кетдим жуда ҳаëтдан. (йиғлаб) Ҳозир қўлимда 14 минг пулим бор. Уй ололмаяпман. Қаерга борсам қиммат уйлар. Ҳозир қаерга боришини билмаяпман. Биттаси 10 март куни олиб кетаман, ишлаб келасан, деяпти. Билмасам энди, каллам гаранг бўлиб ëтибди. Жаннатда эмас дўзахда яшаяпман.

Озодлик: Худо бир йўл кўрсатар опа. Хафа бўлманг.

- Шунақа қиламан энди. Бориб кўрайчи. Кўраман. Оллоҳ раҳми келар, дейди Инобатхон.

Инобатхоннинг ҳасрати биз бугун чизаётган ўзбек аёли портретига қора чизиқ бўлиб тушди.

Бу чизиқ кейинги йилларда тобора бўртиброқ кўринмоқдаки, фикримизга Россияда ўқиётган андижонлик Ойхоннинг ҳикояси далил бўла олади.

Иссиқ нон нафасин соғингандира,
Қаймоқлар асрайсиз бу бебош қизга,
Менчи ташвишлардан холи онимни,
Тополмай дардимни тўкаман сизга.

Шоира Мунавваранинг “Онамга” шеъридан яна бир парча эшитдик.

Андижонлик Ойхон Россияда ишлаб юрган юз минглаб ўзбек аёлларининг типик вакили эмас. У – талаба. Рязань давлат медицина институти талабаси.

Ўқиши пуллик. Ётоқхона ҳаражатлари билан қўшиб ҳисоблаганда йилига 100 минг рубл атрофида бўлади.

Бу пулнинг катта қисмини Ойхон икки касалхонада ярим ставкадан бир ставка ишлаб ўзи топади, чаласини Москва вилоятида яшайдиган ота-онаси беради.

Ойхоннинг ўзи ҳақидаги гапнинг мухтасари шу. У билан суҳбатнинг мана бу қисми – Рязанда ишлаб юрган ўзбек аёллари тўғрисида айтганлари бугун битаётганимиз портретга муҳим бир чизги бўлиши мумкин.

- Ўзбек аëлларига қараб ачинаман бир томондан. Шунақа қилиб юрганларига ичим оғрийди. Бизнинг болницага кўп аëллар келади. Кўп аëлларнинг имконияти етмайди. Пули йўқ баъзилари. Мана яқинда бизнинг ëтоқхонада ремонт қилиши керак бўлди. Иккита ўзбек аëли, айнан қаерданлигини сўрай олмадим, кечқурун ўша ўзбек аëлларидан биттаси душевойда бетини ювиб турган экан. Юзларини ювиб ойнага қараб турган экан. Мен устидан кириб қолдим. Шунақа кўзим тушди. Қарасам, ойнадан кўриб қолдим, ниҳоятда кўриниши ëмон. Кўзи қип-қизил. Касалда, кўриниб турибди юзидан. Аҳволи оғир, озғин. Қорайиб кетган. Юзда акс этадию кўп нарса. Шарт ўгирилдимда, “Нима бўлди сизга? Нимага аҳволингиз бунча ëмон? Кўзингиз нимага бунча қизил? Қачондан бери бунақа қилиб юрибсиз?” деб сўрадим. Кўзлари худди вампирларнинг кўзига ўхшаб қизариб кетган. “Олти-етти ойдан бери шунақа қилиб юрибман” деди. “Шу қизил кўзингиз билан шунақа юрибсизми?” десам, “Ҳа” деди. Кейин қандай бошланди, қандай давом этади, кечқурун қичишадими, ачишадими сўрадим. Ундан олдин мен ўзим кўзимни даволагандим. Менинг ҳам озгина проблемаларим бор эди. Мендан дори-дармонлар қолган эди. Қиммат дориларни олгандим кўзимни даволатишга. Кўзини кўрибоқ ўша жойда ташхис қўйдим. “Юринг, мен сизга дори бераман” дедим. “Шуни кўзингизга қуйинг. Срочно докторга боринг” дедим. “Докторга боргани документим йўқ” дейди. Бу ерда ҳамма ëқ платний. Документ бўлмаса ўзингиз биласиз. Кейин мен дори-дармонларимни бердим. Антиаллергический бир нарсалар бердим. “Икки кундан кейин ëнимга келинг” дедим. Икки кундан кейин келди. Кўзлари ўзига келиб қолибди. Бир таниш врачимиз бор. Шунинг номерини бердим. Клиникасининг расположениесини бердим. “Ўша ерга боринг. Кўзингизни кўрсатмасангиз бўлмайди. Арзонроқ дори ëзиб беради. Олинг” дедим. Бунақа аëлларни кўп учратдим ака.

Озодлик: Сиз кўрган душевойда нима қилаëтган экан у аëллар?

- Бизнинг ëтоқхонада радиаторларнинг ҳаммасини янгилашди. Янгилангандан кейин деворда тешиклар қоладику. Ўша тешикларни ямаш керак бўлган. Алибастр олиб шпатлевка қилиб юрибдида. Ремонт қилиб юришибди, дейди Ойхон.

Рязань давлат медицина институти талабаси Ойхоннинг ўзи ва унинг ҳикояси битаётганимиз – бугунги ўзбек аёли портретига сўнгги чизгилар бўлиб тушди.

Бугун чизганимиз портрет ўзбек аёлининг мукаммал портретидир, деган иддаомиз йўқ.

Лекин чизгиларимиздан оналарингизни, опаларингизни, сингилларингизни таниган бўлсангиз ажаб эмас.

Кўзингиз йўл кўрар, секин турасиз,
Кўчага қимтиниб боқиб қўясиз,
Соғинч деган улкан азобни она,
Мудом дарвозага осиб қўясиз.

Қоши қалдирғочим лафзи ҳалолим,
Фарзандлар ташвиши келмас малолим,
Мени соғингувчи йўллар сўнггида,
Фақат сиз фариштам қоши ҳилолим.

Байраминг муборак, ўзбек аёли!

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Аëл бўлиш осонми¸ ўзбек аëли?