Ўзбекистон сиёсий-ижтимоий ҳаёти янгиликларини ёритувчи ва таҳлил қилувчи муқобил онлайн матбуотнинг аксари шу кунларда асосан молиявий муаммолар боис¸ ўз фаолиятини тўхтатиб қўйиш даражасига тушиб қолган.
Ташвишли муждалар
Яқинда “Фергана.ру” сайтида мана бу эълон пайдо бўлди:
“Азиз дўстлар! Ҳурматли муштарийлар! “Фергана.ру” сайти таҳририяти Сизга молиявий ёрдам сўраб мурожаат қилмоқда...”
“Harakat.net” сайти эса, ўзининг “Юзга юз минг кампанияси”ни бир неча йилдан бери ўтказиб келади. Бу тадбир ҳам сайт фаолиятини молия билан таъминлаш зарурати маҳсулидир.
“Uznews.net” сайти шу кунда ишламаяпти. Сайт эълонида унинг танаффусга чиқиши ортида молиявий сабаб ҳам мавжудлиги кўрсатилмаган бўлса-да, пул тақчиллиги бу ахборот воситасига ҳам хосдир.
Бош муҳаррирининг айтишича, “Uzmetronom.com”нинг аҳволи ҳам ҳавас қилгулик эмас.
http://w.soundcloud.com/player/?url=http%3A%2F%2Fapi.soundcloud.com%2Ftracks%2F84419777&show_artwork=true
“Сифатли матбуот”
Тилга олганимиз ахборот воситалари Ўзбекистоннинг сиёсий-ижтимоий ҳаёти янгиликларини ёритувчи ва таҳлил қилувчи Сифатли муқобил онлайн матбуотнинг кўзга кўриниб, аллақачон ўз ўқувчиларини топиб олганларидир.
“Сифатли” сўзини бу ерда атама ўлароқ ишлатаяпмиз.
Матбуотнинг Сифатли тури унинг бошқа турлари, масалан Сариқ матбуотдан фарқли ўлароқ жамиятнинг фикри уйғоқ, зиёли қатламига мўлжалланган, нима бўлаётганини хабар қилиш билан бир пайтда аслида нима бўлаётганини тушунтиришга уринадиган, шу уриниш йўлида ўз ўқувчиси фикрлари учун майдон берадиган матбуотдир.
Ҳар ҳолда, тилга олинган сайтлар ўшандай матбуотга айланган ёки айланаёзган.
Бу сайтларнинг муқобиллиги эса, уларнинг воқеа-ҳодисалар таҳлилида Ўзбекистон расмий матбуотидан фарқланишидадир.
Сифатли муқобил онлайн матбуотнинг муаммолари худди шу жойдан, яъни ўша фарқдан бошланадики, бугунги эшиттиришимиз муаммоларнинг энг асосийси – сайтлар бошидан кечираётган ва борган сари кучайиб бораётган молиявий тақчиллик ва унинг оқибатлари ҳақида.
Агар бу муаммо қайсидир бир шаклда ҳал қилинмаса, яқин келажакда Сифатли муқобил матбуот нафақат мамлакат ичида, балки унинг ташида ҳам қолмайди.
Шу кундаги вазият
Сифатли муқобил онлайн матбуот нашрлари рўйхатига киритганимиз нашрлардан фақат биттаси - “Uzmetronom.com” Интернет газетаси таҳририяти Ўзбекистондадир.
Ўз олдига қўйган вазифани “Uzmetronom.com” мана бундай ифодалаган: “Мамлакатда кечаётган ҳам ижобий, ҳам салбий ўзгаришлар динамикасини ўз вақтида кузатиб бориш бизнинг бирдан-бир вазифамиздир”.
Сайтнинг шу кундаги молиявий аҳволи тўғрисида гапирар экан, унинг бош муҳаррири Сергей Ежков гапни сайтини очган пайтда бир марта грант олганидан бошлади:
- Сайтимни очаётганимда бир марта грант олган ва ўшанда анчайин беташвиш яшагандим. Кейин грант бергичлар бир-икки сўровимни рад этди. Ўзим ҳам сўрамай қўйдим. Ёрдам йўқ, ўзим бир амаллаб турибман, дейди “Uzmetronom.com” бош муҳаррири Сергей Ежков.
“Harakat.net” сайтининг “Лойиҳа ҳақида” саҳифасида кўрсатилишича, унинг муассиси “Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини ўзбек, рус ва инглиз тилларида ёритишга ихтисослашган Мустақил “Ҳаракат” информацион агентлиги”дир.
Таҳририяти АҚШда жойлашган “Harakat.net” билан Ўзбекистонда туриб ҳамкорлик қилувчи мустақил журналист Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, очилганига 10 йилдан ошган сайтнинг ҳануз ишлаб туриши гарови уни юритиб келаётганларнинг энтузиазмидир:
- Биз фақат энтузиазм эвазига мана шу сайтни юритаяпмиз. Жуда ҳам пул миқдори ниҳоятда кам. Лекин шунга қарамасдан биз фидоийлик эвазигагина, масалан пул бўлмаса ҳам ўзимизнинг шахсий хоҳиш-иродаларимизга, шахсий фаолиятимизга кўра юритаяпмиз. Маълум муддат пайтда бизнинг фаолиятимизни Американинг милллий демократик институти қўллаб-қувватлаган. Лекин ўша қўллаб-қувватланган грант лойиҳалари кейинчалик тўхтатилган ва бу фақат биз билан боғлиқ эмас. Жуда кўплаб фуқаролик жамияти вакилларида акс этаëтган бир жараëн бу. Чунки Қўшма штатлар, Ғарбнинг кўплаб ташкилотлари молиявий грант масалаларини Ўзбекистон билан муносабатлардан кейин тўхтатиб қўйди.
Озодлик: Бу тўхтатиш қачон бошланди?
- 2008 йилда тўхтатилди. Биз кейинги 4-5 йил давомида фақат ўзимизнинг шахсий имкониятларимиз даражасида бу сайтларни юритиб келмоқдамиз. Ҳали айтганимдай жуда кам миқдорда бўлса ҳам чет элдаги юртдошларимиз, миллатдошларимиз қўллаб-қувватлашади. Лекин бу жуда кўзга кўринадиган даражада эмас. Иккинчидан, биз ўзимизнинг таъсисчиларимиз бўлган сиëсий партия вакилларининг ëрдамларига, уларни манба сифатида ишлатишни йлга қўйганмиз. Шунинг эвазигагина ҳозир бизнинг “Ҳаракат” агентлигимиз фаолият юритиб турибди, дейди “Harakat.net” сайтининг Ўзбекистондаги вакили Абдураҳмон Ташанов.
“Журналистларимиз, ўзларининг эркин сўзлаш ҳуқуқлари, ўз муштарийларининг эса ахборот олиш ва билиш эркинликлари борлигига ишонган ҳолда, мамлакатдан ахборотлар қидиришади, топишади ва тарқатишади”. Бу баёнот “Uznews.net” сайтиникидир.
Нашрнинг ўзбек тилидаги саҳифаси муҳаррири Қудрат Бобожоновнинг айтишича, “Uznews.net” оладиган ташқи ёрдам тўхтаб қолганига анча бўлган:
- Бизда молиявий муаммо анча илгари етилди. Яъни грант тугади. Биз ҳам маълум муддатларда инициатива билан ишлаганмиз. Бундан илгари ҳам бўлган, бундан кейин ҳам шундай бўлиши мумкин. Лекин бу кўпроқ журналистларнинг шижоатига боғлиқ бўлади. Сифатига ҳам таъсир кўрсатади. Масалан стимул бўлмаган жойда иш профессионал йўлга қўйилмайди. Ҳар битта иш учун маблағ ажратилиши керак бўлади ва бундай маблағ баъзан йўқ. Менинг тасаввуримда ҳам бутун матбот бугунги кунда классик журналистика инқирозни бошдан кечираяпти, дейди “Uznews.net” сайтининг ўзбек тилидаги саҳифаси муҳаррири Қудрат Бобожонов.
“Фергана” Халқаро информацион агентлигига қарашли “Фергана.ру” сайти “Uzmetronom.com” ёки “Uznews.net” каби фақатгина Ўзбекистон билангина чегараланиб қолмайди. Бу сайт диққат марказида бутун минтақа туради. Бироқ Ўзбекистон янгиликларига сайт алоҳида эътибор бериб келади.
“Фергана.ру” бош муҳаррири Даниил Кисловга кўра, молиявий ёрдам сўраб муштарийларига мурожаат қилганига қарамай, сайт ҳозирча чидаса бўладиган аҳволда.
- Мавжудмиз ва шунинг ўзиёқ яхшилик аломати. Фаолиятимиз гарови халқаро ташкилотларнинг грантларидир. Бироқ улар ҳам йилдан-йилга камайиб бормоқда. Бундай шароитда ишлаш, албатта, осон эмас. Айниқса, мустақил информацион сиёсат юритадиган бизникига ўхшаш нашрларга оғир, деди Даниил Кислов.
Ўзбекистоннинг сиёсий-ижтимоий ҳаётини ёритиб келаётган муқобил матбуотнинг оғир молиявий аҳволини ўрганар эканмиз¸ тадқиқотимиз объектлари бўлган сайтлар вакилларининг гаплари бир жойдан чиқди: ҳар бири у ёки бу жамғарманинг ёрдами ҳисобига ишлаб келган, кейинги вақтларда эса, бу ёрдам ё тўхтаган ёхуд кескин қисқарган.
Мана шундай шароитда, ҳар бир сайт “ўзинг учун ўл етим”, қабилида ишлашга ўтишга мажбур, яъни ўзини ўзи маблағ билан таъминлаши, рекламадан пул топишга уриниши керак бўлади.
Номи бору ўзи йўқ муқобил молия манбалари
Ўрганаётганимиз нашрлар орасида фақат биттаси – “Фергана.ру” сайтигина рекламадан озроқ пул топади.
Сайт бош муҳаррири Даниил Кисловнинг масаланинг бу жиҳати тўғрисида айтганлари қолган учта сайт нега рекламадан пул топа олмаслигига ҳам изоҳ бўла олади:
- Агар эътибор берган бўлсангиз, кейинги вақтларда сайтимизда реклама кўпайиб қолди. Бироқ улар, асосан, Интернетдаги айирбошлаш сервислари рекламаларидир. Бевосита ўзимиз билан ишлайдиган реклама берувчиларимиз деярли йўқ. Ҳукуматларга ёқмайдиган информация тарқатувчи нашрларга биров реклама беришга шошилмайди. Бизнинг аҳволимиз эса, айниқса бошқачароқ. Биз Марказий Осиёни ёритадиган Россиядаги сайтмиз. Шунинг учун биз россиялик реклама берувчини қизиқтирмаймиз. Марказий осиёлик эса, мухолифатчи, деб бизга реклама беришдан қўрқади, дейди “Фергана.ру” бош муҳаррири Даниил Кислов.
Унинг айтишича, у ёки бу сайтнинг реклама ҳисобигагина яшаб туриши деярли имконсиздир. Бироқ рекламадан пул топиш имконидан мутлақо маҳрум “Uzmetronom.com” бош муҳаррири Сергей Ежков бу фикрга қўшилмайди.
- Реклама ҳисобига яшаш мумкин. Лекин муаммо бошқа масалада. Муаммо бизникига ўхшаган сайтларнинг “легитим”лигидадир. Ўзбекистонда тўсиқ қўйиладиган сайтларга бировнинг реклама беришга юраги дов беришини тасаввур қила оласизми? Рекламаси чиқиши биланоқ бизнеси синдириладику?! дейди Сергей Ежков.
“Uznews.net” ва “Harakat.net” сайтлари вакилларига реклама тўғрисида савол беришнинг ўзи эриш туюлди.
Бу сайтлар таҳририятлари жойлашган мамлакатлардаги реклама берувчилар уларнинг мавжуд эканликларини билмасликлари ҳам мумкин.
Ўзбекистонлик реклама берувчи эса, бу сайтларда реклама жойлаштириш учун жонидан тўйган бўлиши керак.
Реклама берувчи жонидан тўймаган бўлган тақдирда ҳам бу сайтларга ўзбекистонликларга мўлжалланган реклама бериш фойдасиз. Чунки:
Ўзбекистонда бу сайтларга кириш имконсиздир,
дейди “Harakat.net” вакили, шароитни мамлакат ичидан биладиган Абдураҳмон Ташанов:
- Ўзбекистонда жуда кўплаб сайтлар, аксарият 99 фоиз сайтлар блок қилинган. Фақатгина Ўзбекистон ҳукуматининг уз доменига жойлаштирилган бир-иккита сайтлар, кейин централ азия нюс деган сайт бор, ўша очиқ ҳолда тўғридан тўғри кириш мумкин. Бошқа барча сайтларга тўсиқлардан ўтиб кирилади. Қисман Би-би-си радиосининг сайти блоксиз ишлади озгина вақт. Лекин ҳозирги вақтда улар ҳам блок билан ишлаяпти, дейди Абдураҳмон Ташанов.
Тобора торайиб бораётган йўналиш
Бир томондан ташқи молиявий мададнинг йўқлиги, иккинчи томондан рекламадан пул топиш имконидан мосуволик, учинчидан мустақил журналистларнинг бу сайтлар билан ҳамкорлик қилиши хавфли эканлиги туфайли, ўрганаётганимиз муқобил матбуотда Ўзбекистонга оид материаллар тобора камайиб кетмоқда.
Масалан, “Uznews.net” 7 мартдан 16 мартгача ҳаммаси бўлиб 8 та материал эълон қилди холос ва навбатдаги танаффусга чиқиб кетди.
“Фергана.ру” сайтининг 18 мартдан 21 мартгача эълон қилган 20 та хабаридан 6 тасигина Ўзбекистонга оид. Ваҳоланки, бу мамлакат олдинроқ бу нашрнинг диққат марказида турар эди.
Масаланинг яна бир муҳим жиҳати бор: Ўзбекистонга оид материалларнинг аксариятини сайтнинг ўз маҳсулоти дейиш қийин – улар бошқа манбалар эълон қилган хабарларнинг “чайналма”си бўлиб қолмоқда.
Бунинг сабабини сайт муҳаррири мана бундай тушунтирди:
- Кейинги йилларда Ўзбекистонда ишлаш ўта оғир бўлиб кетди. Андижон воқеаларигача (2005, май) бу мамлакатда мухбирларимиз расман ишлаган. Май воқеаларидан кейин ҳукумат мустақил журналистларга босимни шу қадар кучайтирдики, натижада мана бугунга келиб ошкор ишлайдиган мухбирсиз қолдик. Тўғри, бир нечта манбамиз бор. Лекин уларнинг ҳаётини хавф остида қолдирмаслик учун исмлариниям айтолмаймиз. Чунки баъзи мухбирларимиз қўрқитилгани оқибатида мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган, баъзилари устидан жиноят иши очилган, баъзилари эса, ўзлари биз билан ҳамкорлик қилишдан қўрқиб, алоқани узиб қўйди. Шунинг учун Ўзбекистон сегменти қисқариб кетмоқда, деди Даниил Кислов.
“Фергана.ру” ўз бошидан кечираётган “мухбирсизлик” ўрганаётганимиз бошқа сайтларда, жумладан, “Harakat.net”да ҳам мавжуд. Бироқ, тамали мухолифатдаги “Бирлик” партиясига бориб тақаладиган бу сайтнинг “мухбирсизлик”дан чиқишнинг бошқа имконлари мавжуд.
Ҳар ҳолда Абдураҳмон Ташановнинг айтганларидан шу фикр чиқади:
- Профессионал мухбирлар йўқ. Лекин биз манба сифатида, муаллиф сифатида ўзимизнинг сиëсий қарашларимизга ëки хабарчилигимиздан бевосита манфаатдор бўлган доираларга, шахсларга таянамиз, дейди Абдураҳмон Ташанов.
“Uzmetronom.com” бош муҳаррири Сергей Ежковнинг фикрича, “мухбирсизлик”нинг бош сабаби пулсизликдир:
- Ҳар қандай нашрни безайдиган бош омил унинг журналистикаси сифатидир. Сифат эса, журналистлар сонига боғлиқ. Ўзбекистон журналистсиз қолиб кетган мамлакат бўлмаса керак. Ҳар доим ҳам бир неча истеъдодли журналист топиш мумкиндир. Лекин гап яна пулга бориб тақалади. Пулсиз ҳеч ким сиз билан ишламайди, дейди Сергей Ежков.
“Uznews.net” вакили Қудрат Бобожоновнинг фикрича, маблағ бўлмас экан, сайтлар “мухбирсизлик” муаммосини енгиб ўтолмайди. Нашрни узоқ вақт биргина энтузиазм билан юритиш имконсиздир:
- Сайтни сақлаш мумкин. Лекин, ахборот ишлаб чиқариши деб атаймиз буни, яъни конвейерни ушлаб туриш қийин бўлади. Ҳар битта журналистга стимул керак. Унинг вақти бор, яшша шароити бор. Бу стимул яратилмас экан, ўз-ўзидан бу ташаббуслар тўхтайди, дейди Қудрат Бобожонов.
Муқобил матбуот билан ҳамкорлик қиладиган ҳар бир журналист моддий рағбатлантирилмас экан, уларнинг ҳар қандай ташаббуси охир-оқибат тўхтайди, дер экан, Қудрат Бобожонов сув бетида турган гапни айтди.
Шу дақиқагача эшитганларимиздан билдикки, муқобил матбуот, деб санаётганимиз сайтларни ушлаб турган асосий молиявий маблағ шу пайтгача турли ташкилотларнинг ёрдамлари бўлган.
Хўш,
Нима учун ёрдамлар тўхтади ёки деярли тўхтаб қолди?
“Harakat.net” вакили Абдураҳмон Ташанов:
- Сабаби Ўзбекистон билан сиëсий интеграция юзага келди ва Ўзбекистон ҳукуматининг маълум даражада қош-қовоғига қараш деган нарса пайдо бўлди. Фақат бизнинг ташкилотимиз эмас, жуда кўплаб ташкилотлар билан ҳамкорлик қиламан. Ҳамма ташкилотларга шунақа. Масалан мен фаолият юритадиган Эзгулик жамияти бўладиган бўлса, буларга ҳам шунақа бўлди. Ҳатто Эзгулик жамиятининг расмий сайти ҳам қолоқ аҳволда қолаяпти. Бошқа бир-иккита мустақил сайтларга ҳам ишлайман. Улар ҳам чекланган имкониятлар билан фаолият олиб бораяпти. Такрор айтаман, ўзбекларнинг ўзи қачонки сиëсий ҳомийлик шаклига ўрганмас экан, бу нарса барибир халқаро ташкилотлар, қанақадир сиëсатнинг қош-қовоғига қараб қолади. Демоқчи бўлганим биз мана шунақа доирани шакллантирмоқчимиз. Озгина бўлса ҳам кейинги пайтларда ўзбекларни, айниқса хориждаги юртдошларимизни шу нарсага ўргата олдик.
“Uznews.net” вакили Қудрат Бобожонов:
- Биринчидан, бу давом этаëтган умумжаҳон инқирози. Иккинчидан, идеологиялар кураши нимасида қутблашиб бораяпти. Бу ҳам таъсир қилади, глобализация таъсир қилади. Бизни дастлабки пайтда Сорос таъминлаб келди. Ундан олдин IWPR (Уруш ва тинчликни ëритиш институти – таҳр.) таъминлаб келди маълум бир ташаббус билан бошланган ғояни. Учинчи ҳомий ўлароқ СИДА, яъни Швеция демократия фонди маблағ ажратди маълум бир даврга мўлжалланган. Биз бу маблағни тугатдик менимча. Мана шу вақт давомида биз Ўзбекистондаги журналистларимиз, манбаларимиз орқали матбуот шаклида материалларни ëритиш, тарқатиш билан шуғулланиб келдик. Бир давр тугади. Энди биз Германияда менежерларимиз билан гаплашганимизда алтернатив манбаларни қидириш ҳақида гап борган эди.
“Uzmetronom.com” бош муҳаррири Сергей Ежков:
- ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар асл фуқаролар жамияти билан ишлаган давр битди. Мамлакатда ваколатхоналари мавжуд бўлиши учун улар ҳукуматпараст фуқаролар жамияти билан, ҳукумат ҳомийлигида тузилган жамоат ташкилотлари билан ишлаши кераклиги жуда тезда тушуниб қолишди. Шундай қилиб, 90-йиллар бошлари ва ўрталарида бўлган эйфория тугади. Халқаро ташкилотларни демократия эмас, ўзларининг тинчлиги кўпроқ қизиқтириб қолди, деди Сергей Ежков.
“Фергана.ру” бош муҳаррири Даниил Кисловнинг нима учун ёрдамлар тўхтади ёки деярли тўхтаб қолди, деган саволимизга жавоби Сергей Ежков сўзларининг бевосита давоми сифатида янгради:
- Менимча, бу донорларнинг калтабинлигидан бошқа нарса эмас. Чунки Интернетдаги мустақил матбуот ривожланмаяпти, аксинча сўниб бораяпти. Ва мана шундай пайтда, айниқса, ҳукумат ўзгаришни истмаётган, Марказий Осиё мамлакатларида аввалдан мавжуд бўлган инсон ҳуқуқлари, сиёсий ҳуқуқлар билан боғлиқ муаммолар тобора кучайиб бораётган бир пайтда мустақил матбуот ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши лозим эди. Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати бирдан Европа ва Американинг дўстига айланиб қолди ва молиявий ёрдам олаяпти. Балки бу Ғарбнинг сиёсий донолигидандир. Бироқ мен бу доноликни, диктаторлик режимини қуватлайдиган доноликни тушуна олмаяпман. Майли, лекин айни пайтда мустақил матбуотниям қувватлашса, ёмон бўлмас эди, деди Даниил Кислов.
Кўпга келган тўй
“Uzmetronom.com” ва “Фергана.ру” бош муҳаррирлари гапларидан кейин инсоф юзасидан шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, жаҳон молиявий инқирози нафақат бугун ўрганаётганимиз сайтлар ва уларнинг хомийларига, балки ўн йилликлар давомида оёғида мустаҳкам туриб келган йирик медиа корпорациялар, хусусан Озодлик фаолиятига ҳам таъсир қилган.
Яна ўрганаётганимиз муқобил матбуот аҳволига қайтамиз. Эшиттиришимизни шу жойгача эшитган тингловчи хайрон бўла бошлаган ва унда мана бу савол пайдо бўлган бўлиши мумкин:
Ўзбекистонда биладиларми бу сайтларни?
Суҳбатдошларимизнинг бу масалада кўнгиллари тўқ, деса бўлаверадигандай. Ҳар ҳолда йил сайин эмас, ой сайин такомиллашиб бораётган информацион технологиялар уларнинг тўсиб қўйилган сайтларига айланиб кириш имконларини бераяпти.
Мамлакатда яшаётгани учун вазиятни ичдан биладиган Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, бугун ўрганаётганимиз сайтларни ўзбекистонликлар
- Жуда яхши билишади. Мен ўзим мана шу доираларда, ўзимнинг ҳамкасбларим, жамоатчилик, жамоатчилик вакиллари билан гаплашаман. Ўқувчиларимиз сони ҳам, мана масалан бизнинг ўзимизнинг ички мониторинг нималаримиз бор. Масалан сайтимизга кирадиган одамларнинг техник нималарини ҳам қўйганмиз. Жуда кўплаб одамлар кираяпти. Жуда кўплаб муносабатлар, сайтга келадиган мақолаларнинг салмоғидан ҳам биз шуни билишимиз мумкин. Жуда кўплаб хатлар келади. Жуда кўплаб таклифлар бўлади.
Озодлик: Ташқарида ҳам бир неча миллион ўзбек яшаяпти. Балки ўшалардир. Мамлакат ичидан кирганларнинг алоҳида ҳисоботи борми?
- Уни алоҳида ҳисоб қилиш қийин. Чунки мамлакат ичкарисида бу сайтларнинг очилиши қуийин. Лекин мен жуда кўп дўстларимиз билан гаплашганимда улар бизнинг фаолиятимиздан тўлиқ хабардорлигини, прокси билан бўлса ҳам кираëтганлигини яхши билишади, дейди Абдураҳмон Ташанов.
Ўз ўқувчисига тўсиқлар оша етиб бораётган Сифатли муқобил матбуот яшаб қоладими?
Бу саволга суҳбатдошларимизнинг жавоблари олдинда.
Ҳозир эса, яна бир гап.
Муқобил матбуотга муқобил матбуот?
Гап Сифатли муқобил матбуот устида борар экан, Ўзбекистонда кузатилаётган янги бир ҳодисага тўхталишимиз лозим.
Гап шундаки, кейинги йилларда мамлакатда тезкорлиги ва услуби билан расмий матбуотдан анчайин фарқланадиган, “ҳамду-сано”дан холи бир қатор ахборот ресурслари пайдо бўлди.
Уларни батафсил таҳлил қилишга, балки, алоҳида эшиттиришни бағишлармиз. Бироқ бугунги суҳбатдаошларимиздан бири Даниил Кисловнинг кўзи билан уларга бирров назар ташлаб қўймоқчимиз:
- Кейинги пайтларда Ўзбекистонда Интернет ахборот воситалари анча кўпайиб қолди. Улар қаторига “Анонс.уз”, “12.уз”, “Горизонт.уз”, “Газета.уз” ва бошқаларни қўшиш мумкин. Уларни 2 гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳ – пропаганда билан шуғулланувчи сайтлардир. Улар давлатнинг пулига тузилганига имоним комил. Бундай сайтларнинг пул билан боғлиқ ташвишлари йўқ. Иккинчи гуруҳ – бармоқ билан санарли бир неча сайтдир. Уларда пропаганда йўқ. Масалан, “Газета.уз”сайти. Тўғри, бу сайт расмий информация ҳам беради, бироқ айни пайтда норасмий нарсалар қилишга ҳам уринаяпти. Мамлакат ичида ишлар эканлар, бу сайт журналистлари қандайдир ижтимоий муаммолар ҳақида ёзишга ҳаракат қилаяпти. Бу сайт реклама ҳисобига кун кўраётгани ҳам кўриниб турибди, деди Даниил Кислов.
Ва ниҳоят сўнгги саволимиз.
Умид борми?
Абдураҳмон Ташанов ўзи вакили бўлган “Harakat.net” сайтининг яшаб қолишига ишонади. Лекин Ташановнинг фикрича, сайтнинг ривожи унинг ўқувчилари тутадиган позициянинг қанчалик фаол эканлигига боғлиқ:
- Ўзбекларнинг ўзи сиëсий ҳомийлик шаклига ўрганмас экан бу нарса барибир халқаро ташкилотлар, сиëсатнинг қош-қовоғига қараб қолади. Демоқчи бўлганим, биз мана шунақа доирани шакллантирмоқчимиз. Озгина бўлса ҳам ўзбекларни, айниқса хориждаги юртдошларни, миллатдошларни шунга ўргата олдик.
“Uznews.net” вакили Қудрат Бобожоновнинг жавоби бундай бўлди:
- Бу сиëсатда бошланди аввалига. Сиëсатчилар қуролсизланиб қолди. Улар учун тренинглар, бошқа нарсалар қилинмади. Улар четлатилди моховлар каби. Мухолифат лидерларини назарда тутаяпман. Энди навбат ўз-ўзидан инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига, журналистларга етиб келаяпти. Жамият чеккага чиқарилаяпти муртад каби. Мен мана шундан кўпинча пессимистик кайфиятга бериламан.
Қудрат Бобожоновнинг жавобида пессимистик руҳ бўртиброқ эшитилган бўлса, “Фергана.ру” муҳаррири Даниил Кислов келажакка, аксинча некбинлик билан қарамоқда:
- Яна қанча эканлигини айтолмайману лекин узоқроқ вақт ишлаб туришимизга умид қилаяпман. Сайтимиз очилганига 14 йил тўлди. Агар қашшоқлашиб, журналистларим кетиб қолсаям, ўзим ишлайвераман. Чунки сайтим ҳаётим мазмунига айланиб бўлган, деди Даниил Кислов.
“Uzmetronom.com” муҳаррири Сергей Ежковнинг “сайтингизнинг яшаб қолишига умид борми”, деган саволимизга берган жавоби эшиттиришимизга хотима бўлгудай:
- Менимча, Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларининг барчаси қандайдир кутиш ҳолатида. Сиёсий ирода пайдо бўлармиакан, оммавий ахборот воситаларига ҳукуматнинг дастёри, деб қараш эмас, балки ҳукуматнинг оппоненти, деб қараш устувор бўлармикан, деган кутиш ҳолатида. Агар шу кутилган нарса рўй бериб қолса, Ўзбекистон журналистика жуда тез ўзгаради, деди Сергей Ежков.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди