Ўзбекистоннинг жазирама ёзида одамни совуқ чой сақлайди, музқаймоқ сақлайди. Бас, шундай экан, музқаймоқ мавсуми арафасида у ҳақда икки оғиз гап айтишга қарор қилдик. Қолаверса, бу мавзуни тилга олишга бошқа бир сабаб ҳам бор.
Сирдарёлик тингловчиларимиздан бирининг қизи, 16 яшар Ҳидоят учун музқаймоқ мавсуми ёз келмаёқ бошланибди. У суҳбатимиз арафасида ўқишдан кейин ўртоғи билан кафедан музқаймоқ еб қайтган экан.
- Бир курсдошим билан бугун бордик. Морожний едик.
Озодлик: У ерда фақат морожний сотиладими?
- Йўқ. Продукта, напитка, ҳамма нарса бор. Бир бурчагида морожний ҳам сотади.
Озодлик: Морожний сотадиган дўконлар кўпми ҳозир?
- Ҳа, кўп.
Озодлик: Қишда ҳам сотадими морожний?
- Йўқ, қишда сотмайди. Февралнинг охирларида чиқди, дейди Ҳидоят.
Музқаймоқ егуликкина эмас. Музқаймоқ – яхши кайфият. Музқаймоқ – эрмак. Музқаймоқ – болалик рамзи!
Сўзлашув тилида ўрисча атаймиз уни “морожний”, деб. Бироқ ўзбекча номидан яхшиси, ўзбекча номидан ширини, мазалиси йўқ – МУЗҚАЙМОҚ!
Жисмига монанд исм. Сутдан қилинади-да, қимматроғи қаймоқдан қилинади-да! Шакар ҳам қўшадилар – ширин бўлсин, дейдилар. Ҳид ташувчи ашёлар қўшадилар – хушхўр бўлсин, дейдилар.
Шу кунда музқаймоқпазларнинг қўли-қўлига тегмаётган кўринади. Ҳар ҳолда, улардан бири мақсадимизни чала-чулпа тушунибоқ, тўғрироғи, бизни кўтарасига олувчи харидор, деб ўйлади шекилли, “чиқиб телефон қилиб юбораман ака” деди.
Музқаймоқнинг тури кўп. Агар бирон киши “тури мана мунча”, деб аниқ рақам айтса – ишонманг. Шакли ҳам, агар таъбир жоиз бўлса, мазмуни ҳам ҳар хил бўлади. Рангин ҳам бўлади музқаймоқ: оқи бор, кўки бор, сариғию қизили бор. Жигарранг, шоколадлисини айтмайсизми?
Тошкентдаги қандолат ишлаб чиқарувчи корхоналардан бирининг вакили
музқаймоқ ёзда қишдагидан 2 – 3 баравар кўпроқ ишлаб чиқарилади, деди.
Бу корхона ишлаб чиқарадиган музқаймоқнинг тури 15 дан ортиқ эканлигини ҳам сўраб билдик.
Музқаймоқни – энг демократик ширинлик, деса бўлади. Уни 5 юлдузли ресторанда ҳам еяверадилар, кўчаю хиёбонларда сайр қилиб юриб ҳам еяверадилар. Музқаймоқ, одатда, ўз номи ўзи билан – муздир, совуқдир. Лекин унинг қовурилгани ҳам бўлади.
Музқаймоқни кейинги йилларда ҳар бир озиқ-овқат дўконидан харид қилиш мумкин. Тошкентдаги шундай дўконлардан бири билан ҳам боғландик.
Озодлик: Сизларда неча пуллик морожнийлар бор?
- Ҳар хили бор.
Озодлик: Масалан?
- 300 сўм, қиммати 5000 сўм.
Озодлик: Неча граммлик у 5000 сўмлиги?
- Бир кило, дейди Тошкентдаги дўконлардан бирининг ходими.
Музқаймоқ ширинликкина эмас, у дори ҳамдир. Ҳа, ҳа, уни дори ўрнида ҳам ейиш мумкин. Ҳар ҳолда яқинда АҚШдаги музқамоқпаз ширкатлардан бири гриппга қарши музқаймоқ чиқара бошлагани тўғрисида хабар пайдо бўлган эди.
Нархга қайтамиз. Музқаймоқпаз яна бир корхона вакилининг сўзларига қараганда, бу ширинликнинг баъзи турлари нархи гўшт нархига тенг.
Озодлик: Бир кило морожний неча пул? Ўртачаси?
- 12-14 минг сўм.
Озодлик: Қимматичи?
- 14 минг, дейди музқаймоқпаз корхона вакили.
Бир кунда қанча музқаймоқ ейиш мумкин? Бу саволга мутахассисларнинг аниқ жавоби йўқ ҳисоби. Лекин бир жавоб борки, уни айтсак, ҳеч адашмаймиз: меъёрида еган маъқул, акс ҳолда...
Музқаймоқдан гап очишимизга бир тадқиқот натижалари ҳам туртки берди. Euromonitor International тадқиқот марказининг куни кеча эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистоннинг музқаймоқ бозори жадал суръатлар билан тўлиб бораётган бозорлардан биридир ва бу вазиятдан ишлаб чиқарувчилар усталик билан фойдаланди.
Иқлимининг ўта иссиқлигидан келиб чиқиб, тадқиқотчилар Ўзбекистон музқаймоқ бозори потенциали ҳали катта эканлигига урғу берганлар.
Музқаймоқ мавзуида мурожаат қилганимиз ўзбекистонликлардан яна бири ана ўша бозорни тўлдирувчиларга асбоб-ускуналар сотиш билан шуғулланади.
Унинг айтишича, шу кунда Ўзбекистонда “Қаттиқ музқаймоқ шлаб чиқариш камроғу кўпроғи юмшоқ”. Чунки, қаттиқ музқаймоқ ишлаб чиқарадиган цех нархи ўта баланд бўлиб, уни сотиб олишга ҳар кимнинг ҳам қурби етавермайди.
- Катта линияларни камдан кам одам олади.
Озодлик: Битта фрезер олса битта одам иш билан таъминланади. Ўзигина чиқарадида энди-а?
- Ҳа, шунақа. Кўчада туриб сотиш учун олади холос. Кейин фрезер ҳам жуда арзон нарса. Қаттиқ морожний ишлаб чиқарувчи битта линия жуда ҳам қиммат бўлганлиги учун камдан кам одам нима қилади.
Озодлик: Ўртача линия неча пулга тушади?
- 250 минг доллар.
Озодлик: Битта фрезер неча пул?
- 2000-3000 доллар.
Озодлик: Ўзи умуман кейинги йилларда музқаймоқ саноати ривожланаяпти дейиш мумкинми олдинги йилларга қараганда?
- Одам кўпайган сари албатта ривожланади, дейди ўзбекистонликлардан бири.
Бугунги суҳбатдошларимизнинг исмлариниям, корхоналари номиниям айтмадик – реклама бўлиб қолмасин, дедик-да!
Лекин, музқаймоқни роса рекламаладик.
Бунинг зарари бўлмаса керак, деб ўйладик-да!
Олдинда жазирама ёз.
Музқаймоқ эса, тўртта пулга келадиган яхши кайфият.
Ош бўлсин!