Қирғизистонда педофиллар бичилади

Қирғизистонда 2013 йилнинг уч ойи ичида зўрланган 116 боладан 67 нафари 10 ёшга тўлмаган.

Қирғизистон парламенти балоғатга етмаган болаларни жинсий зўрлаган шахсларни бичиш ва уларга нисбатан қамоқ муддатини узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бироқ мутахасислар ва ҳуқуқ фаоллари бу қонунга қарши чиқмоқда.
Расмий статистиканинг билдиришича, Қирғизистонда сўнгги уч йил ичида педофиллар томонидан болаларнинг зўрланиш ҳолати икки баробарга кўпайган.

Масалан, 2005 йилда 75 та, 2012 йилда 150 та мана шундай ҳолат рўйхатга олинган бўлса, 2013 йилнинг уч ойи ичида балоғатга етмаган 116 бола зўрланган. Уларнинг 67 нафари ёши 10га тўлмаган болалардир.

Қирғизистон парламенти шундан келиб чиққан ҳолда педофилларга бериладиган қамоқ муддатини 15-20 йилга узайтириш ҳамда педофилларни қамоқдан чиқаришдан олдин бичиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилди.

-Мазкур қонун нафақат балоғатга етмаган болаларни зўрлаган, балки зўрлашга ҳаракат қилган, аммо мақсадига ета олмаган жиноятчиларга нисбатан ҳам қўлланилади. Бундан ташқари педофилларни содир этилган жиноятнинг оғирлигига қараб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиш тўғрисидаги яна бир қонун лоийҳаси ҳам шу кунларда ишлаб чиқилмоқда, -деди парламент депутати Турсунбой Бакир ўғли.

Унинг айтишича, бичиш суд ва махсус экспертиза комиссияси қарори билан амалга оширилади.

Бироқ мутахасисилар ва ҳуқуқ фаоллари мазкур қонун қабул қилинишига ўз норозиликларини билдирмоқда. Шифокор олима Анархан Надированинг айтилишича, педофилия касаллик ҳисобланади, қонунда эса бемор одамни даволаш ўрнига жазолаш назарда тутилган.

-Педофилия қасаллик экани аллақачон тасдиқланган. Педофилия касалликларнинг халқаро квалификацияси рўйхатига киритилган. Янги туғилган чақалоқда педофилия касаллигини аниқлаш ва мана шу касаллик аниқланган чақалоқларни даволаш мумкин. Масаланинг мана шу томонига аҳамият қаратиш зарур эди. Педофилия касаллик ҳисобланганидан кейин бундай иллат аниқланган одамни даволаш керак, -деди Анархан Надирова.

Ҳуқуқ фаоллари эса Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида коррупция даражасининг ўта юқори эканини назарда тутган ҳолда, мазкур қонун асосида бегуноҳ одамлар қамалиб кетиши ва бичилиши мумкин, деб ҳисоблайди. Фридом Хаус халқаро ташкилоти айни мана шу масалага эътибор қаратиш талаби билан Қирғизистон парламентига мурожаат киритган.

-Бизнинг ташкилот суд тизими фақат порахўрлик билан кун кечираётганини билган ҳолда бу қонуннинг қабул қилинишига қарши чиқмоқда. Бегуноҳ одам ҳам педофил сифатида қамалиб кетиши мумкин. Иккинчидан, суднинг хато ҳукми билан қамалиб кетган ва бичилган бегуноҳ одам кейин қай тарзда қайта тикланади? Бу масала ҳам ноаниқ бўлиб турибди. Учинчидан, педофилия руҳий касалликлар тоифасига киради. Шунинг учун бундай одамни жазолашдан олдин даволаш ҳақида ўйлаб кўриш керак, -деди Фридом Хаус ташкилотининг Қирғизистондаги ваколатхонаси эксперти Токтобек Омукеев.

Қирғизистон парламенти биринчи ўқишда қабул қилган педофилияга қарши қонун лойиҳасида бичиш ва қамоқ муддатини 10-15 йилга белгилаш назарда тутилган. Шу кунларда педофилларга қарши тайёрланаётган иккинчи қонун лойиҳасида эса балоғатга етмаганларни зўрлагани учун бир умрлик қамоқ жазоси, зўрлашга ҳаракат қилгани учун 20 йиллик қамоқ жазоси берилиши назарда тутилаяпти.

Парламент депутати Турсунбой Бакир ўғлининг айтишича, янги қонунда болаларни зўрлаган ва зўрлашга ҳаракат қилганликда айбланиб озодликдан маҳрум этилган маҳбуслар қамоқдан муддатидан олдин озод этилмаслиги ва амнистияга туширилмаслиги белгиланган.