Қирғизистон оммавий ахборот воситалари хабарларида “маҳаллий жиноий гуруҳ лидери “Каратист” лақабли Аваз”, деб таърифланган, 2010 йил июнида бўлиб ўтган Ўш воқеалари давомида эса маҳалладошлари ҳимоячиси сифатида танилган 54 яшар ўшлик Аваз Довудов, яқинларининг айтишича, 1 апрелдан бери бедарак.
Маълум бўлишича, Ўш воқеаларидан сўнг 8 ой қамалиб чиққан ва оиласи билан Москвада яшаётган 54 ёшли Аваз Довудовнинг қўл телефони бир неча кун олдин Қозонда топилган.
Аваз-каратист билан боғлиқ “қандайдир фожеа” юз бергани тўғрисидаги бир неча хабар Озодликка тингловчилардан етиб келди. Маълум бўлишича, у 1 апрел куни Москвадаги уйидан чиқиб кетганча бедарак кетган.
Аваз Довудовнинг қизи Насиба отасини охирги марта 1 апрел куни кўрганини айтар экан, мана бундай деди:
- 1 апрел куни чиқиб кетган кундузги соат 3да. Мен ишлайдиган савдо марказига келган. Савдо марказига келиб у ердан иккита сим карта олиб чиққан. Чиқиб Дилмурод деган бола билан учрашувга чиққан. Савдо марказидан чиқиб кетиб шу бўйича йўқолиб қолган. Телефони ўчган. 3.36 охирги звонок бўлган. Дилмурод дадамга қилган. Шу билан телефони ўчган.
Озодлик: Дилмуродни сиз танийсизми?
- Танимайман. Дилмуродни танийдиганлар бор,- дейди Аваз Довудовнинг синглиси Насиба.
Аваз Довудовнинг Ўшда яшайдиган онаси Азиза опанинг айтишича, 5 апрел куни ўғлиинг туғилган куни бўлган.
- 5 апрел туғилган куни эди. Ҳеч унақа йўқолмас эди, дейди Азиза опа ва Аваз Довудовнинг ўғли Бахтиёр отасини излаб Москвага учганини ҳам маълум қилди.
Озодлик "Аваз-каратист" деган лақаб билан танилган ўшлик ўзбек тақдирига оид бошқа тафсилотларни билиш учун унинг ўғли Бахтиёр билан ҳам боғланди.
- Маълумот ҳали-бери бўлмаяпти. Дилмурод деган инсон бор экан бу ерда. Шу инсон билан учрашгани чиқиб кетгани бўйича йўқ.
Озодлик: Демак, ҳеч қаердан ҳеч қанақа дарак йўқ.
- Телефони ҳам ўчган. Дадамнинг телефони 6 апрел куни Қозондан топилаяпти.
Озодлик: Ким топди уни?
- Қозондан бир хотин телефон қилиб “Шу телефонни топиб олдим мен” деди. Уни олиб звонокларни распечатка қилдик биз. Мен Дилмуродга ўзим телефон қилган эдим. “Дадам сиз билан учрашгани кетган экан. Шундан кейин йўқолиб қолди” десам, “Менга дадангиз бир марта қилган эди” деди. “Қайси номердан қилган эди?” десам, “Менга нотаниш номердан қилди. Шу бўйича бошқа гаплашмадик, учрашмадик ҳам” деди. Биз детализация қилганимиздан кейин қарасам бу ерда тўртта номер именно Дилмуроднинг номери чиқаяпти. Дадам қилмаган экан, дадамга қилаëтган экан бу бола. Тўрт марта қилган экан.
Озодлик: Қозондан дадангизнинг телефонидан кимдир сизга телефон қилдими?
- Менга қилмади. Трамвай минадиган хотин экан. Трамвайнинг ичидан топиб олибди телефонни,- дейди Бахтиëр.
Москвада яшаб юрган отасининг телефони нима учун Қозон шаҳридан топилади? Бахтиёрнинг бу саволга жавоби йўқ ҳозирча.
Бахтиёр Москвадаги барча касалхоналару морглар билан ҳам боғлангани, лекин бу муассалалардан ҳам отасининг дараги чиқмаганини айтди.
Аваз Довудовнинг исми Қирғизистондаги ахборот воситаларида 2010 йил июн фожаесидан сўнг пайдо бўлган ва ўшанда у “маҳаллий жиноий гуруҳ лидери”, деб таърифланган эди.
Ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззатулло Раҳматуллаевнинг фикрича, ахборот воситалари берган бундай таъриф учун асос йўқ ҳам деб бўлмайди.
- "Аваз-каратист" ўз даврида бу ерда разборшик (одамлар ўртасидаги келишмовчиликларни жиноят олами қонунларига кўра ҳал қилиб берадиган киши-таҳр.) бўлиб, қанчасининг жағини синдирган. Биз ҳуқуқ ҳимоячилари ўз вақтида бунинг устидан неча марта арзларни берган эдик,- дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.
Бироқ Аваз Довудовнинг қўшниси у ҳақда яхши фикр билдирди.
- У бола жуда яхши эсли бола. Криминалга нима қилмайди. Намозхон, беш маҳал намоз ўқийди. Маҳаллада ҳаммани намозда кутади, бировнинг ҳақидан қўрқади. Бурун энди каратист бўлиб, спортсменда буларнинг оиласи, боласи шунақа спортсмен. Ота-онасини ҳажга жўнатиб, жуда яхши бола. Ëмон тарафини билолмаймиз,- дейди Аваз Довудовнинг қўшниси.
Баъзилар “криминал”, бошқалар эса, “намозхон”, деб таърифлаётган “Каратист” лақабли Аваз Довудов 2010 йил июн воқеаларидан сўнг ҳам ўшликлар, ҳам маҳаллий матбуот тилига тушган эди.
Ахборот воситалари ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотига таяниб, “Аваз-каратистнинг қурол яширгани, кишиларни гаровга олгани” тўғрисида ёзган, у қарийб 1 йил қамалиб чиққан эди.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззатулло Раҳматуллаев эса, Аваз- каратист билан боғлиқ 2010 йилги воқеа тўғрисида бундай деди:
- Ўзининг маҳалласида бўлади июн воқеасида. Поджигатель иккитасини ушлаб комендантурага олиб бориб топширгандан кейин улар келиб буларнинг устидан ариза ëзиб, булар ўзлари гуноҳкор бўлиб қолиб қамалиб ўтириб чиқди тахминан 7-8 ой, деди Иззатулло Раҳматуллаев.