Тошкентда "велосипед ови" давом этмоқда

Uzbekistan - a man is returning from bazaar on bicycle, 07 April 2012

Кейинги икки ҳафта мобайнида Тошкентда ўтказилаëтган “велосипедларга қарши кураш” тадбирида ўнлаб фуқаро жаримага тортилди¸ юзлаб велосипед жарима майдонига олиб келинди.

Велосипедчиларга қарши курашдан Ўзбекистондаги велоспортчилар жабр кўраëтгани кузатилди.

Жорий ҳафта Тошкентдаги «Queen Sport» жамоасининг икки велосипедчиси режадаги масофани Қорақамиш массивидаги кўчада босиб ўтаëтган чоғида милиционерлар босқинига дуч келишган.

Жамоа раҳбари велоспорт бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, халқаро мусобақалар ғолиби, Ўзбекистоннинг бир неча карра чемпиони Вадим Шайхов Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу босқин тафсилотларини айтиб берди.

Шайховга кўра¸ Қорасув даҳаси бўйлаб ўтган¸ 10 километрлик трассада режа бўйича ҳаракат қилаëтган икки спортчи милиционерлар тўсгани боис тренингдан четлашган:

- Велопойга машқини бажараëтган бола бошқараëтган велосипеднинг эгаридан милиционер ушлаб олган, болакай йиқилиб, жароҳат олди. Қимматбаҳо спорт велосипедига зарар етди. Спорт мусобақаси режаси бузилди¸ деб таъкидлади таниқли велоспорт устаси Вадим Шайхов Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра¸ шу кунларда Қорасув даҳаси бўйлаб ўтган йўлдаги машғулотлар тўхтаб қолган.

Дами чиқарилган велосипедлар

Тошкентда милиция ходимлари бир неча кундан буён велосипед минган ëш-ялангни ушлаб, жаримага тортмоқда. Велосипед эгалари 26 минг сўм жарима тўлаганидан кейин махсус суҳбатдан ҳам ўтказилмоқда.

Бу маълумотларни Озодликка билдирган Тошкент шаҳар Автомобил назорати идораси ходими капитан Мусурмон Худойқуловга кўра¸ бу тадбир мобайнида пойтахтдаги велосипедларни ижарага берувчи пунктлар ëпиб қўйилмоқда.

Айни пайтда, велосипедчиларга руҳий босиб қилиш учун улар етовидаги велосипедларнинг дами милиционерлар тарафидан намойишкорона чиқарилмоқда.

Тошкент шаҳар Автомобил назорати идораси ходими капитан Мусурмон Худойқуловга кўра¸ бу тадбир жарима ўрнига тарбиявий мақсадда қилинмоқда.

Айни пайтда¸ велосипедларга қарши курашнинг бундай ëввойи усулига қарши Ўзбекистондаги нашрларда мақолалар ҳам пайдо бўлди.

Ўзбекистондаги Kun.uz нашри 1 май куни милиция ходимларининг велосипед шиналари дамини чиқариб ташлаëтгани акс этган фотосуратларни эълон қилди.

Нашрга кўра¸ 30 апрел, сешанба куни Тошкентдаги Мирзо Улуғбек боғи (собиқ Тельман парки) яқинида икки нафар милиция ходими 14 ёшлар атрофидаги икки ўсмирнинг велосипеди шиналарини дамини чиқарган.

Мақолада велосипедчи ўсмир гапидан иқтибос ҳам келтирилган:

“Йўлга чиқиб, велосипедни қўлда етаклаб кетаётганимизда, ЙПХ ходими келиб, бундай юриш мумкин эмас, деб, шиналарни дамини чиқариб кетди”¸ деб айтган ўсмир ўз гапини видео-фото тасвир билан исботлаши мумкинлигини мақола давомида таъкидлаган.

Велосипед ови

Ўзбекистон Давлат автоинспекция идорасидаги ўзини Шоира деб таништирган мулозимага кўра, шу кунларда Тошкентда велосипед ҳайдовчилари хавфсизлиги борасида махсус тадбир ўтмоқда.

Суҳбатдошга кўра, махсус бригадалар Тошкент кўчаларида велосипедни бежо бошқарганларни ушлаб, жаримага тортмоқда:

- Бригадалар ишини махсус штаб мувофиқлаштирмоқда, дейди суҳбатдош.

Тошкентдаги велосипед ҳайдовчиларини назорат қилишга сафарбар қилинган махсус бригада раҳбари¸ капитан Мусурмон Худойқулов айни пайтда штаб аъзосидир.

Озодлик билан суҳбатда Худойқулов велосипед ҳайдовчилари иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари кўпайгани боис, бу тадбир амалга оширилаëтганини айтди:

- Болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари олдини олиш учун бу тадбирга қўл урдик. Чунки, велосипед ҳайдовчилари иштирокидаги авариялар кўпайиб кетди¸ дейди суҳбатдош.

Мусурмон Худойқуловга кўра, тадбир вояга етмаганлар билан ишлаш бўлими ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилмоқда:

- Велосипедни ижарага берадиган точкаларни ëптирaяпмиз бирин-кетин. Бу иш энди ҳокимият билан келишилган холда қилинaяпти¸ дейди ДАН мулозими.

Тошкент шаҳрида велосипедларни прокатга бериш билан шуғулланадиган олтита ширкатнинг бирортаси шу кунларда ишламаяпти.

Бу аснода, Ўзбекистондаги қатор нашрлар милиция ходимлари бир неча кундан буён пойтахт кўчаларида одамларнинг велосипедларини тортиб олишмоқда, деган xабар тарқатди.

Капитан Мусурмон Худойқулов Озодлик билан суҳбатда: "Тошкент милицияси пойтахтда велосипедлар мусодара этилмаяпти, балки эгасидан олиб қўйилaяпти", деб вазиятга аниқлик киритди:

- Мусодара қилинмаяпти. Бировнинг мулкику бу. Жаримасини тўлагунча, эгасидан вақтинча олиб қўймоқдамиз¸ ана турибди велосипедлар жарима майдонида¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик билан суҳбатда Мусурмон Xудойқулов фақат вояга етмаган ëш-ялангларгина тадбир нишони эканлигини алоҳида эслатди:

- Масалан, бир ëши катта одам ишдан велосипедда тинчгина қоидага риоя қилиб келаëтган бўлса, биз унга тегинмаймиз. Асосий эътибор ëшларга. Бир-иккитаси спиртли ичимлик ичиб, велосипед ҳайдаëтганида қўлга тушди. Тартиб бўлиши керак бу соҳада¸ дейди ДАН мулозими.

Адлия вазирлиги велосипедга қарши

Велосипедчиларга қарши тадбир авж олган бир пайтда «Ҳуррият» мустақил газетасининг 24 апрел кунги сонида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими Жаҳонгир Сотиболдиевнинг "Эҳтиёт бўлинг, велосипедчилар!" номли мақоласи эълон қилди.

Ушбу мақола немис шоири Ҳенриҳ Ҳайненининг шу сўзлари билан бошланган: "Ҳеч қандай қонунга бўйсунмаслик – ҳимоя қилувчи кучдан маҳрум бўлиш демакдир. Бинобарин, қонунлар нафақат бошқалардан, балки ўзимиздан ҳам ҳимоя қилиши даркор".

Мақола давомида Адлия вазири мулозими Ўзбекистонда велосипед бошқараëтган шахснинг 14 ëшга кирган бўлиши лозимлигини урғулайди.

“Ушбу талабга риоя қилишга боланинг ота-онаси масъулдир¸” дея таҳдидли оҳанг таъкидлангандан сўнг¸ мақола давомида велосипед бошқарувчилрга қўйиладиган талаблар саналади:

– велосипедчининг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлиги ёки маст эмаслигини белгиланган тартибда аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши – энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (136-модда);

– велосипед ҳайдовчининг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача маст бўлган ҳолда йўл ҳаракати қоидаларини бузиш – энг кам иш ҳақининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (138-модда);

– велосипед ҳайдовчиларининг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги – энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида, йўл ҳаракати қоидаларини бузиши оқибатида авария ҳолатини вужудга келтириши – энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (138-модда).

Тошкентдаги велосипед ҳайдовчиларини назорат қилишга сафарбар этилган махсус бригада бошлиғи¸ капитан Мусурмон Худойқулов Озодлик билан суҳбатда¸ шаҳарда ҳаракатланаëтган велосипедлар атрофга лой сачратмайдиган мослама (бризговик) билан жиҳозланмаган бўлса ҳам жаримага тортилишини айтди:

- Биз атрофдаги одамларни ҳам ўйлашимиз керак. Велосипед лой сачратиб кетса яхши эмаску ахир¸ дейди

Велосипедимни сотаман

Тошкентда велосипедчиларга қарши кенг қамровли назорат кетаëтган бир пайтда "велосипедимни сотаман", мазмунидаги эълонлар кўпайди.

Ана шундай элонлардан биридаги телефон рақамига қўнғироқ қилдик.

Гўшакни кўтарган Эргаш исмли 29 яшар йигит бир йил олдин анча қимматга сотиб олган велосипедини сотиш сабабларини изоҳлади:

- Ўзи зўр велосипед¸ гап йўқ. Зўр бўлгани учун милиция диққатини тортаяпти. Рама орасида пружинаси бор. Кечагида йўлда тўхтатган милиционер ўша пружинага эътироз билдирди. "Сен бу велосипед билан ариқдан сакрамоқчимисан", дейди менга. Хуллас, сотиб қутиламан энди. Ортиқча гапнинг кераги йўқ. Тинч юрайлик¸ дейди тошкентлик велосипедчи Эргашбой.