Ҳайдовчилар ҳар икки йилда тиббий кўрикдан ўтади

Бу ҳақдаги қарор тез орада қабул қилинишини Озодлик мухбири Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийсидан 3 июль куни сўраб билди.

Бироқ баъзи ахборот воситалари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда қабул қилган қарори 1 июлдан кучга киргани тўғрисида хабар қилди.


Мотоциклдан тортиб трамвайгача

Икки вазирликнинг 1 июл куни кучга кирган (ёки кириши кутилаётган) қўшма қарорига биноан “А”, ”B”, ”C”, ”D”, ”E” категорияларидаги автомототранспорт ҳамда трамвай ва троллейбуслар ҳайдовчилари икки йилда бир марта мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши шарт.

Йўловчиларга тижорий асосда хизмат кўрсатувчи ҳайдовчилар эса, тиббий кўрикдан, шу пайтгача бўлганидай, йилда бир бор ўтади.
Тиббий кўрикдан ўтиш пуллик бўлиб, у давлатга қарашли тиббиёт муассасаларида ўтказилади.

Қарор ҳақидаги хабарда айтилишича, ҳайдовчини кўрикдан ўтказиш муддати уч кундан ортмаслиги лозим.

Тиббий кўрик - RW анализи учун қон топшириш, флюорографик текширувдан ўтиш, терапевт, хирург, невропатолог, офтальмолог, оториноларингологларнинг (аёллар учун – гинеколог ҳам) кўригидан ўтишдан иборат.
Ёши 55 дан ошганлар ЭКГ тадқиқотидан ҳам ўтади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳайдовчилар тиббий кўригига оид Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда қабул қилган қарори 1 июлдан кучга киргани ва мазкур ҳужжат Адлия вазирлигида 2013 йил, 27 июн куни қайд этилгани тўғрисида Норма.уз сайти хабар қилди.

“Қарор ҳали қабул қилингани йўқ. Лекин қабул қилинади”

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўзини таништирмаган расмийси Озодлик саволларига жавоб берар экан, қарор, ҳозирча, лойиҳа босқичида эканлигини айтди:

- Қарор лойиҳаси энди тайёрланмоқда. Қарор қабул қилиниши арафасида.

Озодлик: Ахир кучга кирди, деган хабар чиқдику?!

- Йўқ, йўқ, йўқ. Тайёрланаяпти, дедимку!

Нима мажбур қилди?

Вазирлик вакили бошқа бир қатор саволларимизга ҳам жавоб берди.

Озодлик: Жорий этилаётган тартибнинг, яъни ҳатто мотоцикл ҳайдовчилардан ҳам ҳар икки йилда тиббий кўрикдан ўтишни талаб қилиш боиси нимада?

- Айрим ҳолатларда юраги касал, асаб толалари шамоллаган беморлар ҳам машина ҳайдаб юрибди. Кўзи яхши кўрмайдиган, қулоғи яхши эшитмайдиганлар ҳам юрибди. Баъзилар эса, светофор рангларини ажрата олмайди. Натижада автоҳалокатлар юз бераяпти. Шунинг учун ҳар икки йилда тиббий кўрик ўтказилиши керак, деган қарорга келинмоқда.

Озодлик: Ранг ажрата олмаслик – туғма касаллик-ку?! Бундайлар ҳайдовчилик гувоҳномаси олмоқчи бўлган пайтдаёқ аниқланган бўлиши керак эмасми?

- Ҳа, шунақа ҳолатларни янада қаттиқроқ текшириш лозим. Шунинг учун Ички ишлар вазирлиги билан қарор қабул қилинаяпти.

Собиқ милиционер: Тўғри қарор!

Ҳайдовчиларни ҳар икки йилда тиббий кўрикдан ўтказиш ғоясини нафақат жорий, балки собиқ милиция ходимлари ҳам қўллаб-қувватламоқда.

Улардан бири сурхондарёлик Шуҳрат Акрамов:

- Менимча, бу тўғри қарор. Йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб кетган. Маст ҳолда машина бошқарадиган ҳайдовчилар кўп.

Озодлик: Маст ҳолда, деяпсиз. Ҳайдовчининг қачондир бир кун ароқ ичиб рулга ўтириши олдини тиббий кўрик ололмайди-ку?!

- Йўқ, тўғри, масалан, қон анализлари топширади...

“Дўхтирларга мазза бўладиган бўпти!”

Собиқ милиционернинг бу аргументи бошқа суҳбатдошларимиз фикрича, заифдири. Улар “ҳар икки йилда тибкўрик ўтказиш коррупциянинг урчишига хизмат қилади”, деган фикрни билдирди.

Бир неча тингловчимизнинг айнан шундай гапларидан, уларнинг “дўхтирларга маза бўларкан”, деган кесатиғидан келиб чиқиб берган саволимизга Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси мана бундай деди:

- Нимаси маза бўлар экан дўхтирларга? Аксинча, ишимиз кўпаяди. Одамлар гапираверади-да!

Ҳисоботларда ҳайдовчи саломатлиги омили тилга олинмаган

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ўтган йил охирида тарқатган маълумотларга қараганда, 2012 йилнинг 11 ойида мамлакат бўйлаб 3 млн. 328 минг 184 қоида бузилиши қайд этилган. Шу жумладан 1 млн. 285 минг 338 мартасида йўл ҳаракати қўпол бузилган. 43204 ҳайдовчи маст ҳолда қўлга тушган, 39321 ҳайдовчи рулда кетаётиб телефондан фойдаланган, 992382 ҳайдовчи хавфсизлик камарини тақмаган. 42753 пиёданинг йўл ҳаракати қоидаларини бузгани аниқланган.

3 млн. 328 минг 184 қоидабузарликнинг қанча қисмига ҳайдовчилар саломатлиги жойида эмаслиги сабаб бўлгани айтилмаган. Ҳар қалай вазирлик ҳисоботи тўғрисидаги хабарларда бу ҳақда бирон нарса дейилмаган.