Ўзбекистонда ноҳақ ишдан бўшатилганидан арз қилмаган идораси қолмаганини айтган Шуҳрат Акрамов, бундай вазиятга тушиб қолишига "жиноятчи ва уларнинг ички ишлардаги ҳомийлари" сабабчи эканини билдирди.
Ўтган ҳафтада бензин нархини сўрамоқчи бўлдимми ё гўшт нархинимиди, ишқилиб, беозоргина бир савол билан тингловчиларимиз билан боғлана бошладим.
Навбатдаги суҳбатдошим сурхондарёлик бир оқсоқол эди. “Алло, алло”дан кейин “Озодлик”дан эканлигимни айтдиму қолдим балога.
- Озодликда Сарвар Усмон деган йигит боламни ахмоқ қилиб бир йилдан бери ўйнатиб юрибди бир эшиттиришга чиқараман деб.
Озодлик: Ўша Сарвар Усмон деган йигит мен бўламан.
- Сиз бўлсангиз нимага менинг боламни ахмоқ қиласиз?
Озодлик: Ахмоқ қилганим йўқ. Эшитиб туринг. Ахмоқ қилганим йўқ...
Отахоннинг ўғли, собиқ милиция ходими Шуҳрат Акрамовни чиндан ҳам “аxмоқ қилганим” йўқ. Шуҳрат билан биринчи бор боғланганимизга чиндан ҳам бир йилга яқинлашиб қолди.
Бир йилдан бери у билан деярли ҳар ой боғланишга уриндим. Бироқ телефон алоқаси сифати шу қадар абгор бўлдики, гаплашиш сира иложсиз эди. Ахир Шуҳратнинг айтадиганларини нафақат мен, балки кейин, эшиттириш қилганимдан сўнг, Сиз тингловчи ҳам тушунадиган бўлиши лозим!
Отахонга тушунтирдим шу гапларни. У тушунди ва кейин бундай деди:
- Энди укажон сиздан битта илтимосим. Менинг ëшим 60 га борди. 40 йил шофëрлик қилиб қорамойга ботдим. Бир болам ўз кучи билан ўқиди. Шу қандайдир адашиб билими борлигидан, кучи борлигидан милиция тизимига ишга олганди. Бировга пора берганим ҳам йўқ, оғайним ҳам йўқ менинг. Ота-бобом ëлғиз бўлиб келган. Ака-укалар бўлмаган. Биз ëлғиз авлодмиз. Шу болам милиция бўлиб ишга кирган эди. Мана маҳалламизда ҳозир истеъмолга яроқсиз масҳулот, ароқ сотаëтган мафиозлар, ҳоким ҳам, прокурор ҳам аъзоси экан, СНБга қўлга тушиб, боламдан кўриб 2007 йилдан бери боламнинг устидан ëзиб, охири яшаëтган уйини ваҳшийларча ëқди. Бир-икки моли бор эди, уни ўлдирди, дейди отахон.
Акрамовлар оиласининг ҳасрати ҳарорати бир йилдан бери ҳам совумапти, демак, масалага жиддийга ўхшайди, қолаверса, мана алоқа ҳам сал ўнгланиб қопти, дедимда, келаси ҳафта гаплашишга ваъда бердим.
Куни кеча боғландим Шуҳрат билан.
Келинг у билан яқинроқ танишиб олайлик.
- Мен Акрамов Шуҳрат Раҳматуллаевич. 1980 йил 27 июл куни Сурхондарë вилоятининг Шўрчи туманида туғилганман. Миллатим ўзбек. Маълумотим олий. 2002 йилда Термиз Давлат университетини тугаллаганман. 2002 йилда ҳарбий хизматга бордим. Ҳарбий хизмат ўша вақтларда бир ярим йил эди. Олий маълумотли бўлганлигим учун муддатли ҳарбий хизматни бир йил ўтаб, уйимга қайтдим. Ҳарбий хизматни тугаллаб қайтганимдан кейин 2003 йилнинг охирларида ишга қабул қилиндим. 2004 йилдан бошлаб Шўрчи туман ИИБга профилактика инспектори лавозимига тайинландим, дейди Акрамов Шуҳрат.
Бу лавозимда Шуҳрат Акрамов 2010 йил июлигача ишлади.
У ёки бу тингловчимиз, Озодликка, одатда, Ўзбекистонда арз қилмаган идораси қолмагач арз қилишини билсак-да, ҳар эҳтимолга қарши, Шуҳратдан қаерларга шикоят қилганини сўрадик.
- Белгиланган тартибда вилоят Ички ишлар бошқармасига, ИИВга мурожаат қилдим. Улардан ҳеч қандай натижа бўлмади. Жавоб хати келса келади, бир хил мурожаатларимга умуман жавоб хати келгани йўқ. Қабулларига кирдим. Замминистрнинг қабулигача кирдим. Улар ҳам жим. “Биз вилоятнинг ўтказган нимасини буза олмаймиз, фалон, пистон” деган гапни қилади, лекин жим. Ҳеч ким келиб суриштиргани ҳам йўқ. Ундан кейин муҳтарам президентимизга, Бош прокурор жанобларига, МХХга мурожаат қилдим. “Кўриб чиқинглар. Полний текширинглар, суриштиринглар” деган жавоб хати билан ИИВга жўнатилаяпти. Лекин ИИВда мурожаатим умуман ўрганилмасдан эътиборсиз қолиб кетаяпти. Тегишли ҳамма ташкилотга мурожаат қилдим. Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманга мурожаат қилдим. Лекин инобатга олинмаяпти, дейди Шуҳрат Акрамов.
Сурхондарё вилоят, Шўрчи туман Ички ишлар бўлими профилактика нозири Шуҳрат Акрамов роппа-роса 3 йилдан бери нимадан арз қилаяпти, нима истайди у?
- Шикоят қилишимдан мақсад, мана уч йил бўлди, уч йилдан буëн мен, қолаверса ота-онам мана шу ноҳақликка учраганимиз, менинг ишдан ноҳақ кетганлигим бўйича, уйларимизнинг душманлар томонидан ëқиб юборилганлиги ҳолати бўйича мана шунча мурожаатлар қилаяпмиз. Мурожаатим тегишли раҳбарларнинг қўлига бормаяпти. Сизларни кўплаб ўзбекистонлик фуқароларга ëрдамларингиз тегаëтгани, айниқса¸ мана шу мурожаатлар тегишли манзилларга мана шундай эшиттиришлар орқали етиб бораëтганлигини эшитаяпман. Энди эшитдимда. Мен ҳозир жуда ночор аҳволдаман. Мақсадим шахсий таркиб бўйича кадрлар хизматига ишлайдиган полковник Ғаппаров, ўшалардан менга жавоб хати келадида мурожаатларим бўйича. Мен уларга мутлақо ишонмайман. Чунки улар вилоятдан ўтган нарсани тўғри деб ҳеч нарсани ўргангани ҳам йўқ, суриштиргани ҳам йўқ. Фақат жавоб хати келади “сиз тўғри бўшатилгансиз, асосли бўшатилгансиз” деб. Лекин бирор марта виждонан шуғуллангани йўқ ҳеч ким. Бирор марта келгани ҳам йўқ. Келсин, менинг ишлаган жойларимни кўрсин, қандай самарали ишларни олиб борганман, нима хато, камчиликка йўл қўйганман, чунки текширадиган йўқ. Вазирликдан ҳеч ким келмаяпти. Вилоятдагиларгаку умуман ишонишнинг ҳожати йўқ, дейди Шуҳрат Акрамов.
Гапининг мазмунига қараганда, собиқ милиционернинг хавфсизлигига реал таҳдидлар ҳам мавжуд.
- Оддий кўчаларга чиқиб юришга ҳам қўрқаман. Ўша душманларим устимдан кулади, неча марта устимдан машиналар ҳайдаган ҳолатлар бўлди. Энди уларнинг пули кўпда. Ҳозир эгнимда формам йўқ. Ҳозир мен бир нарса қилсам уларга, мени қамалиб кетаман. Лекин улар менга шунча нарса қилди, уларни ҳеч ким қамай олмайди. Чунки уларнинг пули кўп. Мен ҳозир бир нарса қилсам, бир нарсани менга уюштириб бўлса ҳам, бир нарса ташлаб бўлса ҳам, подстава қилиб бўлса ҳам қаматтириш уларнинг қўлидан келади, дейди Шуҳрат Акрамов.
Азиз тингловчи, боядан бери диққинафас бўлиб кетгандирсиз, нима бўлган экан бу милиционерга, деб?
Милициянинг катта лейтенанти Шуҳрат Акрамов бундан 3 йил муқаддам ишдан бўшатилди.
Унинг айтишича, ишдан бўшатилишини 2007 йилги воқеалардан излаш керак.
- 2007 йилда ўша ишда ишлаб юрган вақтимда бир гуруҳ жиноятчилар ноқонуний спиртли ичимликлар савдоси билан шуғуллангани учун қўлга тушди. Вилоят МХХ ходимлари томонидан ушланди, дейди Шуҳрат Акрамов.
Шуҳрат Акрамов ўзи жиноятчи, деб атаётган қўлбола ароқфурушнинг исм-фамиялисини айтди. Ароқфуруш билан бирга бир ёғфуруш ҳам ўшанда қўлга олинган. Унинг ҳам кимлигини суҳбатдошимиз айтди. Лекин улар билан боғлана олмаганимиз учун исмларини биз келтирмасликка қарор қилдик.
- Булар қўлга тушди. Шу маҳаллада мен ички ишлар ходими бўлиб ишлаганим учун булар мендан кўрди. “МХХга сен қулоқсан” деб менга, ота-онамга, укаларимга нисбатан тазйиқ бошланди, дейди Шуҳрат Акрамов.
Шуҳрат Акрамовнинг айтишича, унга ва оила аъзоларига тазйиқлар ўша қўлга тушган қонунбузарлар томонидан бошланган.
- Шунинг сабабини мендан кўриб, ўшандан менга, ота-онам, бешта укам бор, укаларимга ҳар хил тазйиқлар бўлди. “Қаматаман. Ишдан ҳайдатаман. Уйингни ëқаман” деган пўписалар бўлди. Ўша пўписани амалга ошириб бошлади. Мисол 2008 йил 13 май куни, мен ғалла тадбирида эдим ўшанда, ишда бўлганман, уйда фақат отам бўлган, бошқа ҳеч ким бўлмаган. Уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, мен яшайдиган уй қасддан ëқилган.
Озодлик: Боядан бери уч-тўртта савол пайдо бўлди. Лекин энг охири баëнотингиз бўйича. Сизнинг уйингизни айнан ўша иккаласи ëқиб юборганини сиз қандай исботлай оласиз? Далилингиз борми?
- Уй¸ биринчидан¸ ўзидан ўзи ëнгани йўқ, қасддан ëқилган. Иккиничдан, шулар менга доимий равишда “Уйингни йўқотаман. Бизнинг катта миқдордаги ароғимиз, мойимиз бундай бўлди. Ҳали сендан 10 баробар қилиб қайтариб оламиз. Сендан ўч оламиз” деган пўписаларни қилдида менга. Бўлмаса ўзидан ўзи уй ëниб кетмайдику.
Озодлик: Ўша уйингиз қасддан ëқиб юборилганини тасдиқловчи эксперт хулосаси борми йўқми?
- Хулоса йўқ. Фақат шу вилоят Ички ишлар бошқармаси тергов бошқармасида жиноий иш қўзғатилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 173-модда, 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозиргача мен 5 йил бўлди. Ҳозиргача ўша содир этилган жиноят очилмаган жиноят ҳисобида рўйхатда турибди. Мисол¸ бизнинг гумондорларимиз бор. Мана шу вилоят Ички ишлар бошқармаси тергов бўлимидан жавоб хат келади. “Жиноят содир этган шахсларни аниқлай олмадик. Очилмаган жиноят ҳисобида турибди. Суриштирув ўтказаяпмиз” деган хат келади. Лекин ҳозиргача очилгани йўқ.
Озодлик: Воқеанинг давомини сиз албатта айтиб бераверасиз. Лекин ҳозироқ пайдо бўлган саволни ҳозироқ берай. Демак, ўша опанинг истеъмолга яроқсиз спиртли ичимлик сотгани ëки унинг шеригининг истеъмолга яроқсиз ўсимлик мойи савдоси билан шуғулланганини МХХга сиз айтмагансиз-а?
- Мен хабар бермаганман.
Озодлик: Сиз милиция ходимисиз, профилактика нозирисиз. Хабар бериш ëки ўзингизнинг ваколатларингиз доирасида чора кўриш сизнинг бурчингизку.
- Тўғри, менинг бурчим бўлган. Мисол¸ яшаш ҳудудим прямой бориб ўзим ҳеч қандай нима қилолмасам ҳам лекин туман Ички ишлар бўлими бошлиғига ëки ўринбосарларига тегишли тартибда билдирги қилиб, шунақа қилиб мен қилишим керак эди. Лекин мен уларни тадбиркор деб ўйлаганман. Ноқонуний иш билан шуғулланаëтганини мен билмаганман. Мисол учун¸ буларнинг шуғулланаëтган иши иқтисодий турдаги жиноятларга кирганда. Иқтисодий турдаги жиноятларга бизнинг сал тушунчамиз камроқ бўлганми мисол учун.
Озодлик: Қаранг, устингизда милиция формаси бор. Сиз давлатнинг ўша ҳудуддаги вакилисиз. Тўғрими?
- Тўғри.
Озодлик: Нима учун пули қанчалик кўп бўлишидан қатъий назар бу фуқаролар сизга бу қадар таҳдид қилаяпти? Нима учун милицияга шунақа таҳдид қилади ва сизнинг сўзларингиздан келиб чиқадиган бўлсак, уйингизга ўт қўйишгача боради? Қаердан пайдо бўлди бу қадар ботирлик?
- Энди бу саволни берганингиз учун сизга минг раҳмат. Мен жавоб берадиган бўлсам, бекорга бой бўлгани йўқ бу. Уни қўллаб турадиган ички ишлар органида, хусусан коррупция хизматида, ўзимизнинг Шўрчи туман Ички ишлар бўлимида жиноят қидирувга алоқадор раҳбарлар бор, ўшалар буни қўллаб юрарди. Доимий равишда ҳимоя қилиб юрарди. Мен ўзим шунча ишлаганман. Буни ҳимоя қилиб қайси раҳбар бундан неча пул оларди, ҳимоя қилиб юргани учун қанча хизмат ҳаққи олиб юрганини мен эшитиб юрганман. Менинг устимдан ҳар хил туҳматлар, шантажлар бошланди. Устимдан 80 марта ариза ëзди. Иккаласи ариза ëзаяпти, бирорта аризасининг исботи йўқ. Исботини топмади. Лекин доимий равишда исботсиз бўлса ҳам менга вилоят Ички ишлар бўлими бошқармаси раҳбарлари томонидан ҳеч нарсада ҳеч гап йўқ менга ҳайфсан, қаттиқ ҳайфсан каби жазога тортилдим. Ўшалар ҳам мана ўзимизнинг участковой бошқармасига келиб, яхшилаб суриштириб, улар кўрсатган гувоҳгача ҳаммасини сўраб-суриштиргандан кейин менинг айбсизлигим исботлангандан кейин булар талабнома киргизди вилоят Ички ишлар бошқармасига “Сизлар бизнинг ходимимизга нотўғри жазо бераяпсизлар. Ходимимизнинг ҳеч қандай айби йўқ” деб. Лекин бошқарма келиб мени оқлаган раҳбарларнинг гапини ҳеч қандай инобатга олмаяпти, дейди Шуҳрат Акрамов.
Шундай қилиб, 2007 йили Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинган икки тадбиркор, Шаҳрат Акрамовнинг айтишича, чала-чулпа жазоланган ва унга қарши ҳаракатларини бошлаб юборган.
2010 йил ёзида Шуҳрат Акрамов навбатдаги аттестациядан ўтиши керак бўлади.
- Биринчи, жисмоний синовлардан топширдик. Ундан 5 олганман. Иккинчи, тест синовлари олди ўзимизнинг хизматимизга доир бўлган. Ундан 79 балл қўйилган экан. Тахминан 4 бўладими шунақада. Учинчи босқич шаҳодатлаш комиссиясининг суҳбати бўлади. 2010 йил 4 июл куни суҳбатга кирдим. Мен қатори иккита район профилактика хизмати ходимларини чақиртирган экан Шўрчи ва Қумқўрғон районларини. Суҳбатга кирдик. 12 та савол берди. Ўшандан 9 тасига жавоб бердим. Лекин шаҳодатлаш ўтгандан кейин натижаларни айтаяпти “сиз шаҳодатлаш тариқасида ички ишлар тизимидан бўшатилдингиз” деб. Мана 3 йил бўлди ўшанга.
Озодлик: Гапни қўлбола ароқ ва қўлбола ëғ сотадиганларда бошлаган эдик. Сизнинг ишдан бўшатилишингизга ўшаларнинг таъсири бўлдими ëки ...
- Энди ўша боғлиқликни мен сизга тушунтириб айтаман. Қўлбола ўсимлик ëғи билан шуғулланиб юрганнинг акасининг ўғли бор. Вилоят Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида ишларди. Подполковник. Ўша укаси томонидан, бизларда жиянни ука дейди, таниш-билишчилик ҳам, заказ гаплашиш ҳаммаси шу орқали бўлди шаҳодатлашга, дейди Шуҳрат Акрамов.
Хуллас, Шуҳрат Акрамов ўзининг ишдан бўшатилиши ортида ёғфуруш ва ароқфуруш тадбиркорлар ва уларнинг ички ишлар тизимидаги қариндошлари ва таниш-билишлари турибди, деган қатъий ишончда.
Биз Акрамовнинг бир-икки ҳамкасби билан ҳам гаплашдик. Шу кунда ҳам ички ишлар тизимида ишлаб юрган, исмларини тилга олмаслигимизни сўраган бу йигитлар собиқ ҳамкасблари тўғрисида фақат яхши гаплар айтишди. (Уларнинг гапларини ёзиб олганмиз). Лекин Шуҳратнинг ишдан бўшатилиши ортидаги асл сабаблар тўғрисида бир нарса дея олишмади.
Биз Шуҳрат Акрамовнинг ишдан бўшатилиши юзасидан изоҳ сўрамоқ учун Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси Кадрлар бўлими билан боғландик.
Куннинг биринчи ярмида саволимизни эшитган масъул ходим масалани ўрганиб қўйишга ваъда берди, кечроқ қўнғироқ қилишимиз мумкинлигини айтди.
Айтилган вақтда боғланганимизда бошқарма вакили “жавоб фақат ёзма мурожаат қилинганидагина” берилиши мумкинлигини билдириш билан чекланди.
Шу ўринда Шуҳрат Акрамовнинг ўз муаммоси юзасидан қайси идораларга шикоят қилганини яна бир бор эслатмоқчимиз.
- Белгиланган тартибда вилоят ички ишлар бошқармасига, кейин ИИВга мурожаат қилдим. Улардан ҳеч қандай натижа бўлмади. Жавоб хат келса келади, келмаса, бир хил мурожаатимга умуман жавоб хати ҳам келгани йўқ. Қабулларига кирдим. Замминистримизнинг қабулигача кирдим. Улар ҳам жим. “Биз вилоят ўтказган шаҳодатлаш синовини буза олмаймиз, фалон-пистон” деган гапни қилади, лекин жим. Ҳеч ким келиб суриштиргани йўқ. Ундан кейин муҳтарам президентимизга, Бош прокурор жанобларига, МХХга мурожаат қилдим. “Кўриб чиқинглар. Полний текширинглар, суриштиринглар” деган жавоб хати билан ИИХга жўнатилаяпти. Лекин ИИВда мурожаатим ўрганилмасдан эътиборсиз шунақа қолиб кетаяпти. Тегишли ҳамма ташкилотга мурожаат қилдим. Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманга мурожаат қилдим. Лекин инобатга олинмаяптида, дейди Шўрчи туман ички ишлар бўлимининг собиқ профилактика нозири, милиция катта лейтенанти Шуҳрат Акрамов.
Суҳбатимиз охирида Шуҳратга яна бир савол бердик.
Озодлик: Тирикчилик нима бўлаяпти?
- Тирикчилик шу онамнинг кичкина дўкончаси бор. Уйимизга мактаб яқин. Мактабнинг ëнида дафтар, ручка, семичка, ширин сув каби нарсалар сотади. Уйда озроқ томорқа бор. Шундан бошқа тирикчилик йўқ, дейди 33 ёшида ишсиз юрган олий маълумотли мутахассис, милиция катта лейтенанти Шуҳрат Акрамов.