“Harakat.net” сайти Қирғизистонда судланди

“Harakat.net” сайтини Қирғизистон ҳудудида ўқишни тақиқлаш тўғрисида Ўш шаҳар суди қарор қабул қилгани ҳақдаги хабарларни Қирғиз Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати тасдиқлади.

Прокуратура вакилига кўра, суднинг 16 июл кунги қарорига тилга олинган сайтда 2013 йилнинг май, июн ойларида эълон қилинган “миллатлараро низо қўзғовчи” материаллар асос бўлган.


Айтилишича, “harakat.net” сайти устидан судга Ўш вилоят прокуратураси арз қилган.

Сайт устидан чиқарилган суд ҳукми тўғрисидаги хабарларда мазкур нашрнинг айнан қайси материаллари прокуратура норозилигига асос бўлгани айтилмаган.

Ўш вилоят прокуратураси масъул ходими Канибек Калбаев Озодлик саволларига жавоб берар экан, “harakat.net” сайти устидан очилган жиноят ишини “Миллий хавфсизлик қўмитаси ўрганаётгани, шунинг учун гап айнан қайси мақолалар устида борганини билиш учун тилга олинган идорага мурожаат қилиш лозимлигини, прокуратура бу ҳақда айта олмаслиги”ни билдириш билан чекланди.

Бош прокуратура тарқатган маълумотларда айтилишича, “harakat.net” сайтида эълон қилинган материалларни Ўш давлат университети мутахассисларидан иборат экспертлар гуруҳи “қирғиз ва ўзбек миллатлари вакиллари ўртасида низо қўзғатишга йўналтирилган”, деган хулосага келган ва шунинг учун Ўш шаҳар суди “harakat.net” сайтини Қирғизистон ҳудудида кўришни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилган.

Бундан ташқари, Қирғиз Республикаси Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг Ўш вилоят бошқармаси тергов бўлими мамлакат Жиноят Kодексининг 299- моддасида (Миллий, ирқий, диний ва минтақавий низо қўзғаш) назарда тутилган жиноят аломатлари бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб бормоқда.

“Harakat.net” сайти расмий вакили Абдураҳмон Ташанов Ўш шаҳар суди қарорига муносабат билдирар экан, бундай деди:

- Ҳаракат нашри бошқа кўпчилик сайтлар, оммавий ахборот воситалари қатори 2010 йилги Қирғизистон воқеаларини тўла ëритиб келди. Қирғизистонда содир этилган хунрезликлар, ўзбекларга қарши қонхўрлик воқеаларини бирмунча объектив ëритди, деб ҳисоблаймиз. Ўш шаҳар судининг бу қарорини қирғиз ҳукуматининг позициясидан келиб чиққан абсурд акт, деб ҳисоблаймиз. Чунки сайтимизда эълон қилинаëтган мақолаларда, хабарларда қардош қирғиз халқини ҳеч қанақа камситишга, миллатлар ўртасига раҳна солишга қаратилган бирорта ҳатти-ҳаракат йўқ. Фақатгина қирғиз фашистлари содир этган хунрезликлар, албатта, жазосиз қолмаслиги керак деган ғоя, иддао бор, деди сайт вакили.

Ўш шаҳар судининг “harakat.net” сайти устидан чиқарган ҳукмига 2010 йил, июн воқеаларидан кейин эълон қилинган материаллар эмас, балки конкрет бир муддат - 2013 йилнинг майидан июнигача эълон қилинган материаллар асос бўлгани хабар қилинди.

Шунинг учун Абдураҳмон Ташановга мана бу саволни ҳам бердик.

- Майдан июнгача нималар ëритилган эди?

- Масалан, фашистик ғояларни қандай қилиб инсонийлик йўли билан бартараф этиш йўллари, ўша фашистик ғояларга қарши курашнинг сиëсий методлари ҳақида гапирилган. У ерда тўғридан-тўғри миллий тотувликка раҳна солиш, ўзбеклар билан қирғизларни бир-бирига гиж-гижлаш тенденциялари мутлақо мавжуд эмас
, деди “harakat.net” сайти расмий вакили Абдураҳмон Ташанов.

"Harakat.net" сайтини, айни пайтда "миллатаро низо" қўзғашда уринганликда ҳам гумон қилиш мумкин. Сайтда ўзбек халқига ҳақорат, деб баҳоланиши мумкин бўлган мақолаларга баъзида ўрин берилади. Абдураҳмон Ташанов бундай материалларни "шок терапияси", деб атаб, бундай материаллар ҳам жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилиниши мумкин, деган фикр билдирди.

“Harakat.net” сайтида берилган маълумотга кўра, мазкур нашр “Harakat” мустақил ахборот агентлиги сайти бўлиб, унинг икки ношири мавжуд: бири – Швецияда расмий рўйхатдан ўтган Марказий Осиё жамияти, иккинчиси АҚШда расмий рўйхатдан ўтган “Ўзбекистон сафдошлари - Ҳаракат” жамоат ташкилотидир.

“Harakat.net” сайти 2010 йил, июн фожеаси билан боғлиқ равишда Қирғизистонда тақиқланган биринчи Интернет нашр эмас.

Фожеадан бир йил ўтиб Қирғизистон парламенти “fergana.ru” сайтига мамлакат ҳудудида тўсиқ қўйиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Тўсиқ 2013 йил апрелида бекор қилинган.

Жўғўрқу Кенеш депутатлари фикрича, мазкур сайт мамлакатда яшовчи қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида низо уйғотувчи материаллар ёритган.

Расмий маълумотларга кўра, 2010 йил 10 июнида бошланиб, бир неча кун давом этган этник тўқнашувларда 442 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганлардан 295 нафари ўзбек, 123 нафари қирғиз. Ўлганлар орасида бир рус, бир покистонлик ва бир уйғур ҳам бор.

Ўш воқеалари бўйича 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз, 8 нафари бошқа миллатлар вакилларидир.