Ўзбекистонда ДАНга бўйсунмасликка рухсат берувчи ҳужжат бор

Баҳодир Каримжоновга берилган расмий гувоҳноманинг Озодликка етиб келган нусхаси.

ЧК

“ЧэКа”. Бу қисқартма от эсингиздами? Ўрисча “Чрезвычайная комиссия”, деган иборанинг қисқартмаси эди у. 1917 йили социалистик инқилоб ясаб, ҳокимиятни эгаллаб олган большевиклар тузган жазолаш органи эди ЧэКа. “Чекист” сўзи шундан.

“Контрреволюция ва саботажга қарши курашувчи Фавқулодда комиссия” ходими - чекистнинг қўлида гувоҳнома бўлар, у “мандат”, деб аталарди. Мандатли кишининг тили ҳам узун, қўли ҳам узун бўлгич эди.

Яқинда Озодликка Ўзбекистондан етиб келган бир гувоҳнома, аниқроғи, унинг сурати ана ўша чекист мандатига ўхшаш ҳужжатдир.

Мухбиримиз уни аввалига қалбакидир, деб ўйлаб, эътибор бермадию бўш вақтида суриштириб кўрди. Қалбаки эмас экан-э!


Сайтимиз меҳмони бўлсангиз, демак, гувоҳномани кўриб турибсиз. Лекин радиотингловчига уни тасвирлаб бериш зарурати бор.



Ҳужжат

Тасаввур қилинг: Фонига Ўзбекистон байроғи тасвири туширилган ҳужжатга эгасининг сурати ёпиштирилган. Суратнинг ўнг томонида исм-фамилия: “Каримжонов Баҳодир Мирзиятович”. Сурат тагида “Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ бошлиғи”, деган ёзув. Бу ёзув қаторида ўша бошлиқнинг фамилияси: “А.А.Иноятов”.

Ҳужжатга чекилган имзо, ўз-ўзидан тушуниладики, жаноб Иноятовникидир. Имзоси устидан Иноятов бошқарувидаги идора муҳри босилган.

Қизиқишимизни уйғотган гап ҳужжатни олгувчи билан ҳужжатни бергувчилар исмлари ўртасида, Ўзбекистон байроғининг оқ ҳошияси узра қизил сиёҳ билан битилган мана бу гапдир: “Йўл ҳаракати хавфсизлигини тарғибот этишда ёрдам кўрсатилсин”.

Ҳужжат – гувоҳномада бундан бошқа гап йўқ. Ҳар ҳолда, гувоҳноманинг Озодликка етиб келган нусхасида.

Супермен?

“Йўл ҳаракати хавфсизлигини тарғибот этишда ёрдам кўрсатилсин”. Жаноб Иноятовнинг имзосию муҳри билан пишиқланиб, гувоҳномада қайд этилган бу фармойишдан Каримжонов Баҳодир Мирзиятович шу қадар муҳим шахс, йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботини ўзининг олий мақсади, ҳаёти мазмуни қилиб олган ва бу иш учун бутун умрини тикиб қўйган супермен эканми, деб ўйлай бошлайсиз.

Бир вақтлар чекистлар инқилоб душманлари бўлган ёт унсурларни паққа-паққа отиб ташлаган, бунга уларнинг чўнтакларидаги мандат рухсат берар эди.
Каримжонов Баҳодир эса, бу мандати билан йўл қоидасини бузган кампиршоларни паққа-паққа отиб ташламаса керагу лекин уларни тўхтатиб олиб, уларга йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилса керак, деб ўйладик.

Баҳодир Каримжонов ва Гулнора Каримова тадбирда.

Фараз қилинг: машинасида кетаётган Каримжоновни олакалтакли ходим тўхтатди. Каримжонов чўнтагидан мандатини чиқарди. Олакалтакли ходим қўлини чаккасига обориб ғоз турди. “Биздан қандай ёрдам керак, жаноб тарғиботчи?”

Ҳаётини тарғибот ишига тикиб қўйган биргина шу йигит бўлмаса керак? Иноятов берган мандатлар бошқа яна ўнлаб, юзлаб ва балки минглаб жонбозлар киссасида юргандир?!

Нима учун улар ҳақида шу пайтгача эшитган эмасмиз? Нима учун миллатнинг бу қаҳрамонларини миллат танимайди?

Яхши эмас, дедикда, бу камчиликни бартараф этмоқчи бўлдик.

Ишни вилоятлардан бошладик. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари зобитлари билан гаплашдик.

Бухоро

Бухоролик зобит исми айтилмаслигини шарт қилиб қўйгач, саволларимизга жавоб берди.

Озодлик: “Йўл ҳаракати хавфсизлигини тарғибот этишда ëрдам кўрсатилсин” деб ëзиб қўйибди қип-қизил қилиб гувоҳноманинг ичига. У нима дегани? Кимларга берилади бунақа гувоҳнома?

Зобит: Кимнинг қўлида бор у?

Озодлик: Бир тошкентлик йигитнинг қўлида. Каримжонов деганнинг.

Зобит: “Йўл ҳаракати хавфсизлигини тарғибот қилишда ëрдамлашилсин” дегани у тарғибот-ташвиқот ишларини, мисол газета-пазетага мақола-пақола мурожаат қилиб ëрдамлашинглар деганида бу.

Озодлик: Масалан¸ менда шунақа гувоҳнома бўлса, ГАИшник тўхтатса, нима қилади? Менга нима ëрдам кўрсатади ва умуман нима учун берилади у?

Зобит: Нима учун берилишини билмайман. Мен билишимча, тарғибот дегани сиз мисол келдингиз, сиз журналист. Сизга бирор материал керак ëки ўша материалингизга маълумот керак. Ана шунга ëрдам берилсин дегани у. Тарғибот ишлари шу. Сиз мана шунақа йўл билан тарғибот қилишингиз мумкин. Плакат кўтариб кўчага чиқишингиз ë машинангизга реклама қилиш мумкин эмаску сизга.

Озодлик: Бухорода ҳам шунақа гувоҳнома бериладими?

Зобит: Мен Бухорода кўрмаганман бирор кишида бундай гувоҳнома.

Озодлик: Сизлар қанақа гувоҳнома беришинглар мумкин оддий одамларга?

Зобит: Бизда берилмайди ҳеч қанақаси.

Озодлик: Сиз кўрган эмассиз бунақа гувоҳнома.

Зобит: Йўқ.

Озодлик: У фақат Тошкентдамикан?

Зобит: Ҳа.

Демак, Бухорода бугун ўрганаётганимиз гувоҳномага ўхшаш ҳужжатли ҳайдовчилар учрамайди.

Жиззах

Худди шунга ўхшаш гапни йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг жиззахлик зобитидан ҳам эшитдик. У ҳам саволларимизга исмини айтмаслигимиз шарти билан жавоб берди.

Зобит: Билмадим нима бу. Бунақа гувоҳномани ҳозир сиздан эшитаяпман мен ҳам.

Озодлик: Ўзи қанақа гувоҳномалар қўлингларга тушиб туради шунга ўхшаган тушунарсиз?

Зобит: Биз, тушунарсиз нима ҳеч кўрмадим. Бизнинг ўзимизнинг Ички ишлар вазирлигининг Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси гувоҳномамиз бор. МВДники бўлса, устида “Ички ишлар вазирлигини гувоҳномаси” деб ëзилади.

Озодлик: У ўзингларни ходимингларга бериладиган. Ички ишлар вазирлигини тизимида ишламайдиган, милиция эмас, ГАИшник эмас, оддий фуқаронинг қўлида Ички ишлар вазирлигини тизимининг идоралари, масалан сизнинг бошқармангиз, бўлимингиз берадиган гувоҳномалар қанақа гувоҳномалар? Масалан мен оддий журналистман. Сизларга бориб “Бир гувоҳнома бериб қўйинглар” десам, қанақа гувоҳнома берасизлар?

Зобит: Қўлидан келмайдию ҳеч кимнинг бу ерда гувоҳнома бериш сизга. Уни қила олмайди ҳеч ким. Ҳаққи йўқку ундай гувоҳнома беришга.

Озодлик: Совет даврида обшественний инспектор деб қўярдику.

Зобит: Посбонларми?

Озодлик: Ҳа.

Зобит: Посбонларники оддий гувоҳнома. Милицияникига ўхшаган дафтарчалик очилиб ëпиладиган.

Озодлик: Посбондан бошқа ҳеч кимга гувоҳнома берилмайди-а?

Зобит: Йўқ, берилмайди. Бизда унақа нарсасини эшитганим йўқ. Республика ГАИдан шунақа нарса чиқариб бериб қўйишмаган бўлса. Лекин мен йўлда ҳеч учратмадим бунақа нарсани. Сиздан эшитаяпман ҳозир.

Озодлик: Йўлда крутой Малибу минадиганлар бўлади. Ўшалар қанақа гувоҳнома кўрсатади одатда ГАИшникни қўрқитиш учун?

Зобит: Энди гувоҳнома кўрсатганини кўрганим йўқ. Энди битта-яримтага телефон қилиб гаплаштиради у.

Озодлик: А так гувоҳнома кўрсатмайди-а?

Зобит: Йўқ, ҳеч кўрмаганман.

Шубҳа

Қаранг, Жиззахда ҳам кўрмабдилар бугун ўрганаётганимиз гувоҳномага ўхшаш ҳужжати бор ҳайдовчини.

Яхши-ку, а? Демак, тартиб бор экан! Бас, шундай экан, балки сурати Озодликка етиб келган гувоҳнома қалбакидир? Фотомонтаждир?

Мавзуни ўрганар эканмиз, бу шубҳа кучайгандан кучаяверди.

Масалан, тошкентлик таниқли адвокат Руҳиддин Комилов билан ўтказганимиз суҳбатдан кейин.

Руҳиддин Комилов: Одатда гувоҳнома ўша шахснинг шу ерда ишлашини тасдиқловчи ҳужжатда. Тарғибот қилиш ваколати берилсин деган нарсанинг ëзилиши мантиқсизликда.

Озодлик: Шу мантиқсизлик сабаб ўрганаëтган эдикда буни.

Руҳиддин Комилов: Қонунга ҳам тўғри келмайди, мантиққа ҳам тўғри келмайди. Нимагаки гувоҳнома номер ўнинчи мисол учун Эшматов Тошматга берилган. Шу жамиятнинг аъзоси, прокуратура ходими ëки ички ишлар ходими. Гувоҳнома ишхонага тегишли ëки тегишли эмаслигини белгиловчи мандат, алоҳида бериладиган нарса. Мандат ëки ваколатнома берилди фалончи пистончига деб алоҳида берилади у. Гувоҳнома шаклида берилмайди лекин.

Озодлик: Эътибор берган бўлсангиз, СССР тарқалгандан кейин айниқса Россияда турли хил гувоҳномаларни сотиш кўпайиб кетган. Қалбаки гувоҳномалар. Москванинг Арбатида картошка сотгандай сотадида. Ҳозир ҳам шунақа бўлса керак. Ўзбекистонда, хусусан Тошкентда шунга ўхшаган гувоҳнома бозори борми?

Руҳиддин Комилов: Бор-йўқлигини билмадиму, лекин ҳозирги ëшларчи Арбатдан ҳам ўтказиб юбораяпти гапнинг очиғи. Бугун ҳам бири келдида “Менга гувоҳнома керак ГАИга кўрсатиш учун. Нима қилсам экан?” дейди. Шунга ўхшаш ҳозир ëшлар, тупроғи енгилроқ баъзи бирларининг. Бундан ҳам баттар қилиши мумкин. Арбатдан ҳам ўтказиб юбориши мумкин. Муҳр ясаш мумкин. Исталган муҳрни ясаш мумкин. Ҳатто президент девонининг ҳам муҳрини ясаш мумкин компютерда ҳозир. Илгари мумкин эмас эди. Ҳозир мумкин. Ҳатто муҳрни ўша шаклга тушириш ҳам мумкинда.

Озодлик: Биз айтаëтган гувоҳнома ҳам шунақа қалбаки бўлиши мумкин. Лекин идора ҳам берган бўлиши мумкин. Қайси бирининг эҳтимоли кучлироқ? Идора берганлик эҳтимоли кучлироқми ëки қалбакилик эҳтимолими?

Руҳиддин Комилов: Энди мен ўша гувоҳномани кўрмадим.

Озодлик: Амали, вазифаси ëзилмаган. Фақат исм-фамилияси ëзилган.

Руҳиддин Комилов: Мисол учун жамоатчи инспектор дейиш мумкин, жамоатчи ходим дейиш мумкин.

Озодлик: Унақа ҳам демаган.

Руҳиддин Комилов: Унда билмадим. Мен бу гувоҳномага таъриф бера олмайман. Тилим лол гапнинг очиғи. Бир нарса дея олмайман гапнинг очиғи.

Тошкентлик адвокат Руҳиддин Комилов эди.

Ўрганаётганимиз гувоҳнома чин ёки қалбаки ҳужжат эканлигига оид ишонса бўладиган (эътибор беринг: ишонса бўладиган, деяпмиз) гапни топганмиз ва уни бироздан сўнг эшитасиз.

Огоҳлантирув

Лекин шу гувоҳнома баҳона тинглаганингиз адвокат билан суҳбатда ҳамда энди тинглайдиганингиз яна бир суҳбатда тилга олинган бир ҳодиса – техника ривожланиб кетиши туфайли кейинги пайтларда сохта ҳужжатлар кўпайиб кетганига эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Сохта ҳужжатдан эҳтиёт бўлинг, демоқчимиз.

Қалбакилик

Навбатдаги суҳбатдошимиз инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромовнинг айтганларини эшитинг.

Суръат Икромов: Қалбаки ҳам бўлиши мумкин у нарсалар. Жуда қалбаки ҳужжатлар кўпайиб кетган ҳозир Ўзбекистонда. Қалбаки муҳр, мана ҳозир кўп нарсалар нима қилинаяпти. Шу уй-жойни бир-биридан олиб қўйиш, бошқа, ҳаммаси кўтарилгандан кейин маълум бўлаяпти масалан нотариус “бу бизнинг муҳр эмас” дейди. Экспертизалар текшираяпти. Битта экспертиза буларнинг печати дейди, бошқа экспертиза чиқаяпти буларникимас деб. Мана шунақа можаролар жуда кўп Ўзбекистонда ҳозир. Товламачилик жуда ривожланиб кетган бу масалада. Шунинг учун аниқ дейиш жуда қийин. Буни экспертизага қўйиш керак бир. Қўлни, муҳрни шахсан ўша одам қўйганми, бошқаси қўйганми. Нимагаки кўп идораларда ҳозир бундай бўлаяпти. Биринчи раҳбари ҳеч қаерга қўл қўймаяпти ëки муҳрини қўймайди. Биринчи муовини қўяди ëки у биринчи муовин ҳам кейинги муовинга юборади. Нимагаки кўпи масъулиятдан ўзини олиб қочаяпти мана шу нарсалар кейин кўтарилиб қолмасин деб. Шунинг учун шунақа жуда нима нарсаларни ўйлаган. Мана биз бериб юбораëтган ҳукмларни кўрсангиз, деярли ҳеч қаерда Бош прокурорнинг ëки вилоят прокурорининг қўли йўқ. Ҳамма жойда биринчи муовиннинг ëки оддий муовиннинг қўли. Бошқалар қўл қўймайди энг юқорида ўтирган. Нимагаки кейин очилиши маълум. Шунинг учун масъулиятдан қочиш мақсадида именно мана шунақа қилишади.

Озодлик: Бу гувоҳноманинг эгаси ҳозир Ўзбекистондан ташқарида. Бизнесидан деярли қуруқ қолган йигит. Лекин Тошкентда ишлаб юрган пайтда қўли узун йугит эди. Шунинг учун бу гувоҳнома қалбаки бўлиш эҳтимоли кўпроқми ëки қўли узун бадавлат йигит бўлгани учун йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи коррупция элементи сифатида чиндан ҳам берган бўлиши мумкинми? Қайси эҳтимол кучлироқ?

Суръат Икромов: Коррупция аломатлари кўринаяпти агар шунақа бўлса.

Манба

Ўрганаётганимиз гувоҳномада уни берган ташкилот “Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ” (Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси) эканлиги қайд этилган.

Шунинг учун тилга олинган бошқарма билан боғландик.

Телефон гўшагини кўтарган ва ўзини таништирмаган ходимга мақсадимизни тушунтирдик.

Узунроқ саволимизнинг охири ва ходимдан эшитганимиз жавоб мана бундай бўлди:

Озодлик: Шунақа гувоҳнома бериладими сизларнинг бошқарма томонидан? А.А.Иноятов имзо чеккан.

Ходим: Бу нечанчи йилда берилаяпти? 2010 йилми?

Озодлик: Сал эскироқ экану лекин барибир қизиқда. Яна бир марта айтаман “йўл ҳаракати хавфсизлигини тарғибот этишда ëрдам кўрсатилсин” деган.

Ходим: Ҳозир бир секунд.

Таъкид

Ходим телефонга қайтиб келгунича, эътиборингизни ҳозиргина эшитганингиз жавобга қаратмоқчиман: ходим саволимизга жавобан “Бундай гувоҳнома бўлиши мумкин эмас”, демади. Аксинча, “Бу нечанчи йили берилаяпти, 2010 йилгача бўлса керак, сроги ўтиб кетганку уни”, деди.

Ходим сўраган бир секунд қарийб бир минутдан ортиқроққа чўзилди. Биз кутавердик. Ходим гўшакни яна кўтарди-да, бундай деди:

Ходим: Ака, бизларга олиб келиб беринг. Уни кўрмасдан айта олмайман. Агар нима бўлса, бизларга жўнатиб юборинг бирортасидан. Бизлар акт қилиб олиб қоламиз.

Озодлик: Шунақа гувоҳнома бериладими ўзи?

Ходим: Бизлар кўрайлик у нарсани. Мен қаердан биламан у фалшивкадир. Ҳеч нарса дея олмайман сизга, деди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими.

Аниқлик

Масалага бироз ойдинлик киргандай бўлди.

Хулосамиз анчайин аниқ бўлиши учун ўрганаётганимиз гувоҳномага ўхшаш ҳужжатларни пойтахт кўчаларида кўриш эҳтимоли катта бўлган йўл ҳаракати инспекторлари билан гаплашишимиз шарт эди.

Бу ишни уддалаб беришни Тошкентда яшовчи мустақил журналист Абдураҳмон Ташановдан илтимос қилдик.

У киши бир неча инспектор билан гаплашгач, мана бу маълумотни бизга айтиб берди:

Абдураҳмон Ташанов: 2011 йилгача бўлган даврда Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ҳеч қанақа ҳуқуқий асосга эга бўлмаган тарзда айрим ҳайдовчиларга "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботчиси" деган гувоҳномалар берилган. Бу гувоҳномалар орқали ҳайдовчилар қоида бузган ҳолларда, бошқада “мен ГАИ ходимларига тегишлиман” деб йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларидан қутулиб кетишган. Бундай нарса кўп бўлиб тарқалиб кетгандан кейин 2011 йилнинг ноябр ойида республика Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан мутлақо бекор қилинган. Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Иноятов томонидан сўнгги марта берилган. Иноятовнинг ўзи ҳозир пенсияда эканлигини айтди. ГАИ ходимларининг айтиши бўйича¸ Иноятовга нисбатан ўз вақтида қанақадир жиноят иши қўзғатилган. Лекин бу жиноят иши кейинчалик ëпилиб, унинг милицияда кўрсатган хизматлари, полковник даражасига эришганлиги инобатга олиниб, пенсияга кузатилган. Ҳозирда Ирисбеков Собир ака деган одам Тошкент шаҳар ИИББнинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига раҳбарлик қилаяпти.

Озодлик: Демак сиз уни ГАИ ходими билан гаплашиб билдингиз.

Абдураҳмон Ташанов: Албатта.

Озодлик: Шундай гувоҳномалар мажвуд бўлган.

Абдураҳмон Ташанов: Шунақа бўлган. Асосан бойваччалар, таниқли одамлар шунақа гувоҳномани олиб, оддий ГАИ инспекторларига бўйсунмасдан ГАИ бошлиқларининг имзоларини кўрсатиб, биз шунга тегишлимиз, тарғиботчисимиз деб суиистеъмол қилиш ҳолатлари кўп бўлган. ГАИ ходими “Шунақа гувоҳномаси бор одамлар бизларни юқорига тегишлимиз, ГАИга тегишлимиз деб менсимай қўйган эди. Қоида бузиш ҳоллари бўлган эди. Шунақа нарсалар кўпайиб кетганлиги учун 2011 йилнинг охирида бекор қилиб ташланди” деб айтди.


Абдураҳмон Ташанов масалани Тошкентда туриб ўрганаётган пайтда биз пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлик хизматининг собиқ инспектори Шерзод билан гаплашдик.

Озодлик: Шунақа гувоҳнома кўрганмисиз?

Инспектор Шерзод: Кўрганман. Анча йил бўлиб кетдида уни кўрганимга. Олдин берилган шунақа одамларга таниш-билишга. "Амалий ëрдам берилсин"¸ деган гувоҳнома бўларди олдин.

Озодлик: Сиз тўхтатсангиз, ҳайдовчи шунақа гувоҳнома кўрсатса, сиз нима қилардингиз?

Инспектор Шерзод: Катталарнинг қўли бўлади амалий ëрдам кўрсатилсин. Ҳар кимга берилмайди у.

Озодлик: Сиз ГАИ ходими сифатида шунақа гувоҳнома қўлингизга тушиб қолса, сизнинг вазифангиз нима эди?

Инспектор Шерзод: Энди у бекор берилмайдику. Шу амалий ëрдам кўрсатардикда.

Озодлик: Амалий ëрдам нимадан иборат бўларди? Шунга қизиқаяпманда.

Инспектор Шерзод: Амалий ëрдам авф этиладида нарушение қилган бўлса. Қоидабузарлик қилган бўлса, кечирилади.

Мана шунақа гаплар.

Бугун ўрганганимиз гувоҳномани эшиттиришимиз бошида чекистларнинг мандатига ўхшатган эдик.

Индульгенция

Собиқ инспекторнинг гапларидан кейин бу ҳужжат чекистнинг мандатидан кўра, Уйғониш даврида Католик черкови томонидан бериш урф бўлган индульгенцияга ўхшаб кетиши аниқ бўлди. Индульгенция уни олган кишининг гуноҳларидан кечилгани тўғрисидаги ҳужжат эди. Индульгенция, тарихчиларнинг айтишича, черковга ёки унинг вакилига тўланган пул эвазига берилар эди.

Бояроқ, Абдураҳмон Ташанов ва ундан кейин собиқ инспектор замонавий индульгенциянинг бундан 2 – 3 йил муқаддам мавжуд бўлганини айтди.
Бироқ, Тошкентдаги яна бир ҳамкоримиз Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг масъул лавозимли ходими билан хос суҳбат чоғида Баҳодир Каримжоновникига ўхшаш гувоҳномалар шу кунда ҳам мавжуд эканлигини аниқлаганини хабар қилди. Уларни олувчилар “дружинниклар”, деб аталармиш.

Хуллас, Кўча Эгасиз қолгани йўқ.

Индульгенция эгаси

Ҳа, айтганча, бир пайтлар А. А. Иноятов берган индульгенциядан фойдаланиб юрган Баҳодир Каримжонов ҳақида икки оғиз эслатма.

Баҳодир Каримжонов Ўзбекистонда энг йирик тадбиркорлардан бири ҳисобланган ва бизнесини шакар савдосидан бошлагани учун “Баҳо Шакар” лақаби билан танилган.

У Coca-Cola маҳсулотлари дистрибуциясини назорат қилиш билан биргаликда пойтахтдаги йирик супермаркетлар тармоғи, хусусий тиббиёт, хусусий таълим соҳаларидаги бизнес фаолияти билан ҳам шуғулланган.

Жорий йил апрели бошида Баҳодир Каримжоновга тегишли Тошкентнинг “Бўстон” маҳалласида жойлашган ҳашаматли уйни “қора ниқоблилар” босган ва тадбиркорнинг уйидаги мол-мулки хатланиб, ота-онаси бошқа жойга кўчирилган эди.

Баҳодир Каримжоновга нисбатан Жиноят Кодексининг “Солиқ тўлашдан бўйин товлаш”, “Мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш” каби жами 7 та моддаси бўйича жиноий иши қўзғатилган.

Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Жиноят ишлари бўйича суди Каримжоновни сиртдан қамоққа олиш тўғрисида ажрим чиқарган ва тадбиркорга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Озодлик манбаларига кўра, асл эгаси Гулнора Каримова бўлган ширкатларга менежерлик қилиб келган Баҳодир Каримжонов жорий йил бошларида Дубайга қочган.