Ўзбекистонда иссиқ туфайли “Тез ёрдам”га мурожаат 30% га кўпайди

Ўзбекистон Республикаси Гидрометорология хизмати сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, Тошкентда 29 июль куни ҳаво ҳарорати +42 даражага, 30 июль куни +43 жорий ойнинг сўнгги кунида +44 даражага кўтарилади.

Бухоро ва Термизда эса, +45 га кўтарилади.

Мутахассислар фикрича, шу кунларда сақланиб турган ҳаво ҳарорати, ёзи одатда ўта иссиқ бўладиган Ўзбекистон учун ҳам, аномалдир.
Врачлар бундай шароитда иссиқдан эҳтиёт бўлишни маслаҳат бермоқда.


Халоскор кондиционер

Тошкентлик пенсионер Шуҳрат ака шу кунларда кондиционер билан жон сақламоқда.

- Бир ҳафтадан бери кондиционерни тунда ҳам ўчирмаяпмиз. Яқинда касалхонадан чиққандим. Энди яна ётаман шекилли.

- Яхши, кондиционерингиз бор экан?

- (кулади) Оливолган эканмиз, Союз пайтида.


"Бугун сал салқинроқ" (?!)

Андижонлик тингловчимиз, 30 яшар Тўлқинбой тошкентлик пенсионер Шуҳрат акадан ёшроқ бўлгани учунми, ҳар қалай, ортиқча ваҳима қилгани йўқ.

- Бугун сал шабада эсиб қолди.

- Кечадан бери бугун сал салқинроқми?

-Ҳа, бугун салқинроқ.

- Ҳар йилгига қарагандачи?

-Бу йил иссиқроқ. Лекин чидаса бўлади.


Гидрометеорология хизматига кўра, Андижонда июлнинг сўнгги 3 кунида ҳарорат бир хил - +42 даражагача кўтарилади.

Худди шундай кўрсаткич Наманган вилоятида ҳам кутилмоқда.

Шошиб қолган "Тез ёрдам"

Вилоятнинг Уйчи тумани “Тез ёрдам” хизмати навбатчисининг айтишича, сўнгги кунлардаги иссиқ туфайли чақирувлар кескин кўпайган.

- 15 – 20 га кўпайди. Бугун эрталабдан бери 3 врач камида 5 тадан визов бажардик.

- Одатда кунига нечта чақирув бўлардию шу кунларда қанчага кўпайди?

- Одатда, ёз ойларида бундай бўлмас эди. Участкамиздаги 3 та машина одатда 10 тадан 30 та ёки 40 та визов бажарса, ҳозир 60 тага чиқиб кетди.

- Қанақа касалликлар билан мурожаат қилишаяпти? Офтоб урганми...

- Қон босими ошиб кетганлар бор, юраги касаллар, ўткир диареялар...


Ташвиш уйғотадиган "стабильность"

Наманган вилоят, Уйчи туманида иссиқ туфайли “Тез ёрдам”га мурожаатлар сони 3 дан 1 ҳиссага кўпайган бир пайтда “Тез ёрдам” хизматининг Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманидаги 1-подстанциясида фавқулоддалик кузатилгани йўқ.

Лекин бу - бир қарашда холос. “Тез ёрдам” навбатчисининг айтишича, одатда, ёзда чақирувлар озаяр эди, лекин бу ёз озаймаяпти:

- Одатда ёзда визовлар камаяр эди. Лекин бу ёз камайгани йўқ. Қишда қандай бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундай. Стабильний турибди.

Биз “Тез ёрдам” врачларидан фавқулодда иссиқдан сақланиш йўлларини сўрадик.

Шифокор маслаҳати: Кўчага чиқманг!

Тошкентлик врач:

- Агар жуда муҳим зарурати бўлсагина чиқишсин кўчага, бўлмаса уйда ўтирган маъқул. Бу иссиқдан нафақат қарилар, ёшлар ҳам лоҳас бўлиб, ёмон бўлаяпти.

- Рўза тутиш масаласида нима дейсиз?

- Буни ҳар ким ўзи ҳал қилади. Лекин давлат ишида бўлса, қийин. Уйда бўлса, шароити бўлса – бошқа гап.


Шифокор маслаҳати: Иссиқда қолган мевани еманг!

Уйчилик врач:

- Бозорда офтобда қолган мевани емаслик керак. Холодильникда совутиб, совуқ сувда ювиб ейиш керак.

- Рўза масаласида нима деган бўлардингиз?

- Рўзадан безовта бўлиб чақирганини ҳали деярли кўрганим йўқ. Бўлди битта, иккита... Масалан, оч қоринга совуқ сув ичиб қўйишади. Албатта, ошқозонда спазм бўладида.

- Райздрав ёки облздравлардан иссиқ муносабати билан сизларга кўрсатмалар келдими?

- Ҳа, айтишди. Аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб бориш кераклигини айтишди. Битта бизга эмас, поликлиникага келганлар орасида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилаяпти.


ФВВ иссиқ билан телефонда курашмоқда

Хабарларга қараганда, аҳоли орасида тушунтириш ишларини нафақат соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, балки Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам олиб бормоқда.

Таҳририяти Ўзбекистонда жойлашган айрим сайтлар хабар қилишича, вазирлик мобил телефонлари орқали тарқатаётган SMS-хабарларда иссиқдан сақланиш йўллари тавсия қилинган.

Вазирликнинг рус тилида тарқатилган SMSларида “иссиқда спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслик, кўпроқ суюқлик ичиш ва мева ейиш, керагидан ортиқ овқат емаслик, қуввати кучли таом емаслик” маслаҳат берилган.

Бироқ бу тавсияномалар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сайтида пайдо бўлмади.