Тошкентдаги АҚШ элчихонасида ўзбек рассомлари Шавкат Музаффар, Ҳусан Содиқов ва америкалик ëзувчи Пол Бенжамин ҳамкорлиги маҳсули бўлган китоб тақдимоти ўтказилди. “Ўзбекистоннинг икки афсонаси” деб аталган бу китобда “Хонатласнинг яралиши” ва “Қирққиз” каби ривоятлар тасвир воситасида ифода қилинган.
Шунингдек, бу китобдан бу икки рассомнинг АҚШга сафари мобайнида яратган қаламтасвир асарлари ҳам ўрин олган.
Ўзбек рассомлари Шавкат Музаффар¸ Ҳусан Содиқов 2012 йилда АҚШ давлат департаментининг “Мустақил ташрифлар” лойиҳаси доирасида Американи зиëрат қилиб расмлар чизиб қайтишган эди.
Бу сафар давомида ва сафар таассуротлари асосида яратилган қирқдан зиëд график расмлар ҳам китоб тақдимоти боис АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида ташкил қилинган кўргазамада намойиш қилинмоқда.
АҚШ элчихонаси кўмагида хозирланган бу китоб Тошкентдаги “Ношир” нашриëтида ўзбек¸ рус ва инглиз тилида чоп қилинган.
АҚШ журналисти ва ўзбек рассомининг ҳамкорлиги
New York Times нашриëтида оммабоп китоблар чиқариб танилган америкалик ëзувчи Пол Бенжамин¸ Тошкентдаги АҚШ элхихонасига ишга тайинланган рафиқаси ҳамроҳлигида Ўзбекистонга келади.Ўзбек рассомлари Шавкат Музаффар¸ Хусан Содиқов ижоди¸ ëзувчи Пол Бенжамин диққатини тортади.
Айни пайтда ëзувчи ўзбек ривоят ва афсоналари билан ҳам қизиқади. Америкалик ëзувчи Пол Бенжамин рассомларни “Хонатласнинг яралиши” ва “Қирққиз” каби ривоятларни расм воситасида тасвирлашни таклиф қилади.
6 авгут куни Тошкентда тақдим қилинган “Ўзбекистоннинг икки афсонаси” китоби икки рассом ва бир ëзувчининг ижодий ҳамкорлиги меваси сифатида кўрилмоқда.
Шу йилнинг май ойида американинг тўрт нафар ёзувчиси: Кристофер Меррилл, Энн Ҳолд, Стефен Куусисто ва Чинело Окпаранта Ўзбекистонга сафар қилган эди.
Ёзувчилар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларини зиёрат қилиш чоғида ўзбек ҳамкасблари ва талабалар билан тажриба алмашгани айтилди.