"Ўзбек оилаларининг аксариятида муҳит шундайки, унда кичкина каттага таъзим қилиб ўсади. Каттанинг ҳар битта айтган гапи кичкина учун қонун ва уни сўзсиз бажариши керак. Диктатура, оиламизда диктатура бор бизнинг"
Бу фикрни "Жамият ва қонун" эшиттириши меҳмонларидан бири билдирди.
Швеция ва Норвегияда яшаётган баъзи ўзбеклар ўз фарзандлари ҳуқуқларини бузгани учун жазолангани тўғрисидаги хабарлар Ўзбекистондаги болалар ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ вазиятга бир назар ташлашимизга туртки берди.
Швецияда яшаётган ўзбекистонлик Раҳматулло Алибоев ижтимоий ҳимоя идоралари тарафидан тортиб олинган 15 яшар ёлғиз ўғли Шохруҳни оиласига қайтариш учун судлашаётгани, Алибоев Швецияда яшаётган ўзбеклар орасида фарзандининг ҳуқуқларини бузган ва шунинг учун жазоланган ягона ота эмаслиги тўғрисида куни кеча хабар берган эдик.
Бу хабар “Жамият ва қонун”нинг бугунги сони мавзуини белгилаб берди ва биз дастлаб вазиятни шарҳлаб беришини сўраб ўзбекистонлик сиёсий муҳожир, Швецияга қўшни давлат – Норвегияда яшайдиган педагог олим Абдулла Абдуқодир ўғлига мурожаат қилдик.
“Норвегияда ҳам бир ўзбекнинг фарзандини давлат олиб қўйган”
Ва кутилмаганда ундан мана бу гапни – ўзи билан битта шаҳарда яшайдиган ватандошининг қизини давлат тортиб олиб қўйганини эшитдик:
- Жуда ювош йигит эди.
Озодлик: Ўзбекистонликми?
- Ўзбекистонлик ўзбек. Боласига сал қўпол муомала қилган. Овозини кўтаргандир балки. Бола арз қилган. Бўлди, шу билан қарор чиқариб, қўшнисига олиб берди. Бўйига етган қиз. “Ундоқ юр, бундоқ юр. Масалан, дискотекага борма, сал андишали бўлиб юргин” дегандир. Ëмонликни раво кўрмайдику ота қизига. Бир бадавлат қўшниси бор экан, ўшанга берибди. Яна бола берилган оилага давлат жуда катта миқдорда пул ажратар экан.
Ўзбекнинг ақлига сиғмайдиган ҳолат
Азиз тингловчи, агар эътибор берган бўлсангиз, Абдулла Абдуқодир ўғли танишининг қизини давлат тортиб олиб қўйиши сабабларини тахмин қилар экан,
“балки дискотекага боришига рухсат бермагандир”, деди.
Худди шунга ўхшаш гапни Швецияга оид кечаги лавҳада шу мамлакатда яшаётган журналист Тўлқин Қораев ҳам айтган эди.
Ўҳҳ-ҳў, дейди бу гапни эшитган ҳар қандай ўзбек.
Ўҳҳ-ҳў, дейди ҳатто либералман, демократман, деб иддао қиладиган ўзбек ҳам.
Ўҳҳ-ҳў, деб ўтиб кетаверамизми ёки ўйлаб кўрадиган нарса борми бу ерда?
Педагог олим Абдулла Абдуқодир ўғлининг фикрича, бор!
Ўша гапни кейинроққа сурамизда, бизни қизиқтириб қолган масала билан боғлиқ Ўзбекистондаги вазиятга бир назар ташлаймиз.
Адвокат: Ўзбекистонда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳолатлари жуда кам
Тошкентлик адвокат Руҳиддин Комиловнинг айтишича, Ўзбекистонда ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилиш тўғрисидаги суд қарорлари жуда кам учрайди. Бундай қарорларга асос бўлувчи сабаблар эса, булардир.
- Ота-она бола тарбияси учун керакли маблағларни ажратмаса, ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этса, бола тарбияси учун керакли моддий ва маънавий шароит яратиб бермаса томонлардан бирининг талабига кўра оталик ҳуқуқидан ëки оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш мумкин.
Озодлик: Ўзбекистонда ота-оналарни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳолатлари қанчалик кўп? Албатта, ҳозир Сиздан бутун республика бўйича статистикани талаб қилмоқчи эмасман. Сизнинг шахсий кузатишларингиз бўйича?
- Кўз тегмасин, бунақа ишларимиз кам. Кам, жуда кам. Йўқ ҳисобда. Ўзингиз биласиз ўзбекчилик. Ота-оналик ҳуқуқи бу даражада бузилишига бориб етишмайди ҳар ҳолда. Камдан кам. Битта айтишим мумкин кечаги ҳолатни. (адвокат айтаётган ҳолатда ота ароқхўрлиги учун оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган – таҳр.) Ота-оналик ҳуқуқини мисол учун буваси билан бувиси ўз зиммасига олаяпти. Яқин ўртада, 5 йилнинг ичида бирор кишининг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш бўйича судга берганини эслай олмайман гапнинг очиғи. Менга биров келганини, даъво ариза ëзиб беринг деганини эслай олмайман, деди адвокат Руҳиддин Комилов эди.
Васийлик... бўлими ходими:
Жиззах вилояти Арнасой туман халқ таълими бўлими Васийлик, ҳомийлик ва фарзандликка олиш бўлимининг ўзини таништиришни истамаган ходими саволларимизга жавоб берар экан, бундай деди:
- Агар ўша ота-она ичкиликка берилган бўлса, зарарли одатлари бўлса (боласи тортиб олинади) Боланинг ўзининг хоҳиши бўладида, бизга керакмас деб бизга кўпроқ шунақа келишадида. Мана яқинда ҳам ўзимизда бўлди. Ота-она бизга керакмас деб ўзлари чиқди. Сабаб кўрсатаяптики, ота-онаси уйга умуман келмаган, ичиб келиб жанжал қилади, урушади. Фақат шунақа ҳолатда тортиб олинади.
Озодлик: Ўзбек оилами бу?
- Ўзбек оила.
Озодлик: Отаси ҳам, онаси ҳам ичарканми?
- Ота-онаси ажрашиб кетишган. Онаси бошқа одам билан турмуш қуриб кетган. Булар ҳозир отасининг ичувчанлигини сабаб кўрсатиб, судга ариза беришди. Биз уни маҳрум қилдик оталик ҳуқуқидан. Болани амакисининг тарбиясига берганмиз, деди арнасойлик мутахассис.
“100 етимдан 51 нафари ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган”
Навбатдаги суҳбатдошимиз - Тошкент вилоятидаги Меҳрибонлик уйларидан бирининг ўзини Валерий Валерьевич, деб таништирган ижтимоий ходими. (“Ижтимоий ходим” - меҳрибонлик уйларидаги лавозимлардан бири)
Валерий Валерьевич ишлайдиган болалар уйида шу кунда 100 нафар бола тарбияланади. Шу 100 боланинг “51 нафари ота-онаси ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилинган ва асосий сабаб уларнинг спиртли ичимликларни суиистеъмол қилгани, натижада болалар тарбиясига эътибор бермай қўйганидир”.
Шундай қилиб, ўрганаётганимиз мавзуга билвосита (адвокат) ва бевосита (Васийлик... бўлими ходими, болалар уйи ижтимоий ходими) алоқадор 3 мутахассиснинг гапларига қараганда, Ўзбекистонда бола ҳуқуқи бузилиши ота-онанинг ичкиликка ружу қўйиши ҳамда бунинг оқибатида бола тарбиясини эътиборсиз қолдиришигина, деб тушунилади.
"Бола ҳуқуқлари конвенцияси"
Аслида эса, бола ҳуқуқи тушунчаси жуда кенг тушунчадирки, бунга Ўзбекистон Республикаси 1992 йил декабрида ратификация қилган “Бола ҳуқуқлари конвенцияси” билан танишган киши иқрор бўлади.
Конвенция билан танишиб чиқишни Сизга тавсия қилиш билан чекланамизда, ҳозир эътиборингизни яна бир суҳбатга бурамиз.
Боланиям ҳуқуқи бўладими?
Суҳбатдошимиз 3 фарзанднинг отаси, Сирдарёдаги ўқув юртларидан бирининг педагоги, 47 яшар Абдурасул Содиқов.
Озодлик: Бола ҳуқуқи деганда сиз нимани тушунасиз?
- Бола ҳуқуқи, деганда, биринчи навбатда, ҳамма қатори боланинг яшаш ҳуқуқи бор, боланинг ўқиш ҳуқуқи бор, болалар боғчасида тарбияланиш ҳуқуқи бор, мактабда ўқиш ҳуқуқи бор, дейман. Кийиш, ейиш-ичиш, булар ҳам ҳуқуққа кирса керак. Шунақа ҳуқуқлар бор. Энди асосийларини санаб ўтдимда...
Озодлик: Сиз ҳам ота, ҳам педагогсиз. Лекин бу масала билан махсус шуғулланмаган бир киши сифатида айтингчи, сизнинг назарингизда бола ҳуқуқлари масаласида Ўзбекистонда, бутун Ўзбекистонни қўяйлик, сиз яшаб турган ҳудудда қандайдир муаммо борми-йўқми?
"Ютуқлар ҳам йўқ эмас"
- Бола ҳуқуқи бўйича муаммолар бор. Мана мисол учун болалар мактабда ўқийди. Ўқиëтган пайтида, энди ўзимнинг болаларим мактабга қатнайди, биламанда, болалар бири қўйиб бири “Дада, бунга пул йиғаяпти мактаб, унга пул йиғаяпти. Пул беринг” деб жуда турли хил нарсаларни, ҳашардан тортиб китоб йиғишгача, синфлардаги турли хил муаммолар бўйича, пул йиғишга боради. Мана шу бола ҳуқуқларининг бузилаëтганлиги. Бола мактабда фақат ўқиши, билим, таълим олиши керак. У ерда иккинчи даражали масалалар билан шуғуллантиришади. Ëки бўлмаса мактабда ҳашар кўп. Ўқувчилар кўпинча илм олмайдида, ўқитувчилар томонидан турли хил ҳашарларга жалб қилинишади. Натижада билим савияси пасаяди. Энди яхши ўтган йили анча ўзгаришлар юз берди. Пахта масаласи. Шу пайтгача бола илм олмасдан, мактабда ўқимасдан пахтага чиқариларди. Энди ўтган йилдан, раҳмат Ўзбекистон ҳукуматига, пахтага чиқармаяпти. Кейинчалик яна давом этсин бу чиқармаслик кампаниябозлик бўлмасдан.
Озодлик: Пахта етиштиришнинг барча босқичларида болалар меҳнатидан фойдаланиш тўхтатилганми ëки фақат теримгагина чиқарилмаяптими?
- Теримга чиқарилмаяпти, лекин ëзги каникулларда болалар чиқади. Энди уни мажбурий чиқараяптими ëки бошқами менга қоронғу, лекин барибир ота-оналари билан болалар чопиққа, яганага энди тирикчилик ўтказиш учун чиқишаяпти. Бу ҳам болалар ҳуқуқининг бузилиши. Бола каникулда фақат дам олиши керак. Саëҳатларга бориши керак, шаҳарларга чиқиши керак. Мана мен битта ўзим неча йилдан бери болаларимни Тошкентга олиб бориб кела олмайман.
Ота-оналар бузмаяптими фарзанди ҳуқуқини?
Озодлик: Ҳозир шу пайтгача айтганингиз бола ҳуқуқининг давлат томонидан ëки давлат тасарруфидаги муассасалар томонидан, ўша муассаса ходимлари томонидан бузилиши эди. Ота-оналар томонидан бола ҳуқуқи бузилиши ҳоллари ҳам кўзга ташланадими?
- Ота-она, биз энди ўзбек менталитети ажойибда, боя айтганимдай боласи каникулга чиқди дегандан фақат тирикчилик ташвишини ўйлаган ота-оналар боласини бозорга арава тортгани чиқаради. Пул топ болам, дейди. Каникулда мол боқтиради. Уч ойлик каникул мол боқиш билан ўтади. Бола уйда китоб ўқиши керак. Уйда ҳам билим олиши керакда. Ота-она шуни назорат қилиши керак. Афсуски бизнинг ўзбек менталитетида бунақа йўқ. Ота-оналар “менинг ëнимда турсин, пул топсин” деб боласининг ҳуқуқларини бузишади. Менимча, шундай.
Озодлик: Мана ҳозир муҳим нуқтага келдик. Сиз ҳам уч фарзанднинг отаси, 47га кирга катта киши, ҳам университетнинг домласи сифатида айтингчи, бола бўш вақтида оилага ëрдам берар экан, мол боқар экан, бозорга тушар экан, бунинг ҳам ëмон томони йўқдай кўринади. Иккинчи томондан унинг ҳуқуқи бузилаяпти деяпмиз. Шу зиддиятни қандай ҳал қилиш керак бўлади?
- Энди бунинг учун ота-оналарнинг авваламбор ўзини маънавий-маърифий тарбияси яхши бўлиши керакда. Давлат бутун жамият муаммоларининг барини ҳал қилишга киришмаса бўлмайди. Чунки турли хил муаммолар ҳаммаси бир-бирига боғланиб келадида. Кейин бола чаласавод бўлиб катта бўлади. Ўқишдан йироқ бўлиб, китоб ўқимасдан катта бўлади. Агар шу масалаларни, масалан давлат дейлик ота-оналар учун иш шароитида яхши шароит яратса, яхши маошлар тўласа, ойликлар берса, ҳаммаси ижобий ҳал қилина борса, бу муаммолар ҳал бўладида. Бола илм олади, компютер ўрганади, дунë эркин мамлакатларда нима воқеалар бўлаëтганлигини билади, ўшаларнинг ëшлари каби замонавий билимлар олишга интилиб, катта бўла бошлайди. Ҳаммаси бир-бирига боғлиқ муаммолар.
Озодлик: Масалага давлатнинг кенг қамровли ëндашуви керак демоқчисизда?
- Шундай демоқчиман. Давлат жуда кенг қамровли режалар тузиб, шу асосда миллатни тафаккур қилдиришни ўйлаб бориши керак. Бўлмаса биз Африканинг қолоқ давлатлари каби қолоқ ëшлар билан ҳеч бир жамиятни ўйламайдиган, давлатни ўйламайдиган ëшлар катта бўлиб бораверади. Охири жоҳилликка борадида, дейди Сирдарёдаги ўқув юртларидан бирининг педагоги, 47 яшар Абдурасул Содиқов.
Гапни Швеция ва Норвегиядаги гаплардан, бу мамлакатлардан бошпана олган ўзбекларнинг баъзилари болалари ҳуқуқларини бузганлиги учун жазоланаётгани, яъни фарзандларини давлат тортиб олаётганидан бошлаган эдик.
“Дискотекага боришга боласига рухсат бермагани учун ҳам тортиб олиши мумкин болани”, деди Норвегияда яшаётган ўзбекистонлик педагог олим Абдулла Абдуқодир ўғли.
Ўҳҳ-ҳў, дейди бу гапни эшитган ҳар қандай ўзбек.
Ўҳҳ-ҳў, дейди ҳатто либералман, демократман, деб иддао қиладиган ўзбек ҳам.
“Демократияни чидаганга чиқарган”
Абдулла Абдуқодир ўғли билан суҳбатимизга қайтамиз.
"Оиламизда диктатура бор бизнинг"
Озодлик: Боя биринчи воқеани айтганингизда “қизига дискотекага боришга рухсат бермагандир” дедингиз. Тўғрими?
- Мен тафсилотини аниқ билмайман, лекин аниғи шуки, олиб қўшнисига берган. Кўпчилик ҳолатларда юз кўрмас, қайта кўрмайдиган жойга бериб юборади. Тополмайди ҳатто боласини.
Озодлик: Швециядаги воқеалардан бири ҳақида гапирар экан ўша ерда яшаëтган журналист Тўлқин Қораев худди шундай гапни айтди. Қизининг дискотекага боришига рухсат бермагани учундир олиб қўйишига сабаб, деди. Бу қарашлари ўта либерал бўлса ҳам лекин анъанавий ўзбек муҳитида тарбияланган одам ақлига сиғдира олмайдиган гап. Сиз ҳам анъанавий ўзбексиз ва айни пайтда педагог олимсиз. Сиз ақлингизга сиғдирасизми шуни?
- Мен айтган гапимни такрор айтмоқчиман. Уларга (қизи тортиб олинган ватанжошига – таҳр.) айтдимки, “Сен нима излаб келдинг бу ерга?”. “Демократия” деди. “Худди мана шу демократияга қарши курашаяпсан сен ҳозир” дедим.
Озодлик: Нима қилиш билан қарши курашаяпти?
- Демократияни танлаб олдингми шунга чидашинг керак энди, дедим. Сабабки, энди биз айниқса мусофир юртдамиз. Бу ернинг қонун-қоидаларига биринчи галда биз бўйсунишга мажбурмиз ва бу табиий. Шундай бўлиши ҳам керак. Исломда ҳам борган жойининг қонун-қоидасига бўйсуниш буюрилади. Энди, мана бизнинг оилада шундай бир муҳит, Ўзбекистон оиласида бундай сиртдан қарасангиз, аксариятида шундай бир муҳитки, кичкина каттага, ўзидан каттага таъзим қилиб ўсади. Унинг ҳар битта айтган гапи кичкина учун қонун ва уни сўзсиз бажариши керак. Диктатура, оиламизда диктатура бор бизнинг. Бу ерда болаларни ëшлигидан эркин қўяди. Таъминоти ҳақида гап йўқ, давлат таъминлаб қўяди керак бўлса. Ҳар қанақасига таъминлаб қўяди. Боланинг эрки заррача бўғилган жойда давлат аралашади ва уни олиб қўяди. Шунинг учун демократиянинг шаклланиши оиладан бошланмас экан биз ўзимиз кимни президент қилиб қўйса ҳам янги Каримов ясаб олишади. Мен шунга аминман. Шунинг учун демак аввало танлашда мен иккиланаман тўғриси. Демократия яхши, биз демократияни маҳкам ушлашимиз керак, шуни танлашимиз керак дейишдан бироз тийиламан. Чунки менталитетимизга тўғри келмайдиган томонлари кўп. Лекин менталитетни маҳкам ушлаб ривожланишдан орқада қолиб кетишни, дунëдан орқада қолиб, диктаторга қул бўлиб юришни ҳам айни вақтда истамайман. Демократияни танлаш туйғуси бироз менда устунроқ.
Швеция билан Норвегия ота-онасини ҳурмат қилмайдиган болалар юртими?
Озодлик: Кечаги хабаримизни эшитган тингловчи, сиз ҳозир айтаëтган гапни эшитган тингловчи, шу эшиттиришимизни эшитаëтган тингловчи - анъанавий ўзбек бирданига бу гапларни эшитиб, яъни қизига дискотекага боришга рухсат этмагани учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиши тўғрисидаги гапларни эшитар экан, бирданига кўз олдига қандайдир бир Швеция дегани, Норвегия дегани тўполон, жиноятчи болалар билан тўлиб кетган юрт бўлиб кўринади. Болалар катталарни мутлақо менсимаëтган, тепкилаб ўтиб кетаëтгандайда. Шунақа ваҳима пайдо бўлади?
- Йўқ, буларнинг ҳаммасининг олди олинган. Мактабда жуда чиройли таълим-тарбия беради. Катта исломий олимнинг шундай бир сўзлари бор: “Мен Европа кофир мамлакатларида юрдим ва ўша ерда исломни кўрдим. Ислом давлатларида, мусулмон давлатларида юрдим. Кездим ҳаммасини. Лекин у ерда исломни кўрмадим” деган. Ана шунинг гапи қанчалик ҳақиқатлигига бу ерда биз ўзимиз нима бўлиб турибмиз. Каттага жуда катта иззат-ҳурматда.
Озодлик: Салом берадими ëшлар?
- Аввал йўл берган, кейин салом берган, ҳурматингизни ниҳоятда жойига қўйган, “фалон жой қаерда?” десангиз, юринг, деб қўлингиздан ушлаб олиб бориб, ишидан қолиб бўлса ҳам олиб бориб, шу ерни кўрсатиб қўйган. Ҳайрон қоласиз уларнинг тарбиясига. Лекин бизда ҳалиги сиқувда ўсган нималарни олиб келиб бу ерга қўйиб юборсангиз, жуда кўп машмаша ортиши, ҳатто ўшандай қизлар кўпи бузилиб кетиши ҳам мумкин. Бу ерда эркин, лекин ўзига жуда пухта.
Озодлик: Энди тузини еяпман, тузлиғига туғурмай деб ўзингизча андиша қилиб мақтамаяпсизми?
- Мутлақо. Мана энди битта мисол. Қўшним кечаси тунда кетаëтган экан. Қўшним, танийман. Тунда кемасида кетаëтган экан. Битта оққушни уриб олган. У майиб бўлган. Хўп битта мусулмон мени шунинг ўрнига қўйса нима бўлади? Кетворсам ачинаман, ҳаром ўлмасин деб сўйиб еб юбораманда нари борса. Мусулмонни, менинг қўлимдан келган иш шу бўлади. У олиб келди шуни. 45 кун гипсда сақлади. Харажатни аягани йўқ. Чиройли қилиб тузатиб, яна олиб бориб сувга қўйиб юбордида, деди педагог олим Абдулла Абдуқодир ўғли эди.
Бугунги мавзуимизни Швецияда яшаётган ўзбекистонлик Раҳматулло Алибоевнинг бошига тушган иш - 15 ёшли яккаю-ягона ўғли Шохруҳни ижтимоий ҳимоя идоралари тортиб олгани тўғрисидаги хабар белгилаб берганини эшиттиришимиз бошида айтган эдик.
Алибоев билан боғландик.
Озодлик: Қанча бўлди давлат болангизни тортиб олиб қўйганига?
- 27 июндан бери.
Озодлик: Қаерда яшаяпти ҳозир?
- Вояга етмаган болалар уйи дейди. Ўша ерда турибди.
Озодлик: Энди нима қилмоқчисиз?
- Ҳозирча янгилик йўқ. Эртага суд қарори чиқиши керак. Қанақа чиқишидан хабарим йўқ. 8 августда суд бўлган. Боланинг ўзи ҳам уйга қайтиш талабини қўйди. Боланинг ҳам адвокати уйга қаттиш талабини қўйди, деди фарзанди ҳуқуқларини топтаганликда Швеция маъмурлари томонидан айбланаётган ўзбекистонлик қочқин Раҳматулло Алибоев.