Харидорсиз қолган Spentex Халқ банкига берилади

Ҳиндистоннинг Spentex Industries ширкатига қарашли Тўйтепадаги корхонаси мулкига кимошди савдосида харидор топилмагач, активларни Ўзбекистон Халқ банки ҳисобига ўтказиш режалаштирилмоқда. Айни пайтда Spentex ширкати Ўзбекистон ҳукуматини халқаро арбитражга бериш тараддудида.


70 миллион долларлик мулк Халқ банкига берилади

Spentex Industries ширкатининг Тошкент вилоятидаги Spentex Toshkent Toytepa корхонасига тегишли 70 миллион АҚШ долларига тенг мулки Ўзбекистон Халқ банки ҳисобига ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон Халқ банкининг Тошкентдаги бош офиси мулозимлари бу маълумотни инкор қилмади. Қўшимча маълумотлар фақат ёзма равишдаги мурожаатдан сўнг берилишини таъкидлашди.

Spentex Industries бошқаруви раиси Мукун Чоудҳури ҳам Озодликка 3 сентябр куни берган интервьюсида ширкатнинг Тўйтепадаги мулки Ўзбекистон Халқ банки тасарруфига ўтказилаётганини тасдиқлади.

- Ҳа, бу тўғри. Биздаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати шундай қарор қилган,- дейди Чудҳари.

Spentex Toshkent Toytepa Тошкент вилояти хўжалик судининг жорий йил 28 май кунги қарорига кўра банкрот, деб эълон қилинди ва корхона мулки кимошди савдосига қўйилди.

17 июн куни ўтказилган кимошди савдосида Spentexнинг Тўйтепадаги мулкининг бошланғич нархи 142,92 миллиард сўм (қарийб 70 миллион АҚШ доллари) қилиб белгиланди. Бироқ инвесторлар тарафидан бу мулкка қизиқиш бўлмади.

Spentex Ўзбекистон ҳукуматини судга бермоқчи

Ўзбекистонга сармоя ётқизганидан афсусланиши ҳақида гапирган Мукун Чоудҳурига кўра, Тўйтепадаги корхона “тортиб олиниши” натижасида 100 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўрилган. Чоудҳури бу маблағни қайтариб олиш учун Ўзбекистон ҳукуматини халқаро судга тортиш режасида қаътий эканликларини айтади.

- Бу билвосита ҳукумат томонидан ноқонуний экспроприациядир. Шуни айтишимиз керакки, биз Ўзбекистон ҳукумати устидан шикоят билан халқаро судга мурожаат қилмоқчимиз. Чунки улар бизнинг мулкимизни мажбурий равишда тортиб олишди. Улар биз билан имзолаган ҳамма шартномаларни бузишди. Улар инвестиция ҳақидаги келишувни бузишди ва мулкимизни олиб қўйишди. Шу сабабли биз Ўзбекистон ҳукуматига қарши халқаро судга мурожаат қилмоқчимиз,- дейди Spentex Industries бошқаруви раиси Мукун Чоудҳури.

Тошкент вилояти хўжалик судининг қарорига кўра, Spentex Toshkent To’ytepa ўз зиммасига олган молиявий мажбуриятларни тўлиқ бажармаган. Жумладан, 2010 йил учун режалаштирилган 34 минг 600 тонна ип-газлама маҳсулотлари етказиб берилмагани, маҳсулотлар экспортидан келиши кўзланган 78 миллион АҚШ долларига тенг даромад ҳам олинмагани ҳукумат қарорида айтилган.

Бир объектга иккинчи бор эга чиқаётган Халқ банки

Spentex Toshkent Toytepa етти йил аввал Жанубий Кореянинг Kabool textiles корхонаси ўрнида тўлалигача ҳинд сармоядорлари ҳисобидан ташкил қилинган эди.

Жанубий Кореяга қарашли Kabool textiles корхонаси ҳам 2006 йилда банкрот, деб эълон қилиниб, корхона активлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан тортиб олинган эди.

Kabool textiles мулки ҳам Ўзбекистон Халқ банки ҳисобига ўтказилган ва банк ўша мулкни ҳиндистонликларга 81 миллион АҚШ долларига пуллаган эди. Эндиликда эса Халқ банки иккинчи бор ушбу объектнинг эгасига айланади.

Spentex Industries Ўзбекистон ҳукуматини халқаро арбитражга бераётган ягона хорижий ширкат эмас.

Россиянинг МТС уяли телефон ширкати ҳам ўзбек ҳукуматига қарши халқаро арбитражга даъво киритган.

Шунингдек, Британиянинг Oxus Gold олтин қазиб олувчи ширкати "Амантайтау Голдфилдс" қўшма корхонаси ва Ҳандиза конларига ётқизган инвестициялари Ўзбекистонда экспроприация қилингани юзасидан даъволарини халқаро арбитраж судига тақдим этган.