Сурия танлови

Санкт Петербургда Катта Йигирмалик саммити доирасида кечки овқат пайти бўлиб ўтган муҳокамаларда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари Сурияда рўй бергани иддао қилинаётган кимёвий ҳужумга қандай жавоб қайтариш борасида муросага кела олмади.
Кремл матбуот котиби Дмитирий Песковнинг айтишича, дунёнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланган энг йирик 20 давлати раҳбари мазкур масала бўйича “деярли теппа-тенг” икки лагерга бўлинган.

АҚШ Президенти Барак Обама 21 август кунги 1400дан ортиқ одам ҳалок бўлган кимёвий ҳужум учун масъул деб кўрилаётган Сурия ҳукуматини жазолаш учун ҳарбий зарба беришга чақирмоқда.

Оқ уй вакилларига кўра, ўз халқига қарши заҳарли газ қўллаш орқали Асад режими ҳаддан ошиб¸ "қизил чизиқ"ни ҳатлаб ўтди ва бундай режим ҳатти- ҳаракатини тўхтатиш эҳтиëжи туғилди.

Айни пайтда Россия ва Хитой кимёвий қурол Ассадга содиқ кучлар томонидан қўлланилганига шубҳа билдирмоқда.

Россия матбуоти "Суриядаги муаммолар унинг ички иши ва унга ташқи аралашув лозим эмас", деган фикрни омма зеҳниятида шакллантирмоқда.

Россия аҳборот воситалари таъсирида бўлган ўзбекистонликлар зеҳниятида ҳам “Уришқоқ америка”¸”Бечора Башар Ассадни ҳақсиз тарзда ” тахтдан ағдармоқчи деган фикр парваришланмоқда.

Бир ҳукмдор ўз халқига ҳаддан зиëд зулм қилар экан¸бу зулм ташқи кучлар тарафидан тўхтатилиши керакми?

Мустабидга қарши курашаëтган мухолифат қўллаб қувватланиши керакми?
Биз бу саволлар жавобини Қурултой дастурида қидирдик.

Аввалига Сурия низоси ҳақида кичик бир билги бериб ўтсак.

Сурияда Асад режимига қарши илк қўзғалиш “араб баҳори”дан илҳомланган кучлар тарафидан 2011 йилда бошлангани айтилади.

Бу норозилик уруғлари ижтимоий ҳақсизлик ҳукм сурган заминда тез илдиз ота бошлади.

2006 йилдан бошлаб бутун мамлакатни қамраган қурғоқчилик оқибатида далалардаги ҳосилнинг 75 фоизи нобуд бўлгани ва чорва молларининг 85 фоизи ҳаром ўлгани айтилди.

2010 йилда Қизил ҳоч ва БМТ Сурияда бир миллион киши очлик исканжасида эканидан бонг урди.

2011 йилда қурғоқчилик боис ҳонавайрон бўлган 200 минг киши Сурия исëнига бешик бўлган Ҳалаб (Алеппо) вилоятига қочиб келади. Ҳалаб вилояти бундан ташқари ироқлик қочқинлар билан тўла эди.

Иқтисодий муаммоларга ижтимоий адолатсизлик илова бўлгани боис “араб баҳори”дан илҳомланган сурияликлар 2011 йилнинг бошида илк намойишни ўтказишади.

Аммо бу намойиш танклар билан шафқатсиз бостирилади.

Бу низо фуқаролар урушига айланиб, бутун мамлакатни қамради.

Мамлакатда илгаридан мавжуд алавийлар ва суннийлар ўртасидаги¸пойтахт ва музофотлар орасидаги келишмовчиликлар ҳам уруш оловига мой бўлиб пуркалди.

“Фронт Ан-Нусра”ва “Ал-Қоида” каби АҚШнинг террорчилар рўйхатига кирган ташкилот жангариларнинг ҳам Ассад режимига қарши курашаëтганлар сафида экани айтиб келинади.

Айни ҳолат Ассад режимидан кейин ҳукуматга келадиган иқтидордаги кучнинг демократия байроқдори бўлишига шубҳаланувчилар сонини кўпайтирган.

БМТ эълон қилган ва аниқ бўлмаган маълумотларга қараганда¸30 ойдан бери давом этаëтган Сурия бўҳронида 100 мингдан зиëд одам ўлдирилди.

Ўлдирилганлардан 1500 нафарга яқини чет эл фуқароларидир¸ улар орасида ўнлаб журналистлар бор.

2 миллиондан зиëд суриялик мамлакатдан қочиб кетди.

Мамлакат чегараларидаги отишмаларда Ироқ¸ Ливан¸ Туркия ва Иордания аскарлари ўлдирилди.

2013 йил ëз охирида Сурия мухолифати ҳукумат кучлари Дамашқ яқинида исёнчиларга қарши кимёвий қурол қўллагани оқибатида юзлаб одам нобуд бўлганини билдирди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Қурултой: Сурия танлови